Ўзбекистон | 20:51
2060
10 дақиқада ўқилади

Наркотиклар айланмасига мансабдорлар ҳомийлик қилаётган ҳолатлар жуда кўп — Равшан Маматов

Участкавой хизмат уйида нарколаборатория ташкил қилгани каби ҳолатлар, ишонинглар, жуда кўп, деди Наркотикларни назорат қилиш маркази директори. Унинг айтишича, наркотиклар айланмасига мансабдорлар ҳомийлик қилаётган ва бу билан уларнинг фарзандлари шуғулланаётган кўплаб ҳолатлар қайд этилган. Маматов, шунингдек, мусодара қилинган синтетик наркотиклар 5 йил ичида 80 бараварга ошганини айтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилади. Тегишли қонун лойиҳаси 17 декабр куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси юзасидан депутатларга Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов маъруза қилди. Ҳужжат ўтган ойдаги президент фармони асосида ишлаб чиқилган.

Кўзёш қиладиган масала”

Равшан Маматов нутқини ҳазил билан бошлади, шу билан бирга, маърузаси ҳазиллашадиган мавзуда эмаслигини қўшимча қилди.

Бу улуғ даргоҳда маъруза қилиш мен учун жуда катта шараф ва масъулият. Шу билан бирга, биринчи марта бўлгани учун озгина ҳаяжондаман, афв этасизлар. Ўзимни имтиҳонга келган талабадек ҳис қиляпман. Битта умидим бор: охирида “икки” қўйиб чиқариб юбормасаларинг бўлди.

Ҳурматли спикер, нутқ маданияти бўйича устозлар доим айтишган: маърузангни ҳазилдан бошласанг яхши бўлади деб. Лекин афсуски, бугунги масала, сизларнинг ҳукмларингизга олиб чиқилаётган ҳужжат ҳазилни кўтарадиган даражада эмас. Ҳазил уёқда турсин, кўзёш қиладиган даражадаги масала”, – деди у.

Ривожланган давлатлар ҳарбий куч ишлатишга мажбур бўлмоқда

Миллий марказ директори қонун лойиҳасининг тафсилотларига ўтишдан олдин, АҚШ, Европа ва Бразилиядаги наркожиноятлар билан боғлиқ жорий вазиятга эътибор қаратди.

АҚШ – дунёнинг геосиёсий, геоиқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан дунёнинг энг қудратли мамлакатларидан бири – наркотикларнинг ноқонуний муомаласидан азият чекаётган энг катта давлат. Кўз олдиларингга келтиринглар: ҳар йили АҚШда 100 минг одам синтетик наркотиклардан заҳарланиш (“передоз”) билан ўлади. Ҳар йили. Кейинги йилларда коалиция тузиб, сиёсатини кучайтиришди, бу йил 70 минггача туширишди. 70 минг – битта шаҳарчанинг аҳолиси бир йилда ўлиб кетяпти.

Доналд Трамп ҳукуматга келганидан кейин наркотерроризм деган иборани киритди. Куни кеча, кўрган бўлсаларингиз, янги фармонга қўл қўйди: фентанилни – АҚШда энг кенг тарқалган синтетик наркотик – оммавий қирғин қуроли сифатида тан олди. АҚШга наркотик асосан Лотин Америкасидан: Мексика, Венесуэладан келади, [Трамп] уларга қарши ҳарбий амалиётни йўлга қўйди. Инсон ҳуқуқлари бўйича кўп гап-сўзлар кўтариляпти, шунга қарамай, ҳарбий кучлар билан моторли қайиқларни ичидаги одами билан йўқотиб юборяпти. Ҳеч қанақа судсиз, текширувсиз. Демак, таҳдид шунақа даражада. Америка шунчалик азият чекаётган бўлса, қолган кичкина мамлакатларни кўз олдингизга келтиринглар.

Иккинчи мисолим – Белгия. Бу ултра-либерал мамлакат ҳисобланади. Европанинг пойтахти. Кеча Euronews'да кўрган бўлсаларингиз, Белгиянинг наркотиклар бўйича комиссари интервюсида айтяпти: биз Брюссел шаҳрига (Европанинг пойтахтига!) ҳарбий кучларни киритишга мажбур бўляпмиз, чунки наркотиклар билан боғлиқ зўравонлик босиб кетяпти. Ўлдиришлар, наркотик билан боғлиқ уюшган жиноий гуруҳлар демократик, либерал мамлакатни шунақа аҳволга келтириб қўйдики, ҳарбий кучларни қўллашга мажбур бўлишяпти.

Учинчи мисол – БРИКС аъзоси, катта йигирматаликка кирадиган Бразилия. Хабарларингиз бор, бир ой ҳам бўлгани йўқ, Рио-де-Жанейро шаҳрида наркокартелларга қарши яна ҳарбийларини ишга солди. Бошқа иложи йўқлигидан”, – деди масъул.

Синтетик наркотиклар мусодараси 5 йил ичида 80 бараварга ошди

Равшан Маматов сўзининг давомида Марказий Осиё ва Ўзбекистондаги нарковазиятга тўхталди.

Энди, Марказий Осиёни таҳлил қилганимизда ҳам, аҳвол анча оғир. Биринчи навбатда, албатта, географик жойлашувимиз, қўшниларимиз... Транзит йўлларидан биттаси Марказий Осиёдан ўтиши... Ҳар йили фоизларда эмас, керак бўлса бараварларда ошяпти.

Ўзбекистонга келайлик. 5 йил ичида республикамизда аниқланган наркожиноятлар сони 2 бараварга ошган. Жиноий ишлар доирасида мусодара қилинган ёки ноқонуний муомаладан олиб қолинган гиёҳванд воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар 67 фоизга ошган.

Энг ачинарли рақам – синтетик наркотиклар билан боғлиқ. Анъанавий наркотиклар – гашиш, героин, марихуана, опий кабилар. Лекин ҳозир синтетик наркотик воситалари бутун дунёда бозорларни шунақанги эгаллаб оляпти, жумладан Ўзбекистонда ҳам. 5 йил ичида Ўзбекистонда синтетик наркотиклар мусодараси 80 бараварга ошди. Бу – қўлга олингани холос. Асл ҳолат қанақалигини... фақат прогноз қилиш мумкин холос.

Ҳозир кучишлатар тузилмаларимиз яхши ишлаётгани учун наркотик воситаларни контрабанда қилишдан кўра, прекурсорларини олиб келиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш кучайяпти. Яъни у кимёвий модда – қонуний тарзда олиб келади... Яқинда сизларга кейинги қонунимизни киритамиз: шу прекурсорларни ҳам назоратга олишга ёрдам бермасаларинг, бошқа иложи йўқ, бўлмаса пандемия бўламиз.

Ўтган йили 5 та нарколаборатория аниқланган бўлса, бу йилнинг ўзида 13 та бўлди. Ваҳима қиляпти деманглар. Бир девор қўшниларимиз билан солиштирганда аҳвол ҳали аянчли эмас. Масалан, Қозоғистонда ўтган йилнинг ўзида 70 га яқин нарколаборатория аниқланди – уларда аҳвол бизникидан анча оғир”, – деди у.

Жиноят кодексига қўшимчалар

Қонун лойиҳасида наркожиноятларнинг янгича усул ва шакллари ҳамда уюшганлик даражасидан келиб чиқиб, янги жавобгарлик нормалари кўзда тутилган.

Учта янги нормани киритмоқчимиз. Жумладан, наркожиноий уюшма ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш. Бу бандимиз баҳсларга сабаб бўлди. Ўйлайманки, ҳурматли депутатлар, сизлар билан бунинг охирига етамиз.

Кейинги таклифимиз: наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳокимият, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳомийлик ёки раҳнамолик қилиш ёки бундай жиноятлар фош бўлишининг олдини олиш мақсадида хабар бериш. Санкциясида 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этиляпти.

Битта нарсани айтиб ўтай. Жорий йилнинг январ ойида қўшни Қозоғистонда мансабдор шахсларнинг [наркотиклар айланмасига] ҳомийлик қилиши умрбод қамоқ жазосига тортадиган қонунни қабул қилишди. Биз умрбодгача олиб бормаяпмиз, ҳеч бўлмаса 20 йилгача рухсат берсаларингиз... Чунки амалиётда кўп учраяпти. Хабарларингиз бўлса ҳам керак, яқинда участка инспектори ўзининг хонадонида нарколаборатория ташкил қилгани ҳақида хабарлар кетди ОАВда. Ҳозир тергов давом этяпти.

Бундай ҳолатлар, ишонинглар, жуда кўп. Мансабдорлар ҳомийлик қилаётган, ёрдам бераётган, фарзандлари шуғулланаётгани ҳақида хабарларимиз кўп. Бу [модда]ни менимча киритмасак бўлмайди.

Кейингиси: ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш ва унинг фаолият юритишини таъминлаш. Афсуски, Жиноят кодексимизда нарколаборатория деган терминнинг ўзи йўқ экан. Шунга яраша, жавобгарлик ҳам йўқ. Буни киритмасак бўлмайди, менимча”, – деди Равшан Маматов.

Рецидивистлар учун жавобгарлик оғирлашади

Жиноятлар қайта содир этилишининг олдини олиш мақсадида, ўта оғир турдаги айрим наркожиноятлар учун жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартибини қўлламаслик таклиф этиляпти.

Таҳлил қилганимизда, шу пайтгача ўртача 7 йиллик жазо олишган бўлса, 3-4 йилда чиқишаётганди. Қайтиб чиқиб, яна наркожиноят содир этганларнинг сони охирги 4 йилда 125 фоизга, яъни икки баравардан кўпроққа ошди”, – дея изоҳлади миллий марказ раҳбари.

Шунингдек, наркотикларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп миқдорда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни ноқонуний равишда ҳар қандай усулда ўтказиш учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутиляпти. Амалда – 5 йилдан 20 йилгача белгиланган.

Ёшлар ва кучли таъсир қилувчи моддалар

Қонун лойиҳаси билан, кучли таъсир қилувчи моддалар (прегабалин, тропикамид, сибутрамин кабилар)ни кўп миқдорда контрабанда қилганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланяпти. Амалдаги кодексда бунинг учун 5 йилдан 10 йилгача жазо кўзда тутилган.

Кучли таъсир қилувчи моддаларни таълим ташкилотларида, озодликдан маҳрум қилиш жойларида, интернет тармоғидан фойдаланиб, хавфли ёки ўта хавфли рецидивист томонидан муомалага киритилган ҳолатлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланяпти. Амалда – 3 йилдан 5 йилгача.

Бундан ташқари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳлари ва таълим ташкилотларига туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмоқда. Амалдаги жазо – 3 йилдан 5 йилгача.

Талабалар ўртасида, ҳатто мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам қўлга тушаётганлар сони йилдан йилга ошяпти. Сон жиҳатдан ваҳима қиладиган даражада эмасдир, лекин ўсиш фоизлари – тенденция чатоқ. Шунинг учун ёшлар билан боғлиқ объектларда қилинаётган жиноятларга жавобгарликни кучайтиришимиз лозим”, – деди Равшан Маматов.

Маъмурий кодексга ўзгаришлар

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни жамоат жойларида истеъмол қилганлик учун жавобгарлик киритиш ҳам таклиф этилмоқда. Санкцияси – 15 суткагача маъмурий қамоқ.

Спиртли ичимлик ичганига, машинани тўхтатганида “ГАИ”дагилар текшириб, маъмурий жазога тортишга ҳақли. Лекин наркотикларга нисбатан, афсуски, йўқ. Рулда қўлга тушаётган кашандаларимиз ҳам амалиётда етарли бўляпти”, – деди маърузачи.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда қабул қилинган президент фармони билан, ҳозирда Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази негизида Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ташкил этилмоқда.

Мавзуга оид