Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда васий аёл қизалоқларга зўравонлик қилди
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи 7 ва 9 ёшли опа-сингиллар зўравонликка учради. Онаси уларни васийга топшириб, ўзи ишлаш учун Туркияга кетган. Васий аёл эса болаларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказган. Kun.uz воқеа тафсилотлари ва жабрланган қизларнинг ҳозирги аҳволини ўрганди.
Маълум бўлишича, 2017 ва 2019 йилда туғилган опа-сингиллар онаси томонидан васийга бир йил аввал қолдириб кетилган. Васий аёл қизларни ҳақоратлаб, босим ўтказгани ва мажбурлаб пол ювдирганини ўзи тасвирга олгани айтилмоқда.
Қизалоқларнинг қўлларида кўкариш излари аниқланган.

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази шуъба раҳбари Мурод Эгамовга кўра, васийлар қарамоғида қолдирилган болаларнинг ижтимоий-руҳий ҳолати ҳар чоракда ўрганиб турилади. Зўравонликка учраган бу қизалоқларнинг яшаш шароити ҳам жорий йилнинг биринчи чорагида ўрганилган ва салбий ҳолатлар кузатилмаган.

“Ушбу нохуш ҳолат 22 апрел куни содир бўлган. Биз бу ҳақда хабар топганимиздан сўнг ички ишлар ходимлари билан биргаликда қизалоқларни хавфсиз жойга кўчирдик. Болалар туманимиздаги оилавий болалар уйига жойлаштирилди. Уларнинг каттаси ҳудудий мактабга жойлаштирилди, кичигига психологик ёрдам кўрсатиляпти”, – деди Мурод Эгамов.
Қизалоқларнинг ҳолати ва айбдорларга чора кўрилиши масаласи Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.

Психолог Зарина Қобилованинг айтишича, опа-сингилларнинг кичкинасида қўрқув кучли бўлгани, кўп вақт давомида соғлом оилавий муҳитда яшамагани сабабли мулоқотга киришиши қийин кечмоқда. Болалар катталарга нисбатан бундай руҳий асоратлар таъсиридан чиқиши учун вақт ва меҳр-эътибор керак, дейди у.

Оилавий болалар уйи раҳбари Санобар Латипова хонадонига келган опа-сингилларни ўз фарзандлари қатори қабул қилиб, меҳр беришини билдирди.
Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими терговга қадар текширув бошлаган: болалар тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Шунингдек, васий С.Мардонованинг телефон аппаратидан олинган, қизалоқларнинг йиғлагани ва босимга учрагани акс этган видеотасвирлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мавзуга оид
10:35
Норвегияда болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
23:06 / 24.04.2026
Саида Мирзиёева Тойлоқда аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганди
11:32 / 20.04.2026
Вояга етмаганлар хавфсизлигига доир янги ҳуқуқий нормалар жорий этилди
20:04 / 16.04.2026