Жамият | 16:10 / 12.09.2019
50744
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккино»да раҳбар ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарорига биноан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори этиб тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Фирдавс Абдухолиқов

У бу лавозимда 2017 йилнинг августидан буён «Ўзбеккино»га раҳбарлик қилиб келган Фурқат Зокиров ўрнини эгаллади.

Айни вақтда 56 ёшда бўлган Фирдавс Абдухолиқов 1992—1995 йилларда Ўзбекистондаги дастлабки хусусий телеканаллардан бири — «СТВ» ва илк нодавлат газеталардан бири — «Даракчи»га асос солган. 2003 йилдан Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилиб келади.

Фирдавс Абдухолиқов қатор ҳужжатли фильмларга продюсерлик қилган. Унинг раҳбарлигида ЎзЭОАВМА томонидан Россия телеканаллари билан ҳамкорликда «Ўзбекистон – қумликлар жавоҳири», «Қорақалпоғистон вақт қумликлари оралаб», «Ўзбекистон. Қўлга киритилган кашфиётлар», «Нукус. Номаълум коллекция» сингари ҳужжатли фильмлар суратга олинган. 

Шунингдек, Фирдавс Абдухолиқов BBC, EURONEWS, CNBC  ва бошқа бир қатор хорижий компаниялар билан биргаликда кўплаб медиалойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Яқинда эфирга узатилган «Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар» ҳужжатли фильми шулар жумласидан.

Фирдавс Абдухолиқов шунингдек, 2018 йилда Санкт-Петербургда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси доирасида ўтказилган II Халқаро конгрессда 300дан ортиқ жаҳон олимлари ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси ҳисобланади.

Мавзуга оид