Тошкентда бўлиб ўтган мулоқот аввалида олий мартабали меҳмон давлат раҳбарига Корея президенти Ли Чжэ Мённинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги сиёсий ҳамда парламентлараро алоқалар жадал тус олгани қайд этилди. Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажми ва Кореядан, аввало, иқтисодиётни модернизация қилиш ҳамда юқори технологияли саноат тармоқларини ривожлантиришга қаратилган инвестициялар кўпайиб бораётгани таъкидланди.
Томонлар гуманитар ва таълим алмашинувлари кенгаяётганига ҳам эътибор қаратди. Хусусан, Ўзбекистонда Корея етакчи университетларининг тўртта филиали ва ҳудудлардаги профессионал таълим марказлари фаолият юритаётгани қайд этилди.

Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт-логистика, нодир металлар ва ўта муҳим хомашёни қайта ишлаш, қонун ижодкорлигини рақамлаштириш ҳамда бошқарувда илғор ечимларни жорий этиш йўналишларида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш қўллаб-қувватланди. Парламентлараро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва парламентлардаги “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида бўлажак олий даражадаги тадбирлар, жумладан “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити доирасидаги учрашувлар кун тартибини пухта тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.









