Ўзбекистон | 16:17 / 23.03.2019
4074
2 дақиқада ўқилади

Стэнфорд ва Йеллдаги каби: Ўзбекистонда илмий журналлар учун илк платформа жорий қилинади

23 март куни "Илм-фан 2020" дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Elsevier компанияси ўртасида Digital Commons (Bepress) базасида Ўзбекистон ОТМ илмий журналлари қайд этилувчи платформа яратишга оид стратегик келишув имзоланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мазкур лойиҳа доирасида Elsevier компанияси double-blind peer review конфигурациясини қўллаб, 41 илмий журнални бирлаштириб, ноёб платформани ташкил қилади.

Дунёнинг етакчи университетлари томонидан қўлланувчи платформа Ўзбекистоннинг илмий журналлари сифатини ошириш имконини беради, ўзбек илм-фанини репозиторийси (рақамли архиви)ни яратади ва тарихга Scopus халқаро стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган биринчи электрон ресурс сифатида киради.

Elsevier компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Алия Оспанованинг таъкидлашича, бу Ўзбекистон илм-фанини халқаро майдонга олиб чиқиш сари қўйилган стратегик қадам, ўзбек олимларининг тадқиқотларини бутун дунёга намойиш этиш имкони, шунингдек, маҳаллий нашрлар рақобатбардошлигини ошириш ва рецензиялашни татбиқ этиш демакдир. Ўзбекистон коллаборациялар учун сифатли майдонни яратиб, ишонч билан Марказий Осиё илм-фан ва таълим хабига айланади.

Ҳамкорлик доирасида илмий журналлар муҳаррирларини ўқитиш, мувофиқлаштириш ва сертификациялаш кўзда тутилган. Нашрлар дизайни ва логотипи ишлаб чиқилади, ISSN'ни рўйхатдан ўтказиш ва қайта регистрация қилиш жараёнлари ўтказилади, шу билан бирга, ҳавола берилувчи мета-маълумотлар форматида илмий мақолалар репозиторийлари яратилади.

Маълумот учун: Digital Commons (Bepress) – илмий журналлар электрон платформаларини яратиш бўйича тўлиқ сервис тақдим этувчи жаҳоннинг етакчи компанияси. Компания 1999 йилда ташкил топган. Илгари Berkeley press номи билан машҳур бўлган компания бутун дунё бўйлаб мингдан ортиқ университетларга ўз хизматларини тақдим этади, АҚШнинг 90 фоиздан зиёд университетлари ундан фойдаланади. Digital Commons 2017 йилда Elsevier компанияси томонидан қўлга киритилган.

Лола Рахманбаева

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид