Жаҳон | 17:13 / 16.10.2025
6710
3 дақиқада ўқилади

Россия Одессани олиш мақсадида собитми?

Украинани Қора денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум қилиш Россиянинг мақсадларидан бири сифатида кўрилади. Урушнинг айни шу палласига келиб рус армиясининг Одессани эгаллаш ва Украинани денгиздан узиб қўйиш режаси ҳали ҳам актуалми? Kun.uz студиясида таҳлилчилар Абдували Сойибназаров ва Шуҳрат Расул бу борада турлича фикрда эканини билдирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абдували Сойибназаров: Ғарб нашрларига сиздирилган маълумотларга кўра, Россия Одесса ва Николаевни эгаллаш мақсадидан воз кечмаган. Донбасс тўлиқ эгалланган тақдирда ҳам, бу Қримга нисбатан хавф ариди ёки Украинанинг имкониятлари қирқилди деган маънони англатмайди. Шунинг учун менинг назаримда Россия бир неча йиллик, ҳатто ўн йиллаб давом этиши мумкин бўлган урушга тайёр, мақсад эса Украина портларини эгаллаш ва уни Қора денгизга чиқиш имкониятидан маҳрум қилишдир.

Аммо Россияда бу имконият кейинчалик пайдо бўладими ёки йўқми, бу менга қоронғи. Ғарб разведкаси ҳозир айтяптики, Россия 50 мингдан 500 минггача бўлган ҳарбийларни тайёргарликдан ўтказаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Россиянинг асосий мақсади Одесса, Николаев ва Харкивни назоратга олиш экани ҳам яширилмаяпти. Ҳатто ҳозирги хариталарда ҳам Харкив, Николаев ва Одесса Россиянинг ҳудуди сифатида кўрсатилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Айнан ҳозир Россия армиясида Донбассни қўлга киритиш имконияти йўқ. Лекин узоқ муддатли мақсад ва тайёргарлик бор. Чунки Донбассни эгаллаш Россия учун янги имкониятларни очади. Улар айтяптики, биз урушни хоҳлаганча, ҳатто 20 йил ёки 30 йил бўлсин, давом эттиришимиз мумкин. Уларнинг иқтисодий имкониятлари бунга етади, масалан, йиллик уруш харажатлари бюджетнинг тахминан 5–7 фоизига тенг бўляпти. Лекин Украинада бундай имкониятлар бўладими ёки йўқми, Ғарб дунёси Украинани яна қанча қўллаб-қувватлайди, бу жуда қоронғи савол ҳисобланади.

Шуҳрат Расул: Менимча, фаол уруш ҳаракатлари катта эҳтимоллик билан узоғи бир йилда якунланади. Россия иқтисодий танг аҳволда. Абдували ака айтган ўн йиллик уруш потенциали Россияда умуман йўқ. Путиннинг биринчи таклифи айнан урушни музлатишга қаратилган эди: “Донбассни тўлиқ бизга берасиз, биз эса компенсация сифатида Харкив ва Суми вилоятларидаги озгина ҳудудларни берамиз, яъни алмаштирамиз”, деган эди. Лекин Харкив, Суми ва Днепропетровск вилоятларида Россия катта ҳудудларни эгаллай олмади.

Ҳисоб-китобларга кўра, Россия ҳозирги суръатда давом этса, 2029 йилга борибгина Донбассни тўлиқ эгаллай олади. Одессани босиб олиш эса, 2190 йилларга қолса керак.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид