Шавкат Мирзиёев ўз сайлов кампаниясини Бўзатов туманида бошлади
Шавкат Мирзиёев ўзини қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди деб билишини айтиб ўтди.
ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод ва амалдаги президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.
Шавкат Мирзиёев ўз ташрифини янги ташкил қилинган Бўзатов туманида бошлади. Жуманазаровлар хонадони вакиллари, маҳаллий фаоллар ва ОАВ ходимлари билан мулоқотдан сўнг президент Қорақалпоғистон фаоллари билан учрашди.
Кириш сўзини қорақалпоқча бошлаган Шавкат Мирзиёев Янги Қорақалпоғистон ғояси албатта амалга ошиши ҳақида сўз юритди.
“Ҳурметли жаси улкенлар, азийз апа-сингиллер, навқиран жаслар!
Бугун мана шу қадимий ва саховатли заминда, қайта ташкил қилинган Бўзатов туманида сиз, азизлар билан, мард ва танти, меҳнаткаш ва бағрикенг Қорақалпоғистон халқининг вакиллари – муҳтарам оқсоқоллар, мунис опа-сингилларимиз, навқирон ёшларимиз билан кўтаринки кайфиятда учрашиб турганимдан бахтиёрман.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга, бутун қорақалпоқ элига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни билдираман.
Хабарингиз бор, бу галги учрашувимиз мамлакатимизда давом этаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан ўтказилмоқда.Сайловолди учрашувларини энг аввало Қорақалпоғистон диёридан бошлаётганим албатта бежиз эмас. Илгари ҳам айтганман, бугун ҳам катта мамнуният билан такрорлайман – мен ўзимни қорақалпоқ халқининг ҳам фарзанди деб биламан.
Бу сайлов барчамиз, бутун эл-юртимиз учун Ўзбекистоннинг, унинг таркибий қисми бўлган Қорақалпоғистоннинг бундан кейинги тараққиёти қандай бўлади, мамлакатимиз қандай ривожланиш йўлидан боради, фарзандларимиз, оиламиз, бутун юртимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир.
Албатта ҳар бир сайловчи, ҳар бир фуқаро эртанги кунга режалар қилади. Албатта, номзод сифатида мен маъруза қиламан, сайловолди режамни билдираман. Лекин истагим, ўзаро мулоқот қилайлик, қорақалпоқ элини қийнаётган муаммолар бўйича гаплашайлик.
Менинг жуда катта истак-ниятларим барча имкониятларимизни ватанимиз тараққиётига сафарбар қилайлик. Биз 5 йил олдинги Ўзбекистон, 5 йил олдинги Қорақалпоғистон эмасмиз. Энди режаларимизни тўғри тузиб олсак, уларни бажариш осон бўлади.
Ўзингиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибсиз, ўтган беш йиллик муддат бутун мамлакатимиз, халқимиз учун оғир синовлар даври бўлди. Биз Аллоҳ таолонинг марҳамати, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз қийинчиликларини мардона енгиб ўтмоқдамиз.
Эсингизда бўлса бир рақам айтгандим – коронавирусга қарши курашга ўша пайтда 80 трлн сўм маблағ сарфлагандик. Лекин бу пулга ачинмайман, сабаби, битта фуқаромизнинг ҳаётига тенг келмайди бу пуллар", – дея давлат раҳбари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Президент Янги Ўзбекистон стратегияси ҳақида ҳам гапирди.
"Биз яқинда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегиясини ишлаб чиқдик.
Ушбу стратегияда сизлар билан биргаликда фидокорона меҳнатимиз орқали Янги Ўзбекистондаги Янги Қорақалпоғистонни бунёд этиш вазифасини ҳам юксак мақсадларимиздан бири сифатида белгилаб олганмиз.
Бугун сизлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиб, мана шундай ҳал қилувчи масалалар ҳақида атрофлича фикрлашиб, маслаҳатлашиб олсак, айни муддао бўлади.
Биласизлар, мен иш юзасидан Қорақалпоғистондаги деярли барча овул ва қишлоқларни кезиб, кўп ёшуллилар, деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар, зиёлилар билан дилдан суҳбат қурганман. Кейинги беш йилнинг ўзида кўп маротаба бу заминга келиб, сизлар билан биргаликда амалга оширган катта-катта ишларимизни ёрқин таассуротлар билан эслайман.
Қорақалпоқ дўстларимизнинг чиройли бир гапи бор. Яъни, улар яхши инсонларга баҳо берганда, “Бул адамнинг жураѓи қабирғас́ининг астинн́ан кўринип́ туради!” дейдилар.
Қаранг, қандай чуқур маъноли, халқона ҳикмат!
Мен бугун ана шу гўзал таърифни бироз ўзгартириб, “Қорақалпоқларнинг қалби уларнинг самимий чеҳрасида яққол кўриниб туради”, десам, юраѓимдаги катта ишонч ва меҳрни ифода этган бўламан.
Шу маънода, улуғ мутафаккир шоир Ажиниёзнинг:
Бош кетса ҳам тўғри сўздан қайтмаѓан, Номи қорақалпоқ элларим бордир, – деган сўзлари ҳам бу ҳақиқатни яққол тасдиқлайди.Чиндан ҳам, бундай л́афзи ҳалол инсонларга бемалол ишониш, улар билан биргаликда ҳар қандай катта ишларни амалга ошириш мумкин.
Тили билан дили, сўзи билан иши бир бўлган шундай олийжаноб халқ, албатта юксак ҳурмат ва эътиборга сазовордир”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
14:00 / 29.01.2024
Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди
13:17 / 29.01.2024
Тажриба тариқасида 5 та шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилинади
20:35 / 26.01.2024
Таълим соҳасида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади
18:48 / 25.01.2024