Қонуннинг мақсади 2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этишга оид тартиб-таомилларни белгилашдан иборат экани қайд этилди.
Қонунга кўра, 1-даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ушбу қонунга мувофиқ ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат 2026 молия йили давомида фойдаланилади ва улар келгуси молия йилига ўтказилмайди.
Шунингдек, 2026 йил учун қуйидагилар тасдиқланган:
мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари;
чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари.
Қонунга мувофиқ, 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи этиб белгиланди.
Мазкур қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради.










