Жамият | 08:49 / 16.08.2019
174884
5 дақиқада ўқилади

Тойлоқда нега аёллар қўли қайрилиб, машинага тиқилганди? — Туман ИИБ Қўтирбулоқдаги воқеага изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида содир бўлган хунук бир воқеа тасвирланган видеолавҳа тарқалганди. Унда ички ишлар органлари ходимлари аёлларнинг қўлидан қайириб «автозак» юк машинасига ўтқизаётгани кўринган. Тойлоқнинг Қўтирбулоқ қишлоғида аслида нима бўлганини суриштириш мақсадида туман ички ишлар бошқармасига бордик.

Тақдим этилган узундан-узун ҳужжатларни келтириб, сизнинг бошингизни қотирмай, нима бўлганини қисқача тушунтиришга ҳаракат қиламиз.

Хуллас, тойлоқлик С.Ж. 2016 йил тумандаги Қўтирбулоқ қишлоғи ҳудудидаги «Afsona travel» МЧЖга қарашли ерда ўзи учун уй қуришни бошлайди. 2019 йил 14 май куни бу фуқаро қурган уйи ноқонунийлиги борасида огоҳлантириш олади ва ўзининг айтишича, жорий йилнинг 5 июнь куни қуриб битказилмаган уйини ўзи (!) бузишни бошлайди.

Қурилган бино бузилаётганда эса С.Ж.нинг оила аъзолари бўлган аёллар экскаватор ҳайдовчисини тошбўрон қилишади. Кўп одам тўпланиб, оммавий тартибсизлик келиб чиққач, Тойлоқ туман ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб аҳолини тинчлантиришга уринади. Аммо у ердаги аёллар томонидан фаол қаршилик кўрсатилгач, улардан бир нечтаси ИИБ машинасига олиб кирилади ва ўша ерда «тушунтириш ишлари олиб борилади». Бу аёллар ўша ернинг ўзида қўйиб юборилади. Бу расмий маълумотлар, қуйида нималар бўлганини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

«Оммавий тартибсизлик юзага келтирган фуқароларнинг жинсига қаралмайди»

Ўша видеодаги асосий воқеа бу уйнинг бузилиши, снос ёки бошқа нарса эмас, аёлларнинг қўли қайирилиб (!) ИИБ махсус машинасига олиб кирилаётгани. Биз аввало мана шу борада Тойлоқ туман ИИБ бошлиғига мурожаат қилдик. Подполковник Маъруф Шермуҳаммедовнинг айтишича, аёллар Қўтирбулоқдаги ноқонуний қурилиш биноси бузилаётган вақтда оммавий тартибсизлик юзага келтиришган. Туман ИИБ раҳбарининг айтишича, аёллар экскаваторни тўрт томондан тошбўрон қилишган.

Оқибатда ИИБ ходимлари воқеа жойига бориб, вазиятни назоратга олишга мажбур бўлган. Тойлоқ туман ИИБ ходимларининг айтишича, тармоқда тарқалган видеода кўринган аёллар уларга фаол қаршилик кўрсатган. Аёллардан бири ИИБ ходимининг погонини юлиб олишгача боргани айтилди. Подполковник Шермуҳаммедовнинг айтишича, оммавий тартибсизлик вақтида уни келтириб чиқарган фуқароларнинг жинси ёки бошқа фарқли жиҳатларига қаралмайди. Бундан ташқари, туман ИИБ бошлиғи ҳеч бир фуқарога тан жароҳати етказилмаганини маълум қилди.

Нега бу қонуний бўлмаган ерда қурилиш бошланган?

Шу ўринда яна бир савол пайдо бўлади: нега фуқаро С.Ж. ер ўзиники бўлмаганини билатуриб у ерда уй қуришни бошлаган? Бу саволимизни уйи бузилган, аммо «жабрланувчи эмаслиги»ни айтган С.Ж. жавобсиз қолдирди. Бу саволга тахминан шундай важни жавоб қилиш мумкин: Тойлоқ тумани фермерлик ерларига ва ўзига тегишли бўлмаган жойда уй қуриб олиш бўйича вилоятда «етакчи ўринларни эгаллаши»ни инобатга олсак, шунчаки бўш ётган ерга уй қуришни кўпчилик нормал ҳолат деб ўйлайди. Ўз навбатида яна бир савол пайдо бўлади:

Нега бу ер фойдаланилмай ётибди?

Маълум бўлишича, юқоридаги можарога сабаб бўлган қурилиш бошланган ер 2009 йилда «Afsona travel» МЧЖга берилган, аммо 10 йил ичида бу ерда ҳеч нарса қурилмаган. Ўзлаштирилмай ётган ер эса шубҳасиз, қандайдир можарога сабаб бўлади. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ўрнига вилоятнинг энг унумдор ерларга эга бўлган туманларидан бири Тойлоқда ернинг 10 йиллаб бўш ётиши хунук ҳолат.

Нега жанжал видеоси икки ойдан кейин тарқалди?

Яна бир савол: нега 5 июнда бўлгани айтилаётган видеода кўринган ур-тўполон видеоси икки ой ўтиб тарқалган? Маълум бўлишича, видео Россиядан туриб жойланган. Ҳар ҳолда видеони жойлаган одам интернет тезлиги яхши бўлгани учун Россияга бориб уни тармоқда тарқатмагандир?

Видеони ким олгани, нима мақсадда олгани ҳақидаги саволларимизга эса жавоб тополмадик. Афсус бизда бундай фактларни текширишнинг имкони йўқ.

Туман ҳокимининг фикрича, бу видео Тойлоқ туманининг ва хусусан туман ҳокимининг номини ёмонотлиқ қилиш учун тарқатилган (бу тусмолга бир нечта номлар ҳам илова қилинди, аммо бизнингча, бу ерда номлар, фамилиялар аҳамиятли эмас). Энди бу туман раҳбарининг тахмини. Дарвоқе, ўзининг айтишича, ноқонуний қурган уйини огоҳлантиришдан сўнг ўзи бузган фуқаро С.Ж. ҳар куни интервью беришдан чарчагани, унинг шахсий муаммоси интернетда тарқалиб кетганидан қаттиқ ранжиганини айтди.

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид