13:23 / 16.04.2021
237224

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов вафот этди. У коронавирусга чалиниб, Зангиотадаги шифохонага ётқизилганди

Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов 15 апрел куни 58 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.

Манба маълумотларига кўра, у коронавирусга чалиниб, сўнгги кунларда Зангиотадаги шифохонада даволанаётганди.

Мирза Азизов 1963 йил Наманган вилояти Чуст шаҳрида туғилган. 1989 йили Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинган.

1999 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 2015 йили Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвонлари билан мукофотланган.
      
У 2016 йилдан Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Мирза Азизов мусиқали театр актёри сифатида «Юсуф ва Зулайҳо»да Фиръавн, «Фарҳод ва Ширин»да Баҳром, «Нодирабегим» мусиқали драмасида Мадалихон, «Алпомишнинг қайтиши» спектаклида Алпомиш образлари орқали томошабинлар меҳрини қозонган эди.

Мирза Азизов режиссёрлик санъатида ҳам ўз маҳоратини намоён қилиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан етук спектакллар саҳналаштирган. Унинг «Тўда» спектакли 2005 йилда Қоҳира шаҳрида ўтказилган XVII Халқаро экспериментал театрлар фестивалида 94 мамлакат ичидан лауреат бўлган.

У кўплаб фильмларда етакчи ролларни ўйнаган. Жумладан, «Кўнгил кўчалари» сериалида Санжар, «Остона»да майор Мўминов, «Имом Бухорий»да ҳабаш, «Гулхан атрофидагилар»да Ҳазрат Қораевич каби роллари орқали миллий сериалларда ҳамда «Муҳаббат синовлари» фильмида Азиз Мирзаевич, «Тубанлик»да Турғун ҳожи, «Марғиёна»да темирчи, «Мурувват»да Қодир, «Муҳаббатимсан»да Шуҳратхўжа, «Гумроҳлар»да Мирза Маҳмудов, «Новда»да бош врач сингари 50дан зиёд киноларда асосий ролларни ижро этиб, халқ дилидан жой олганди.

Kun.uz марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор қилади.

Top