Ўзбекистон | 11:23 / 08.05.2021
11630
4 дақиқада ўқилади

Кореяда ҳалол маҳсулотлар онлайн-дўкони – “Bozoraka” асосчилари билан интервью

Мусофир юртда яшашнинг ўзига яраша баланд-пастликлари, қийинчиликлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Чет элда яшаш, меҳнат қилиш ва шу давлатнинг турмуш тарзига мослашиш учун инсондан катта сабр, қаноат, ҳушёрлик талаб этилади.

Жанубий Кореяда яшовчи юртдошларимиздан “Сизларни бу ерда энг кўп қийнайдиган нарса нима?” деб сўрасангиз, кўпчилик бу саволга дастлаб тил, кейин эса ҳалол маҳсулотларни қидириш, деб жавоб беришади. Чиндан ҳам, Кореяда бундан 6-7 йиллар аввал яшаганимда ҳалол гўшт ва таомларни топиш катта муаммо эди. Ҳозир эса меҳнатсевар ҳамюртларимиз туфайли Кореянинг исталган бурчагидан ҳалол маҳсулотларга буюртма бериш мумкин.

“Bozoraka” ҳам 2016 йилдан бери ўзбекистонлик ватандошларимиз ва бошқа миллатга мансуб мусулмон дўстларимизга энг сара, ҳалол маҳсулотларни етказиб келаётган оммабоп онлайн-дўконлардан бири саналади. Аслида ўз ишини Сеулнинг Донгдемун районида оддий дўкон сифатида бошлаган мазкур лойиҳа кейинчалик хизмат кўрсатиш услубини рақамлаштириш ҳамда маҳсулотлар турини кенгайтириш орқали катта стартап компанияга айланди.

Биз ушбу муваффақиятли стартап лойиҳа билан янада яқинроқ танишиш мақсадида унинг асосчилари – Ботир Эргашев, Азиз Албеков ва Шуҳрат Деҳқонов билан суҳбатлашдик.

Ботир Эргашев, “Bozoraka” лойиҳаси асосчиларидан бири, Жанубий Кореядаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири бўлган Сеуль Миллий университети (SNU) битирувчиси:

“Аввалига уч киши билан бизнесимизни бошлаганмиз. Ҳозирда эса “Бозорака” жамоаси 30 дан ортиқ кишини ташкил этади. Биз дўстларим билан ҳалол маҳсулотлар сотиладиган дўконимизни автоматизация қилиб, мижозлар ва ўзимиз учун қулай бўлган бир мобил илова яратишни мақсад қилганмиз.

Албатта, бошланиши муаммосиз бўлмаган. Кўп вақт йўқотганмиз. Оддий бир харитани ясашимиз учун ҳам бир ярим йил вақт кетиб қолган. Сабаби биз бошида ўзимиз ҳам нимага интилаётганимизни тўлиқ тушунмасдик. У вақтда тармоқни бошқарадиган техник раҳбар бўлмагани учун кераксиз нарсаларга кўпроқ пул сарфлаган вақтимиз ҳам бўлган”, дейди Ботир Эргашев.

Компаниянинг яна бир асосчиларидан бири, молиявий ишлар бўйича директор Азиз Албеков Кореядаги Sungkyunkwan университетини тамомлаб, дунёнинг етакчи компанияларидан бири бўлган Samsung’да фаолият олиб борган. Азиз ака Samsung’дек йирик компанияни ташлаб кетиш аввалига осон бўлмагани ҳақида айтиб ўтди:

“Бу жуда ҳам қийин савол. Сабаби, Samsung компаниясида ишлаганимда жуда кўп яхши даврларни ўтказганман. Катта тажриба олиб, турли хорижий мамлакатларга борганман. Уни ташлаб кетиш ва кичик бир стартапни бошлаш менга осон бўлмаган. Бироқ аввалдан менда тадбиркорлик руҳи кучли бўлиб, ўзим яратган компаниям бўлишини истаганман. Ўзим бизнес бошлаб, уни ўзим бошқариб, мустақил иш қилишни хоҳлаганман. Шунинг учун, иккала томонни ҳам тарозига тортиб, дўстларим билан янги бизнесни очишга қарор қилганман”.

Шуҳрат Деҳқонов - “Бозорака” асосчиларидан яна бири бўлиб, компаниянинг техник ишлар бўйича раҳбари ҳисобланади. Шуҳрат ака ҳам “Бозорака” лойиҳасига қўшилишдан аввал бир неча йиллар давомида Samsung компаниясида фаолият олиб борган.

“Бозорака” иловасини ясашда энг катта муаммо – тўлов тизими бўлган. Кореяда тўлов тизими бироз мураккаб. Корейслар онлайн тўловга аввалдан мослашиб келганлиги учун уларга мураккаблиги унча сезилмайди. Лекин биз, чет элликлар, хусусан ўзбекистонликлар учун онлайн тизимни ишлатишда қийинчиликлар кўплаб учрайди.

Шу сабабли биз мобил иловамизни фойдаланувчиларга ҳар томонлама тушунарли, қулай қилиб яратишга ҳаракат қилганмиз. Ҳозирда ҳар қандай одам ҳатто биринчи марта ишлатаётган бўлса ҳам осонгина тушуниб кетадиган даражада содда ечим қилганмиз. Янги компания бўлганимиз учун дастурларимизни доимий равишда ривожлантириб борамиз”, дейди Шуҳрат Деҳқонов.

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Феруза Авазова
UzbekLife'нинг Жанубий Кореядаги колумнисти

Мавзуга оид