Прописка тизими рақамлаштирилади
2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида «ягона дарча» тамойили асосида прописка тизимини рақамлаштириш кўзда тутилмоқда. Бу – президент Шавкат Мирзиёев томонидан 21 апрель куни имзоланган фармонда акс этган.
Фармон билан 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларда «ягона дарча» тамойили асосида прописка тизимини рақамлаштириш кўзда тутилмоқда.
Унга кўра Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳаракатларни идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «Ягона дарча» тамойили асосида «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга ошириш белгиланмоқда.
Масъул идораларга рўйхатга олиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни рақамлаштириш, электрон базаларни яратиш ва уларни «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими билан интеграция қилиш бўйича қатор топшириқлар берилмоқда. Масалан:
– жазони ижро этиш муассасасидан озод қилингани тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш;
– фуқаронинг ҳарбий ҳисобга онлайн тарзда қабул қилиш ва чиқариш тизимини жорий этиш;
– васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базасини яратиш.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатда туриш тартибини ички ишлар органларига бормасдан туриб, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш механизми жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, аризачи ўзига қулай ва яқин бўлган ички ишлар органига бориб, шу куннинг ўзида доимий рўйхатни расмийлаштириш имконияти яратилмоқда.
Бунинг натижасида ўртача 3 кун вақт талаб қиладиган ҳужжатларни йиғиш ва идоралар ўртасидаги оворагарчиликларга барҳам берилади. «Ягона дарча» тамойилининг киритилиши натижасида ички ишлар органларига 1 марта (олдин 2 марта) борилади, мудофаа (олдин 2 марта) ҳамда кадастр (олдин 1 марта) бўлимларига боришга эса умуман зарурат бўлмайди. Рўйхатга олишнинг электрон тизими яратилади ва идораларнинг тегишли электрон базалари шаклланади.
Мавзуга оид
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
11:23 / 11.03.2024
Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин
14:36 / 04.07.2023
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонунни бекор қилиш лойиҳаси парламентга ҳали киритилмаган
19:39 / 08.05.2023