Ўзбекистон | 15:24 / 27.05.2019
98335
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда қурилаётган янги хонадонларнинг нархи қанча? 

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг барча туманларида «элита уйлар» бирин-кетин қад кўтармоқда. Албатта, қулай, хавфсиз, тинч ва айниқса, ҳамёнбоп арзон уйларга эҳтиёж доим баланд бўлган. Шунга қарамай, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмаган киши ҳам сотиб олиш имкониятлари бор ёки йўқлиги билан фарқланиб турган, қолаверса, қурилиш лойиҳаси, жойлашуви ва сифати билан ажралиб турган элит хонадонларга бўлган талаб ҳам мавжуд.  

G.H. компанияси вакили Икром Акромовнинг айтишича, ҳозирда объектлар ичида Миробод туманидаги Greenwich турар жой биносида бизнес ва комфорт класс хонадонлар бўлиб, 100 фоиз тўлов қилинганда 30 фоиз чегирма мавжуд. 

«Бизнес класс комфорт классга қараганда мукаммалроқ қурилган ва унда иккита лифт бор, бироқ хоналар тўла таъмирланмаган. Уй эгаси хоналарни ихтиёрий режалаштириб, ўзи таъбига қараб безаши мумкин. Бизнес класснинг 2-, 3-қаватларидаги 2 хонали уйнинг майдони 59-63 квадрат метр бўлиб, бир квадрат метри чегирмада 5 115 600 сўм бўлади. Шунда энг кичик майдонли икки хонали уйнинг нархи 301 820 400 сўмга тўғри келмоқда», — дейди у. 

Комфорт классда эса барча хоналар тўлиқ таъмирланган бўлади. Комфорт класснинг 6-, 7-қаватларидаги энг кам майдонли, яъни 48 квадрат метрли 2 хонали уйнинг нархи 280 627 200 сўмга айланади (бир квадрат метри 5 846 400 сўм, чегирма билан).

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган харидор дастлаб уй нархининг 30 фоизини тўлаб, қолганини 5 йил муддатда бўлиб тўлаш имкониятига эга, бунда тўлов кечиктирилгани учун ҳеч қандай фоизли тўлов кўзда тутилмайди.

Қурилиш компанияси вакилининг айтишича, Greenwich объекти 2021 йилда битказилиб, ўз эгаларига фойдаланиш учун топширилади.

Юнусобод туманидаги «Мегаполис» объектидаги нисбатан арзон уйлар 11-, 12-қаватларда жойлашган бўлиб, 125 квадрат метрли 4 хонали уйнинг нархи 541 875 000 сўмга тўғри келади (1 квадрат метр 4 335 000 сўм).

Шунингдек, қурилиш компанияси менежерларидан бирининг таъкидлашича, компания тажрибали ва ишончли, чунки бозорга кириб келганига 10 йил бўлди ва турли хил сегментларда уй қуради, арзон уйлардан тортиб қимматигача.

A.C. менежери Динаранинг айтишича, уй нархи бирданига тўлиқ тўланса, 36 фоизлик чегирма берилади. Бу компания қурган турар жойда 3 қаватдан 7 қаватгача жойлашган хонадонлар арзонроқ нархда сотилади. Масалан, шу қаватлардаги 50 квадрат метрли 2 хонали уйнинг нархи, агар пули тўлиқ тўланса, 342 миллион сўм бўлади.

Уйнинг пулини 8 ойга бўлиб тўлаш мумкин бўлиб, бунда бошланғич тўлов 50 фоиз бўлса, 18 фоиз чегирма билан бир квадрат метри 9 580 000 сўм;

бошланғич тўлов 30 фоиз бўлса, 9 фоиз чегирма билан бир квадрат метри 9 726 000 сўмга тўғри келади.

«Бу ҳажмдаги уйларни эркин планлаштириб, харидор ўзи таъмирлаши ёки компания билан шартнома тузиб, қўшимча пул тўлаб таъмирлатиши мумкин. Уй қанча юқори қаватда бўлса шунга қараб нархи ҳам ошиб боради.

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмаган Ўзбекистон фуқаролари шу типдаги уйлардан сотиб олиб, давлат божини тўласа, пойтахтда доимий рўйхатга эга бўлиш мумкин», —  дейди у.

Менежернинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда бундай лойиҳадаги турар жой илк бор қурилмоқда ва унда мамлакатдаги энг юқори маркали М600 цементидан фойдаланилмоқда. Akay бренди Туркияда танилган фирма бўлиб, 35 йиллик иш тажрибасига эга. Қурилиш 2021 йил бошларида тугалланиши кўзда тутилган.

M.B. компанияси оператори Саид:

«Ҳозирда сотувда иккита объект мавжуд, бири июнь ойининг охирларида расмий очилиши кутилаётган Олмазор туманидаги Cambridge Residence турар жой мажмуаси. Уй нархлари қаватга қараб ўзгармайди ҳамма қаватларда бир хил нарх, яъни 1 квадрат метри 9 350 000 сўм». 

Энг кичик майдонли хонадон 62 квадрат метр бўлиб, 2 хонали уйга тўғри келади ва тўла нархи 579 700 000 сўмни ташкил этади. Агар 100 фоиз тўлов қилинса, 10 фоизли чегирма мавжуд.

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмаган Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам нархлар бир хил, фақат улар умумий суммадан 5 фоизини давлат божига тўлаш керак бўлади.

«Cambridge Residence'да Британия мактаби Cambridge schооl биринчи марта Ўзбекистонда очилмоқда. Уйларни жиҳозлашда жаҳон бозорида етакчилик қилаётган Италия ва Германия фирмаларининг иситиш мосламалари ва қувурларидан фойдаланилган. Уйлар катта автомобил йўлларининг юзида жойлашмаган ва турли шовқинлардан узоқда. Шунингдек, объектлар кузатув камералари билан жиҳозланган», — дейди компания вакили.  

R.H. компанияси вакили:

«Ҳозирда қурилаётган 9 қаватли «Юлдуз» турар жой комплекси Паркент бозори ёнида жойлашган бўлиб, 8-, 9-қаватлардаги 80, 100 ва 140 квадрат метрли уйларнинг бир квадрат метри 6 миллион сўмдан бошланади. Шунда 80 квадрат метрли уч хонали уйнинг умумий нархи тахминан 480 миллион сўм бўлади.

Уйнинг пулини 15 ойга бўлиб тўлаш мумкин, бунинг учун бошида энг камида 30 фоиз тўлов қилиш керак бўлади. Қурилиш шу йилнинг охирларида тугайди», —  дейди вакил.

M.S. қурилиш компанияси оператори:

«Юнусобод туманида жойлашган, компаниянинг «Уста Ширин» қурилиш мажмуаси 3та блокдан иборат. Ушбу турар жойда 6-қават «олтин ўрталик» ҳисобланиб, акция тарзида энг арзон нарх белгиланган, яъни бир квадрат метри 6 миллион сўм. Шунда 55 квадрат метрли икки хонали уйнинг умумий нархи 330 миллион сўмга тўғри келмоқда. Агар тўлиқ тўлов қилинса, 5 фоиз чегирма бор.

Харидор уйнинг нархини бўлиб тўлаши мумкин, яъни, бошланғич тўловни истаган миқдорда тўлаб, қолган қисмини икки йил муддат давомида тўлайди. Яна бир йўли, банкдан кредит олиб тўлаши мумкин», — деб маълумот берди оператор.  

Демак, юқоридаги маълумотларга кўра, қурилиш компаниялари тақдим қилаётган уйларнинг сифати, хавфсизлиги, қулайлиги жиҳатидан турлича бўлганидек, тўловни амалга оширишдаги имтиёз ва чегирмалари ҳам ҳар хил. Хусусий қурилиш компаниялар томонидан қурилаётган кўп қаватли уй-жойлардаги хонадоннинг 1 м.кв. 6-10 миллион сўм атрофида ўзгармоқда. Албатта, харидорлар ҳам ўз ўлчов мезонлари ва имкониятларидан келиб чиқиб уй танлайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид