Жаҳон | 16:06 / 13.07.2025
12448
9 дақиқада ўқилади

Қозонда қурол «қайнади», Трампнинг оҳанги ўзгарди – ҳафта дайжести

Ассалому алайкум. Бугун, 13 июл, якшанба. Умримизнинг яна бир ҳафтаси ортда қолди. Ҳафта давомида Озарбойжон ва Арманистон лидерлари нейтрал ҳудудда гаплашиб олди, Трамп Путинга нисбатан оҳангини ўзгартирди, Россияда бутун бошли вазир ўзини ўлдирди, Украинада махфий командир ўлдирилди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Алиев ва Пашинян учрашди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакат Россия билан низолашаётгани фонида Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Учрашув Абу-Дабида ўтказилиб, унда томонлар Нахичевонга Арманистон ҳудуди орқали йўл тортиш ва тинчлик шартномаси тузишга халақит берадиган бошқа масалаларни муҳокама қилган.

Эсингизда бўлса, бунақа форматдаги учрашувлар одатда Москвада ўтар, унда Владимир Путин ҳам иштирок этарди. Аммо Озарбойжон ва Арманистон энди ўзаро муаммоларни яккама-якка учрашувларда ҳал қилишга киришди. Алиев ва Пашинян илк марта тўғридан тўғри, ёлғиз музокара ўтказишди. Буни икки давлат ўртасидаги тинчлик жараёнининг бошланиши деб қарашмоқда. Бироқ ҳозирча учрашувда ҳеч қандай келишув бўлмаган.

Трампнинг оҳанги ўзгарди

Ҳафта давомида АҚШ президенти Трамп дунёдаги реалликни англаш бўйича олдинга силжиди десак бўлади. Чунки Оқ уй раҳбари ниҳоят Россия ва унинг ўзгармас лидери урушни тугатмоқчи эмаслигини тушуниб етаётганга ўхшайди. Буни кўпчилик аллақачон тушуниб етганди, Америка президенти бошқалардан олдин сезиши керак эди деманг, майли, ҳечдан кўра кеч.

Трамп журналистлар билан учрашувда Путин кўп чиройли гаплар айтаётгани, лекин унда урушни тугатиш истаги йўқлигини айтди. «Путин кўп бўлмағир нарсаларни гапирмоқда. Улар гапда яхши эшитилади, лекин амалда ҳеч қандай наф йўқ. Мен Россияга қарши санкцияларни жиддий тарзда кўриб чиқяпман», деди Трамп.

Кейинчалик турли нашрлар Трамп Россияга қарши нефтга алоқадор санкциялар эълон қилиши мумкинлигини ёзиб чиқди, бироқ амалда ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Трампнинг таъбири билан айтганда, унинг гаплари чиройли эшитилади, лекин амалда ҳеч нарса йўқ.

АҚШ қурол етказишни тиклади

Доналд Трамп Россия президенти Путин билан олтинчи марта телефонда гаплашиб, ҳафсаласи пир бўлгач, Вашингтон Киевга қурол-яроғ етказиб беришни қайта тиклади. Аввалроқ Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет Оқ уйни огоҳлантирмай, Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатгани айтилганди. Афтидан Трамп Путин билан мантиқсиз суҳбатдан кейин яна қурол етказиб бериш бўйича буйруқ берган. Хусусан, Киевга энг зарур қуроллардан бўлмиш 155 миллиметрли артиллерия снарядлари етказиб бериш тикланган. Тез орада АҚШ Украинага қўшимча 10 та патриот ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб бериши мумкин.

Эрон: рус қуроли ўрнига чин қуроли

Қурол-яроғ мавзусини давом эттирамиз. Исроил билан 12 кунлик урушда Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими панд берганини ҳамма кўрди. Юзлаб Исроил самолётлари Эрон ичигача бемалол кириб бориб ракета ташлади. Етмаганига АҚШнинг жуда баҳайбат «В-2» бомбардимончилари ҳам Эрон осмонига муаммосиз кириб борди. Теҳрон ўз осмони мудофаасини Россиянинг C-300 тизимларига ишониб топширганди. Афтидан, рус қуроллари Эрон осмонини ҳимоя қилиш учун етарли бўлмаган. Балки эронликлар бу қуроллардан самарали фойдалана олмаган, балки Моссад чиндан ҳужумдан аввал бу тизимларни йўқ қилиб чиққандир.

Нима бўлса ҳам, Эрон энди ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Россиядан эмас, Хитойдан сотиб оладиган бўлди. Яқин Шарқ ҳаётини ёритувчи нашрларнинг ёзишича, Эрон бундай тизимлар учун нефт орқали тўлов қилиб бўлган.

Кокаин ортилган сувости кема ушланди

Наркотик савдоси билан шуғулланадиган жиноятчилар гиёҳванд моддаларни яширинча ташиш учун ғайритабиий йўллардан фойдаланишини биласиз. Гватемалада мана шундай гуруҳлардан бири қўлга тушди. Улар нақ 35 миллион долларлик 2,5 тонна кокаинни сувости кемасида ташиётганда ушланган. Гватемала президенти Бернардо Аревало буни тарихий воқеа деб атади.

Маълумот учун, Гвателама Марказий Америкадаги наркотик савдоси учун муҳим йўлак ҳисобланади. 2024 йилнинг ўзида мамлакатда 18 тоннадан ортиқ кокаин мусодара қилинган. Жиноятчилар охирги вақтларда контрабанда учун сувости қайиқларидан фойдаланишга ўтган. Баъзи қайиқлар худди ҳарбий субмарина каби сувостига тўлиқ чўкиб кетиши мумкин, лекин аксар кемалар қўлбола бўлгани учун сув юзасига чиққанда қўлга тушмоқда.

«Адмирал Кузнецов» энди темир терсакми?

Кемалар мавзусида яна бир хабар. Россияда ушбу ҳафта бир воқеа бўлдики, у урушлар аллақачон ўзгариб кетганини кўрсатади. Кремлга яқин нашрларнинг ёзишича, россия 7 йилдан буён таъмирланаётган «Адмирал Кузнецов» авиаташувчи крейсерини тиклаш фикридан қайтиши мумкин. Чунки ҳарбийлар бунда ҳеч қандай мантиқ йўқ деб ҳисоблашмоқда.

Тинч океани флоти собиқ қўмондони бутун бошли адмирал Сергей Авакянс авиаташувчи эскилик сарқити экани, ундан энди фойда йўқлигини айтди. «Бу жуда қиммат ва самарасиз денгиз қуроли. «Адмирал Кузнецов» таъмирини тўхтатишга қарор қилишса, уни кесиб темир-терсакка топшириш қолади», деган адмирал.

Россияда вазир ўлди, Украинада полковник ўлдирилди

Ҳафта давомида Россияда транспорт вазири Роман Старовойт ўлик ҳолатда топилди. 7 июл куни эрталаб Путин томонидан ишдан бўшатилган Старовойт кечга бориб ўзини отгани маълум бўлди. Унинг жасадини Москва яқинидаги чекка бир жойда, 1,5 ой аввал сотиб олган Теsla машинаси яқинида топишган. Старовойт транспорт вазири бўлишдан аввал Курск области губернатори бўлиб ишлаган. У ишдан кетганидан икки ой ўтиб Украина Курскка бостириб кирган, россияликларда област чегараси истеҳкомлари бўйича савол туғилганди. Унинг ўрнига келган ёрдамчиси Смирнов айнан мудофаага ажратилган пулларни ўзлаштиргани учун қамалди. ОАВда Старовойтга ҳам шу иш бўйича айблов эълон қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Биз ютуб каналимизда Старовойт ўлими ҳақида алоҳида видео ҳам эълон қилганмиз. Уни томоша қилишни тавсия қиламан.

Курдлар қурол ташлади

Ҳафтанинг энг муҳим воқеаларидан бири Яқин Шарқда содир бўлди. Туркия мамлакат учун энг жиддий хавф деб ҳисоблайдиган, сиёсий турк сериалларида гуруҳ деб тилга олинадиган Курдистон ишчи партияси аъзолари тантанали тарзда қурол ташлади. Шимолий Ироқда ўтказилган рамзий маросимда ҳаракатнинг 30 нафар эркак ва аёл жангчилари қуролларини ташлаб, ёқиб юборишди. Аввалроқ Туркия қамоқхонасида сақланаётган ҳаракат лидери Абдуллоҳ Ўжалан ўз тарафдорларини қуролларни ташлашга чақирганди. Ҳозирча Сурия ва Ироқдаги бошқа курдлар бу челленжга қўшилиши аниқ эмас. Ҳаракатнинг юқори мартабали мулозими Бесе Хозат қуроллар ташлангач, бу ҳақда турк тилида баёнот берди. Туркия президенти Эрдўған буни «мамлакат учун янги саҳифа» деб атади.

Жосус таржимон четлатилди

Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайлангач, Европа лидерлари Украинага қарши ёрдам масаласида фавқулодда йиғилиш ўтказганди. Ўтган йил декабр ойида ўтказилган ёпиқ учрашув Европа иттифоқи биносида ўтказилган ва унда Украина президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этганди. Ле Монде нашрининг ёзишича, ўша ёпиқ учрашув вақтида французчадан украинчага таржима қилиши керак бўлган тилмочлардан бири Зеленскийнинг гапларини блокнотга ёзиб борган. Ваҳоланки, ёпиқ учрашув вақтида таржимонларга ҳар қандай маълумотни қайд қилиш тақиқланади. Чехиялик таржимонлар ҳамкасблари қилган ишдан хавфсизлик ходимларини хабардор қилгач, уни залдан чиқариб юборишган.

Кейинчалик аниқланишича, бу аёл рус оиласида туғилган ва россиялик дипломатлар билан алоқаларини сақлаб қолган. Кейинчалик бу борада тергов ҳам ўтказилган. Аёл кейинчалик Франция ТИВ йиғилишида иштирок этганига қараганда унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаган. Балки жосуслик ҳақида киноларда бўлгани каби бу таржимон олдида бошқача гаплари айтиб, нариги томонни чалғитишаётгандир, бундан хабаримиз йўқ.

Бизда ҳозирча шулар. Бу сизларга етказмоқчи бўлган охирги хабаримиз эди. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан келаси якшанбада кўришгунча.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид