Таълим | 10:49 / 05.02.2026
4999
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги хусусий боғчаларга янги имтиёзлар берилади

Мактабгача таълим қамрови паст ҳудудларда хусусий боғча очаётган тадбиркорларга имтиёзлар берилади. Гап тарбияланувчилар учун субсидиялар, педагоглар иш ҳақи компенсацияси, имтиёзли кредитлар ва солиқ юкини камайтириш ҳақида бормоқда.

Тақдим этилган таклифларга кўра, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини очишга рухсат берилади. Бу орқали таълим хизматлари бозорида соғлом рақобатни кенгайтириш, қамровни ошириш ва болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш мақсад қилинган.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга етган. Бироқ айрим ҳудудларда бу кўрсаткич 70 фоиздан паст бўлиб қолмоқда. Шу боис хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали қўшимча ўринлар яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, хусусий боғчаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор имтиёзлар ҳам кўзда тутилган. Қамров даражаси паст бўлган ҳудудларда нодавлат боғчалар ташкил этган тадбиркорларга субсидиялар, имтиёзли кредитлар ва бошқа рағбатлантириш чоралари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид