Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон дипломатлари Кореяда жазо ўтаётган фуқаролар билан учрашди
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Чонан шаҳридаги жазони ўташ муассасасида бўлиб, у ерда жазо муддатини ўтаётган ва гумонланиб ушлаб турилган ўзбекистонликлар билан учрашди. Ташриф давомида уларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Жанубий Кореянинг Чонан шаҳрида жойлашган жазони ўташ муассасасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ташриф давомида мазкур муассасада жазо муддатини ўтаётган ҳамда жиноят содир этганликда гумонланиб ушлаб турилган Ўзбекистон фуқаролари билан алоҳида суҳбат ўтказилди.
Суҳбат чоғида ҳамюртларнинг яшаш ва овқатланиш шароитлари, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, шунингдек муассасадаги маданий-маърифий муҳит атрофлича ўрганилди. Гумонланувчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, адвокат ёллаш тартиби ва зарур ҳолларда консуллик бўлимига мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.
Дипломатлар муассаса кутубхонасига Ўзбекистонда чоп этилган 30 дан ортиқ газета, журнал ва бадиий-тарбиявий китобларни тақдим этди. Шунингдек, муассаса масъул ходими Сун Жонг Гук билан учрашув ўтказилиб, унда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат ва истаклар етказилди.
Элчихона вакиллари муассаса раҳбариятидан ҳамюртларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш, шу билан бирга уларнинг қонуний талабларини ижро этишда амалий ёрдам кўрсатишни сўради.
Ўз навбатида, жазо ўтаётган ва ушлаб турилган фуқаролар кўрсатилаётган ҳуқуқий ҳамда маънавий кўмак учун миннатдорлик билдириб, хорижда бўлишига қарамай, давлат ҳимоясида эканини чуқур ҳис этаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бундай консуллик-ҳуқуқий тадбирлар хорижда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:43 / 14.05.2026
400 минг долларлик фирибгарлик: Корея иш визаси билан боғлиқ ҳолат фош этилди
10:44 / 23.04.2026
Кореяда вафот этган ўзбекистонлик қиз ҳақида расмий баёнот берилди
10:59 / 10.04.2026
Ўзбекистонликлар ўқиш учун энг кўп Россия ва Кореяга кетмоқда
12:50 / 02.02.2026