Иқтисодиёт | 21:52 / 20.06.2021
60830
10 дақиқада ўқилади

Доллар ҳақида қизиқарли фактлар. АҚШ валютаси тарихи

Энг кўп тарқалган банкнота бу — 1 долларлик. Нашр қилинган банкноталарнинг деярли 45 фоизини 1 долларликлар ташкил қилади. Долларлар нашр қилинадиган қоғоз таркиби 25 фоиз зиғир ва 75 фоиз пахтадан иборат. Замонавий купюралар 4 мингдан зиёд букилишларга чидамли ҳисобланади.

Фото: Scott Eells

Бир неча асрлардан бери АҚШ доллари халқаро тижоратнинг қони ва Қўшма Штатлар қудрати сақланиб туриши учун барқарор омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мураккаб геоиқтисодий жараёнлар, глобаллашув тенденцияси ва бир қутбли дунё кўп қутблига айланган бўлса-да, халқаро савдода доллар етакчилигини сақлаб қолди. Айни пайтда халқаро ҳисоб-китоб операцияларининг 60 фоизидан ортиғи ҳали ҳам АҚШ долларида амалга оширилаётгани бунинг яққол исботидир. Kun.uz бойлик рамзларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари доллари ҳақида ҳикоя қилади.

Келиб чиқиш тарихи

Долларнинг келиб чиқиш тарихи ҳақида кўпгина қизиқарли маълумотлар бор. «Доллар» сўзи олмончадаги «талер» сўзидан келиб чиққани айтилади.

Ўрта асрларда, дастлаб 1519 йилда Германияда пайдо бўлган кумуш танга номи «таллер» шаклида зарб қилинган. 1873 йилда таллер Германияда бутунлай муомаладан чиқиб кетди. Унинг ўрнига марка кириб келган. Бироқ унинг номи халқ орасида қолиб кетди. Ўша пайтларда Англия ва Испания колонияларида песо номи билан машҳур бўлган испан тангалари ишлатилган. Бундай тангаларни кўп жойларда адашган ҳолда «далар» деб аташар эди. Америка қитъаси испанлар колонияси бўлгани боис бу ҳудудда испан тангалари ишлатиб келинарди.

Кейинчалик узоқ давом этган мустақиллик урушларидан кейин АҚШ мустақил бўлади ва миллий валютани яратиш ҳаётий заруратга айланади. 1792 йилда Қўшма Штатларда дастлабки зарбхона ташкил этилган ва АҚШнинг биринчи долларлари 1794 йилда кумушдан зарб қилинган. Тангалар кўлами ва таркиби жиҳатидан Перу ва Мексикада зарб қилинган испан пулларига ўхшаш эди. Шу билан бир қаторда, Испания ва Мексика песоси XIX асрнинг ўрталаридаги тангалар тўғрисидаги қонунга қадар Америкада қонуний тўлов воситаси бўлиб келган.

Олтинга боғланган валюта

Доллар муомалага киритилган вақтдан бошлаб АҚШ ҳукумати унинг қийматини олтин билан боғлаган. 1792 йилда олтиннинг бир унцияси 19,3 доллар деб белгиланган. 1834 йилда АҚШнинг олтин захираси етарли бўлмагани туфайли унция баҳоси 20,67 долларга кўтарилган. Бу қиймат асрлар давомида ўзгариб борса-да, долларнинг олтин билан баҳоланиши ва боғлиқлиги сақланиб қолаверган.

Шунингдек, 1792 йилда муомалада бўлган АҚШ пулининг таркибидаги соф олтин миқдори 1,6 гр ёки 24,05 гр соф кумушдан таркиб топган эди. 1834 йилда мазкур олтин тангалар давлатнинг расмий пул бирлиги сифатида тан олингандан сўнг унинг таркибидаги соф олтин миқдори 1,5 гр қилиб белгиланади.

АҚШ доллари биринчи бўлиб 1944 йилдаги Бреттон-Вудс битимидан кейин халқаро валюта сифатида тан олинади ва кейинчалик дунёдаги энг устун валютага айланди.

ХХ асрнинг 60-йилларига келиб олтин нархи анча кўтарилиб кетади. 1971 йилда президент Ричард Никсон долларнинг олтин билан боғлиқлигига чек қўяди, бу хабар расман 1976 йилдагина эълон қилинади. Ўша пайтда кўпчилик таҳлилчилар долларнинг дунё бўйлаб ҳукмронлигига чек қўйилди, олтинга алмашилмайдиган валюта ўз қадрини йўқотади каби тахминлар билдиришади. Аммо ўтган давр бу прогнозлар хатолигини исботлади.

Валютадаги тасвирлар, $ белгиси тарихи ҳақида

Дунёдаги энг машҳур валютанинг яратувчиси номи Оливер Поллокдир. У инқилоб йилларида бухгалтерия дафтарига даромад белгисини кўрсатиш учун доллар белгисидан фойдаланган. Узун инглизча ибора «Piece of Eight», яъни 1/8 (нимчорак) қоғозда ўчирилган 8 га айланиб, охир-оқибат бизга таниш бўлган доллар белгиси ($) пайдо бўлган.

XIX аср охирларига қадар АҚШ расмий валютасида президентларнинг портретлари тасвирланмаган. Биринчи долларларда юнон ва рим мифологияси белгилари ва маҳаллий америкаликлар иштирокидаги суратлар бўлган.

Ҳозирда долларни 1929 йилдаги стандартлар бўйича зарб қилишади. Дунёдаги энг машҳур купюраларнинг устки кўриниши 1929 йилда тасдиқланган. Ўша вақтда купюранинг олд қисмида портрет, орқа қисмида тарихий обидалар, архитектура ва табиат тасвирланади, деб таъсис этилган.

Доллар ҳақида қизиқарли 25та факт

1. Энг йирик қийматдаги валюта – 100 минг долларлик банкнотадир. Президент Ричард Никсон бу купюрани ишлаб чиқаришни тўхтатишни буюриб, энг юқори номинал банкнота 100 долларлик бўлишини белгилаб қўяди. 100 минг долларлик банкнота Федерал захира банклари ўртасидаги операциялар учун мўлжалланган эди ва ҳеч қачон муомалада бўлмаган.

2. Йиртилган банкноталарни алмаштириш мумкин. Бунинг учун ёзувларнинг ярмидан кўпи мавжуд бўлиши керак.

3. Биринчи Америка доллар тангалари 1792 йилда муомалага чиқарилган.

4. 1862 йилда АҚШнинг биринчи қоғоз пуллари зарб этилади. Бу танга пуллар танқислиги билан боғлиқ муаммога ечим сифатида кўрилган.

5. Марта Вашингтон – АҚШ валютасида тасвирланган ягона аёл.

6. Жорж Вашингтон портрети биринчи марта 1 долларлик банкнотада 1869 йилда акс этган.

7. Доллар купюраларининг 94 фоизи зарарли бактериялар билан ифлосланган.

8. Энг кўп тарқалган банкнота бу – 1 долларлик. Нашр қилинган банкноталарнинг деярли 45 фоизини 1 долларликлар ташкил қилади.

9. «In God We Trust» (Худога ишонамиз) ибораси биринчи марта доллар тангаларда Фуқаролар уруши даврида пайдо бўлган. 1955 йилдан бошлаб у барча банкноталарга битилган.

10. Доллар жаргонда «бакс» деб ҳам аталади. Бу сўз буғунинг териси номидан келиб чиққан бўлиб, инглиз тилида буғу эркагининг номи – буск. У бир пайтлар ҳиндулар билан савдо қилишнинг асосий воситаси бўлган.

11. Агар сиз банкнотани серия рақами бўйича излашингиз керак бўлса, унда «Жорж қаерда?» деб номланган сайт борлигини билишингиз керак ва у айнан шу функцияни бажаради.

12. 1 долларликда АҚШнинг 1-президенти Жорж Вашингтон, 2 долларликда 3-президент Томас Жефферсон, 5 долларликда 16-президент, Шимол ва Жануб ўртасидаги уруш ғолиби Авраам Линкольн, 10 долларликда АҚШ асосчиларидан бири, биринчи молия вазири Александр Ҳамилтон, 20 долларликда 7-президент Эндрю Жексон, 50 долларликда 18-президент, Фуқаролар уруши қаҳрамони Улисс Грант, 100 долларликда олим, публицист ва моҳир дипломат Бенжамин Франклин сурати туширилган.

13. Доллар тангаларнинг ҳам ўз номлари бор: 1 центлик — пенни, 5 цент — никель, 10 цент — дайм, 25 цент — квота, 50 цент ҳаф деб юритилади.

14. 1 долларлик банкнотадаги пирамида остидаги лотинча жумла (NOVUS ORDO SECLORUM) «асрларнинг янги тартиби» деган маънони англатади.

15. Тахминан 90 фоиз банкноталарда кокаин қолдиғи мавжудлиги аниқланган.

16. 1 долларлик купюрада 13та ўқ, 13та барг, 13та юлдуз ва 13та чизиқ бор. Бу 13та колония рамзи ҳисобланади.

17. Долларлар жуда чидамлидир. Замонавий купюралар 4 мингдан зиёд букилишларга чидайди.

18. Долларни ишлаб чиқариш учун зиғир ва пахта толаларидан фойдаланилади. Долларлар нашр қилинадиган қоғоз таркибига 25 фоиз зиғир, 75 фоиз пахта ва кўп бўлмаган ҳажмда майда синтетик толалар киради. Бу толалар кўк ва қизил рангга эга бўлиб, бутун купюра устида кўриниб туради. Банкнотнинг тахминий оғирлиги – 1 грамм.

19. АҚШда ҳар куни 37 миллион купюра босиб чиқарилади ва бу 696 миллион долларга тенг. Бироқ худди шу миқдордаги банкноталар ҳар куни қўллашга яроқсиз ҳолга келгани учун муомаладан чиқарилади ҳам.

20. Биз билган ва кўрган 1, 5, 10, 20, 50, 100 долларликлардан ташқари 2, 500, 1.000, 5.000, 10.000, 100.000 долларликлар ҳам бор. 2 долларлик жуда кам нусхада чиқарилган бўлса, катта қийматдаги пуллар фақат банклараро тўловларда ишлатилган. Тўловларнинг электрон тизими (пул кўчириш) йўлга қўйилгач, бу пуллар муомаладан бутунлай олинган. Лекин бу банкнотлар ҳали ҳануз кимларнингдир қўлида бор ва уларнинг нумизматик қиймати номинал қийматидан бир неча баробар юқори.

21. 10 долларлик банкнотанинг тахминий умри 3,6 йилни ташкил этади, 5 долларлик купюра 3,8 йил «яшайди», 1 долларлик купюра 4,8 йил, 100 долларлик купюра 18 йил давомида муомалада бўлиши мумкин.

22. 1942 йилдан 1945 йилгача зарб қилинган беш центлик тангаларни «никель» деб аташ мумкин эмас. Чунки уларнинг қотишмаси таркибида шунчаки никель йўқ.

23. Доллар энг кўп қалбакилаштириладиган валютадир. Шунинг учун АҚШда қалбакилаштиришга қарши курашга доим қаттиқ эътибор берилади. Доллар қоғозини фақат битта компания ишлаб чиқаради ва бу компанияга АҚШ ҳукуматидан ташқари ҳар қандай жойга маҳсулот сотиш тақиқланган. Бўёқлар формуласи АҚШнинг Гравировка ва муҳр бюроси сири ҳисобланади. 1990 йилдан бошлаб доллар ҳимояси янада кучайтирилди. Унга қўшимча иплар ва микромуҳр қўйила бошланди. Ҳар 7-10 йилда банкнотлар дизайни ўзгартириб турилади. Доллар фақат иккита фабрикада — Техас ва Вашингтонда тайёрланади ҳамда бу корхоналарда уч мингга яқин ходим ишлайди.

24. Зарб этилган пулларнинг 50 фоизгача қисми АҚШ ҳудудидан ташқарига чиқиб кетади.

25. 20 долларлик купюрада акс этган Эндрю Жексон қоғоз пулларга қарши бўлган. У фақат олтин ва кумуш тангалар қонуний тўлов воситаси эканлигига ишонган.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид