Ўзбекистон | 18:06 / 05.06.2024
10972
2 дақиқада ўқилади

Фирдавс Абдухолиқов Кинематография агентлиги раҳбарлигидан кетди

У бошқа лавозимга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод этилган.

Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов вазифасидан озод этилди. Бу маълумотни Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси тасдиқлади.

Абдухолиқов энди Ислом цивилизацияси марказига директор бўлиши кутилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Шоисламович Миноваров лавозимидан озод этилган.

Кинематография агентлигига эса ёзувчи Шуҳрат Ризаев вақтинча раҳбар вазифасини бажарувчи бўлган. У 2017 йил августидан буён агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Ўзбекистондаги дастлабки хусусий телеканаллардан бири — «СТВ» ва илк нодавлат газеталардан бири — «Даракчи»га асос солган Фирдавс Абдухолиқов 2003 йилдан Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилган. 2019 йил сентябрида эса Кинематография агентлиги (ўша вақтда «Ўзбеккино») директори этиб тайинланганди.

2020 йил апрелида 100 дан ортиқ киноижодкор Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилган эди. Мурожаатчилар Фирдавс Абдухолиқов кинематография соҳасини ривожланиш бўйича комплекс ёндашув ва концептуал қарорларни қабул қилиш ўрнига соҳани ривожлантиришга мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилганидан норози бўлишганди.

Абдухолиқов 2022 йилда ўзининг оила аъзоларига тегишли телеканалга миллий сериал ишлаш учун давлат субсидиясини бергани бўйича коррупцион можаро марказида турганди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил мартида МТРКнинг узоқ йиллик раҳбари Алишер Хўжаев Кинематография агентлиги директори ўринбосари этиб тайинланганди.

Мавзуга оид