15:22 / 19.04.2020
48991

«Кўп болали оила» тушунчасига аниқлик киритилади

Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган тўрт ва ундан зиёд болали оилалар – кўп болали оилалар деб белгиланиши мумкин. Тегишли қонун лойиҳалари муҳокамага қўйилди.

Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Оила кодекси янги 4-1-модда (Кўп болали оилаларнинг ижтимоий муҳофаза қилиниши) билан тўлдирилиши кутилмоқда. Унга кўра, ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган 18 ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланади.

Шунингдек, давлат кўп болали оилаларга қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 436-моддаси биринчи қисмининг 5-бандидаги «16 ёшга тўлмаган бешта» деган сўзлар «18 ёшга тўлмаган тўртта» деган сўзлар билан алмаштирилиши назарда тутилган.

Кодекснинг бу моддасида жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёзлар назарда тутилган бўлиб, унинг биринчи қисмида ер солиғидан озод қилинган тоифалар белгиланган. Амалдаги кодекснинг 5-бандида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар назарда тутилган бўлиб, унга кўра, ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада 16 ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар – солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар деб ҳисобланади.

Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексида ҳам кўп болали оила тушунчасига ўзгартириш киритилиши мумкин.

Айнан кўп болали оила тушунчасини белгилаш билан боғлиқ яна бир ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи Қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 28 июндаги 325-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси коммунал уй-жой фонди тўғрисидаги низомнинг 1-иловаси (Жон бошига ўртача ойлик даромади энг кам иш ҳақидан паст бўлган тақдирда ижарага олиш шартномаси бўйича коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар тоифаларининг рўйхати) 4-бандидаги «16 ёшгача 7 ва ундан зиёд» сўзларини «Ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт ва ундан зиёд» сўзлари билан алмаштириш.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентининг 18-банди (анкеталари имтиёзли рўйхатга киритиладиган болалар) учинчи хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён этиш:

«ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт нафар ёки ундан кўп болалари бўлган кўп болали оилаларнинг болалари;».

Ушбу хатбошининг амалдаги таҳририда уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари кўрсатилган.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарори билан тасдиқланган Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди (комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда уй-жойга муҳтож хотин-қизларни аниқлашнинг ижтимоий мезонлари) «в» кичик бандидаги «уч ва ундан ортиқ» сўзларини «ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ» сўзлари билан алмаштириш. Яъни, ҳозирча «в» бандда кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ) мезони кўрсатилган.

4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 февралдаги 170-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-банди (аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар) «г» кичик бандидаги «16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд» сўзларини «ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт нафар ва ундан зиёд» сўзлари билан алмаштириш. Ҳозирча, «г» кичик бандда 16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган кўп болали оилалар назарда тутилган.

5. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 мартдаги 257-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-банди «а» кичик бандини қуйидаги таҳрирда баён этиш.

«а) ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ болаларнинг мавжудлиги);».

Амалдаги низомнинг 9-бандида Ёшлар масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳудудий идоралараро кенгаши томонидан рағбатлантириладиган ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини аниқлашда эътибор қаратиладиган ижтимоий мезонлар саналган бўлиб, унинг «а» кичик бандида ўқувчининг кўп болали оиладан эканлиги (оилада уч ва ундан ортиқ бола мавжудлиги) мезони белгиланган.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги 39-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 10-банди «в» кичик бандидаги «уч ва ундан ортиқ» сўзларини «ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ» сўзлари билан алмаштириш.

Ҳозирда бу низомнинг 10-бандида талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини аниқлашдаги ижтимоий мезонлар келтирилган бўлиб, банднинг амалдаги «в» кичик бандида кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ) мезони кўрсатилган.

Умумий қилиб айтганда, қарор лойиҳаси ҳукумат қарорларида назарда тутилган кўп болалиликнинг турлича ҳолатларини унификация қилиб, Оила кодексига киритилиши кутилаётган 4-1-моддада белгиланганидек, ягона кўринишда оилада ўн саккиз ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ болаларнинг мавжуд бўлишини белгилашни мақсад қилган. 

Top