Ўзбекистон | 07:52 / 05.11.2021
4485
4 дақиқада ўқилади

Давлат органларида қонунлар ижросини таъминлаш вазифаси раҳбар биринчи ўринбосарига юклатилади

Президентнинг “Олий Мажлис палаталари ҳамда давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат бошқаруви органлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасида қонун ижодкорлиги фаолияти ва қонунлар ижросини таъминлаш ҳамда Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш вазифаси амалдаги штат бирликлари доирасида, қоида тариқасида, раҳбарнинг биринчи ўринбосарига юклатилади.

Белгиланишича, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъул ўринбосарлари Олий Мажлис палаталари билан бир қаторда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлик учун ҳам масъул ҳисобланади, ҳудудий давлат бошқаруви органларида ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ўзаро ҳамкорлик учун ҳам масъул ўринбосарлар белгиланади.

Масъул ўринбосарлар зиммасига қонун ижодкорлиги, парламент назорати, парламент ҳужжатлари ва мурожаатлари соҳасида Олий Мажлис палаталари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • қонун ижодкорлиги, шу жумладан, қонун лойиҳасини тайёрлаш, келишиш, Ҳукуматга киритиш ва кўриб чиқиш, лойиҳани Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш, Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ҳимоя қилиш, қонуннинг ижросини назорат қилиш ва тарғиботини ташкил этиш;
  • вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмаларининг қонун ижодкорлиги, қонуннинг ижросини назорат қилиш ва тарғиботини ташкил этиш, Олий Мажлис палаталари, қўмиталари ва комиссиялари билан ҳамкорлигини ташкил этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
  • “Ҳукумат соати”ни ўтказишни ташкиллаштириш;
  • вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини Сенат мажлисларида эшитишда, парламент сўровини, Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенат аъзосининг сўровини кўриб чиқишда, Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотини эшитишда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • қонунчилик ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни, парламент текширувини амалга оширишда ҳамкорликни таъминлаш;
  • Олий Мажлис палаталари, уларнинг органлари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳужжатлари ҳамда топшириқларини кўриб чиқиш ва ижросини таъминлашни мувофиқлаштириш, уларнинг бажарилиши ҳолатини тегишлича вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари биринчи раҳбарлари ҳузуридаги мажлисларида ҳар чоракда танқидий ва ҳар томонлама муҳокама қилинишини таъминлаш;
  • Олий Мажлис палаталари, уларнинг органлари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ҳужжатлари ҳамда топшириқларини тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки ижросини таъминланмаган таркибий бўлинма раҳбар ва ходимларига нисбатан интизомий жавобгарлик масалалари юзасидан асослантирилган таклиф киритиш;
  • вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда мурожаатлари ижросини доимий ва тизимли мониторинг қилиб бориш, мунтазам равишда таркибий бўлинмаларнинг бу борадаги ҳисоботларини эшитиш.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид