Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиззахда хусусий боғча раҳбари болага беҳаё видео кўрсатиб, бузуқ ҳаракатлар қилди. Тергов органи уни очиқда қолдирган
Ўз уйида оилавий боғча очган 53 ёшли эркак маст ҳолатда 6 яшар тарбияланувчи қизга телефонда беҳаё видео қўйиб бериб, унга уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилган. Ота-онанинг айтишича, эркак жинсий аъзосини ҳам кўрсатган, айбланувчи эса буни рад этиб, айбини қисман тан олган. Kun.uz'га маълум бўлишича, ИИБ бу шахсни гаров эвазига очиқда қолдирган. Суд эса уни 4 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Фото: Kun.uz
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 6 яшар қиз боғчада тегажоғликка учради. Тегажоғликни оилавий боғча раҳбари содир этган.
Kun.uz танишган айблов хулосасига кўра, 1972 йилда туғилган эркак ўз уйида туман мактаб ва мактабгача таълим бўлимига қарашли оилавий боғча очиб, унга раҳбарлик қилиб келган.
У 2025 йил 14 апрел куни боғчада тарбияланаётган 2019 йилда туғилган қизга нисбатан зўрлик ишлатмаган ҳолда уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган. Хусусан, қизга телефонда беҳаё видео қўйиб берган.
Қизнинг ота-онаси берган кўрсатмага кўра, боғча раҳбари нафақат порнографик видео қўйиб берган, балки иштонини ечиб жинсий аъзосини ҳам кўрсатган.
Гумонланувчи тергов давомида бу даъвони рад этган. У ўша куни маст бўлгани, беҳаё тасвирларни томоша қилаётган телефонини қизнинг ёнида унутиб қолдирганини айтган. “Қизга жинсий аъзосини кўрсатган” деган айбловни эса рад этган.
Эркакнинг тан олишича, у боланинг ота-онаси тегишли идораларга арз қилмаслиги учун уларга 2 млн сўм пул таклиф қилган. Лекин ота-она пулни олмаган.
Суд-психологик экспертиза хулосасида жабрланувчи ёшига мос равишда воқеани идрок эта олиши ва воқеа тафсилотларини баён қилишга қодир экани қайд этилган.
2025 йил 14 апрел куни рўй берган ҳолат юзасидан 20 майда жиноят иши қўзғатилган. Тергов билан шуғулланган ИИБ 2026 йил 5 январ куни гумонланувчига нисбатан “гаров” эҳтиёт чорасини қўллаган.
6 январда дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми “в” ва “ж” бандлари билан айблов эълон қилинган.
Бу айбловлар – 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ҳамда жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ва (ёки) унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан, шунингдек жабрланувчига қараб туриш мажбуриятлари қонун билан зиммасига юклатилган таълим, тарбия муассасасининг ходими томонидан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этишни назарда тутади.
Kun.uz манбасига кўра, бугун 4 март куни суд ҳукми билан айбланувчи 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Тергов материалларида педофилияда гумонланаётган шахс суд ҳукми чиққунига қадар бўлган даврда (10 ойдан ортиқроқ вақт давомида) боғчадаги ишидан, яъни болалар билан боғлиқ фаолиятдан четлатилгани ҳақида маълумот учрамайди.
- Эслатиб ўтамиз, куни кеча имзоланган президент фармонига асосан, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб педофилия ва жинсий характердаги бошқа жиноятларни тергов қилиш ички ишлар органларидан прокуратура ваколатига ўтказилади.
- Шунингдек, педофилия жиноятларига такроран қўл урган шахслар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо киритилиши кутилмоқда – фармонга кўра, бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 3 ой ичида ишлаб чиқилиши керак.
Мавзуга оид
16:33
Хусусий боғча ва мактаб учун тўланган тўловдан даромад солиғини қандай қайтариб олиш мумкин?
23:16 / 03.03.2026
Умрбод қамоқ жазоси педофилия жиноятига такроран қўл урган шахсларга тааллуқли бўлади
22:34 / 03.03.2026
Педофиллар учун умрбод қамоқ жазоси таклифи президент томонидан маъқулланди
20:03 / 03.03.2026