Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тимофей инсоният кўксига пичоқ урди — ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 21 декабр, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта оғир ўтди. Москвада Тимофей деган ўсмир бутун инсоният кўксига пичоқ урди. Унинг қотиллиги миллионлаб одамларни ларзага солди. Охирида Одинцоводаги қотиллик ҳақида ўз фикримни билдираман, ҳозир ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Купянск кимники ўзи?
Ҳафта давомида Купянск фронтнинг энг муҳим қисмига айланди. Россия томони камида икки марта Украинанинг Харкив областидаги бу шаҳар эгаллаб олингани ҳақида баёнот берганди. Лекин ўтган ҳафта Украина президенти Зеленский русларни ҳайрон қолдириб шаҳар кираверишидан видео эълон қилди. Видео янги эди.
Шундан кейин ҳам руслар қайсарлик қилиб шаҳар эгаллангани ҳақида навбатдаги марта эълон қилишди. Етмаганига Путиндан «прямая линия» вақтида бу ҳақда яна сўрашди. Путин гўёки бу эски видео экани, Купянск стелласи ҳозир бошқача кўринишда эканини айтди. Лекин Зеленский «Руслар Купянскни эгаллаганини айтяпти, лекин мен шу ердаман», деб видео янги эканини билдириб бўлганди.
Аслида Путин Зеленский Купянскка борганини рад этмади, у борган жой шаҳардан 1 км узоқдалигини айтди, унинг устидан кулишга уриниб «Нега ичкарига кирмадинг?» деди. Энди мантиқан ўйлаб қарасак, «шаҳардан 1 км узоқдаги жой» шаҳар ичкариси дегани. Россия томони украинлар Купянскда қуршовда эканини айтмоқда. Лекин бутун бошли урушаётган давлат президенти минглаб қўшинлари қуршовда қолган, тўлиқ душман эгаллаган шаҳарга бориши ўлимга баробар эканини билади. Руслар Купянскни чиндан назорат қилаётганида, Зеленскийни осонгина топиб, ўлдирган бўлишарди. Хуллас, Россия томонининг баёнотлари борган сари ишончсиз кўринмоқда.
Путин европаликларни чўчқа деди
Россия президенти Владимир Путин мамлакат мудофаа вазирлиги йиғилишида нутқ сўзлаб, Байден маъмуриятини навбатдаги марта урушни бошлашда айблади, европаликларни чўчқалар деб атади.
«АҚШда аввалги маъмурият онгли равишда вазиятни қуролли тўқнашувгача олиб келди. Бу орқали Россияни қисқа вақт ичида парчалаб юборишга умид қилишди. Европалик чўчқалар дарров бу ишга қўшилиб бизнинг қулашимиздан фойда кўришни умид қилган», деди Путин.
Дарвоқе, у навбатдаги марта Россия арсеналидаги ядровий қуроллар билан мақтанди. «Ядро кучларимизнинг 92 фоизи модернизация қилинган. Биз янги қуроллар, янги йўқ қилиш воситалари ишлаб чиқяпмиз. Бошқа ҳеч кимда бунақаси йўқ, яқин орада бўлмайди ҳам», деди Россия президенти.
Россия президенти асабий кайфиятда европаликларни сўкиб, навбатдаги марта ядро қуролини тилга олганига қараганда, фронтдаги вазият у айтаётганидай яхшига ўхшамайди. Ахир ядровий давлат ядро қуролини унгача бўлган барча воситалар иш бермагандагина ишлатади.
Сиднейда теракт
Ҳафта бошида Австралиянинг Сидней шаҳрида теракт содир этилди. Ота-бола Сажид ва Навид Акром ўқотар қурол билан соҳилдаги одамларга қарата ўқ узди. У ерда яҳудийлар Ҳануки байрамини нишонлаётганди. 50 ёшли ота полициячилар билан отишма вақтида ҳалок бўлган, 24 ёшли ўғил оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Теракт оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлгани маълум.
Сажид Акром Австралияга 1998 йил талаба визаси билан борган. Унинг ўғли Навид эса Австралияда туғилган, иккиси ҳам Австралия фуқароси. Полиция Навид Акром ИШИДга алоқадорликда гумон қилинганини маълум қилди. Воқеа жойидаги ота-боланинг машинасидан ҳаракат байроғи топилган.
Қуролланган шахслардан бирини суриялик муҳожир Аҳмад ал Аҳмад тўхтатиб қолган. У милтиқни ҳеч қандай қуролсиз олиб қўйиб, ўзи ҳам икки еридан ўқ еган. Бутун дунёда Аҳмадни қаҳрамон деб аташмоқда. Хайрия ташкилотлари томонидан бу инсон учун катта миқдорда хайрия пуллари йиғилди.
Беларус мухолифати озодликда
Ҳафта давомида яхши ишлар ҳам бўлди. Масалан, Беларус президенти Александр Лукашенко 123 нафар маҳбусни озод қилди. Уларнинг аксари 2020 йилдаги ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун қамалган сиёсий маҳбуслар эди. Озод қилинганларнинг 114 нафари Украинага юборилди ва ўша ерда матбуот анжуманида иштирок этди. Озод бўлганлар орасида Виктор Бабарико, Мария Колесникова каби Лукашенкога қарши намойиш етакчилари, амалда Беларус мухолифати лидерлари ҳам бор эди.
Уй бекаларига маош берилсин!
Ҳиндистонда ажойиб янгиликка қўл уришди, ҳозирча тажриба сифатида бўлса ҳам. Хуллас, ҳукумат мамлакатдаги уй бекаларига пул тўлаш устида бош қотирмоқда. Синов доирасида 118 миллионга яқин уй бекасига 12 доллардан 30 долларгача пул тўлаб берилади. Бу бир қарашда оздек кўриниши мумкин, лекин аслида кам таъминланган аҳоли қатлами ҳаётини кескин ўзгартириши мумкин.
Ҳиндистондаги бу ислоҳот уй меҳнатининг тан олиниши ҳисобланади. Ҳиндлар ёш болалар, қарияларни парвариш қилаётган уй бекаларига кўпроқ пул тўламоқчи. Биринчи босқичда синов 12 та штатда амалга оширилади. Бу бутун дунёда кузатилган энг йирик ижтимоий синов бўлади.
Дастур ташаббускорларининг айтишича, бу бир қарашда арзимаган пул миллионлаб ҳинд аёлларининг умрида ишлаб топган биринчи пули бўлади ва бу уларнинг ўзига бўлган ишончини оширади. Дунёда аёлларнинг уйда қиладиган ишлари ҳеч қандай статистикага қўшилмайди, уй бекаларининг оддий бўлмаган меҳнатлари учун чек берилмайди, лекин уй юмушлари аёлларга пул тўланадиган меҳнат билан шуғулланишга тўсқинлик қилади.
Ажойиб таклиф, шундай эмасми? Бизда ҳам шундай лойиҳалар устида ишлашса яхши бўларди. Уй бекаларининг кўпчилик англамас меҳнатлари мамлакатдаги оилалар тинч, рўзғор эгалари хотиржам ишлашини таъминлайди. Оилалар тинч бўлса, мамлакат тинч бўлади.
Сувости кемасига ҳужум
Украина ва Россия ўртасидаги уруш бошланишидан аввал Украина ҳарбий денгиз флоти ҳақида эшитганмисиз? Менимча, йўқ. Тўғри, Украинада флот бор эди, лекин Россия флоти билан солиштирганда йўқ ҳисоб. Биргина Қора денгиз флотининг ўзи бутун Украинани йўқ қилишга етарлидек кўринарди ваҳимасидан. Лекин бунақа эмаскан.
Уруш бошланганидан буён украинлар русларнинг исталган турдаги қуролларини йўқ қилди: танклар, самолётлар, кемалар, крейсерлар, ҳатто «стоянка»да турган стратегик бомбардимончиларгача. Лекин ҳозиргача сувости кемаси йўқ қилиниши билан боғлиқ ҳолат кузатилмаганди. Буни қарангки, қўшнисига қарши тўрт йилдан бери урушаётган украинлар сув остида жанг қилишни ҳам ўрганиб олибди.
СБУ маълумотига кўра, Sub Sea Baby сувости дрони ёрдамида Россиянинг «Варшавянка» деган сувости кемаси йўқ қилинган. Seab Baby бу ўша украин чилангарлари ясаган қўлбола сувусти дрон. Sub Sea Baby ўша дроннинг сув тагида ҳаракат қиладиган версияси, Pro Max варианти тушунарлироқ бўлиши учун. Унинг номидаги Sub субмарина дегани.
Йўқ қилинган сувости кемасида «Калибр» қанотли ракеталарини учиришга мослашган тўртта мослама бўлган. Кеманинг нархи 400 миллион долларга баҳоланмоқда.
Грин-карта тўхтатилди
АҚШ президенти Доналд Трамп биринчи муддатидан бери ҳаракат қилаётган орзуларидан бирига эришди. Грин-карта лотереяси тўхтатилди. Эсингизда бўлса, Браун университетида отишма содир бўлиб, ўзбек талаба ҳалок бўлганди. Ана ўша отишмани содир этган шахс АҚШга грин-карта лотереясини ютиб борган экан. Оқ уй шуни баҳона қилиб ҳар йили минглаб одамларга Америкада яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган дастурни бекор қилиб юборди. Ўзбекчасига айтганда, бургага араз қилиб кўрпани ёқишди.
Трамп биринчи муддатида ҳам «грин-карта умуман кераксиз дастур экани» ҳақида кўп гапирарди. Шу тариқа бу йил катта эҳтимол грин-карта лотереяси учун ариза топшириш бошланмайдиган бўлди. Бу чеклов Трампнинг муддати якунлангунча сақланиб қолса ҳам ажаб эмас. Доналд Трамп Вашингтондан туриб биргина буйруқ билан Самарқанддаги бутун бошли грин-карта индустриясини тўхтатиб қўйган кўринади.
Тожик болани ўлдиришди
Ҳафтанинг энг даҳшатли воқеаси Россияда содир бўлди. Москвадаги мактаблардан бирида 15 ёшли Тимофей деган ўсмир ўқувчи пичоқли ҳужум амалга оширди. Ўзи ўқийдиган мактабга хавфсизлик нимчаси ва каска кийиб, пичоқда қуролланиб борган Тимофей аввал унга кўп танбеҳ берган ўқитувчини қидирган, тополмагач йўлидан чиққан кичик синф ўқувчиларидан уларнинг миллатини сўраган. Ўқитувчи дарров ўқувчиларни панага олган, лекин бир бола омон қолиш учун зинага қараб югурган...
Қотил Тимофей совуққонлик билан боланинг орқасидан югуриб, унга пичоқ уриб ўлдирган. Барчасини совуққонларча видеога олган, охирида ўзи ўлдирган 10 ёшли бола фонида расмга тушган. Болакай ўлимидан олдин бир гап айтишга улгурган: дада! Ваҳоланки 10 ёшли тожикистонлик Қобилжоннинг дадаси ўлган, шу мактабда фаррошлик қиладиган бева онаси у ва эгизагини ёлғиз катта қилаётганди. Ўғил бола шунақа, дадамга ўхшайман дейди, оғир дамида дадасини чақиради, ҳатто дадаси ўлган бўлса ҳам...
Қотил Тимофей мактабга турли оммавий қотилликларга ишора қиладиган ёзувлар туширилган каскада борганди. Бир кун аввал мактаб чатида нацистик кайфиятдаги хабар ҳам қолдирган. Бу даҳшатли қотилликдан кейин Россияда марказий осиёлик муҳожирларга муносабат масаласи навбатдаги марта кун тартибига чиқди.
Қизиғи, Россияда бутун собиқ иттифоқ давлатларини ларзага солган қотиллик бўлди, лекин «прямая линия»да 4,5 соат гапирган Путиндан бирор марта бу ҳақда сўрашмади. Бу қотиллик чинакамига миллионлаб одамларни шокка туширди. Айниқса марказий осиёликларни. Чунки минтақамизнинг миллионлаб одамлари Россияда меҳнат қилиб, кун кўради.
Шу куни Тимофей деган нацист 10 ёшли Қобилжоннинг эмас, Россияда кўп йиллар камситилганига қарамай, оиласини боқиш учун сабр қилиб келган миллионлаб ўрта осиёлик муҳожирлар кўксига пичоқ урди. Бу пичоқ бир нацист томонидан эмас, ўрта осиёликларни хушламайдиган жамият томонидан урилгандек бўлди гўё. Шу сабаб бу зарба жуда оғриқли бўлди.
Албатта, Россиядаги барча эс-ҳуши жойида инсонлар Тимофейнинг ишидан даҳшатга тушди, тожик бола учун мотам тутди. Чунки ҳеч бир жиноятда миллатнинг айби бўлмайди, миллатнинг ёмони бўлмайди.
Биласизми, Тимофейга ёки Брейвикка ўхшашни орзу қиладиган руҳий маняклар ҳамма жамиятда топилади. Давлатлар, жамиятлар уларни тийиб туриши керак. Лекин ҳар куни телевизорда марказий осиёлик мигрантлар камситилса, бутун бошли чиновниклар уларни ҳайдаш керак деса, «Русская обшина»га ўхшаган миллатчи гуруҳлар муҳожирларни тутиб рейд қилса, жамиятда бир гуруҳ инсонларга нисбатан тотал нафрат ҳукмрон бўлса, бояги зимдан фурсат кутиб ётган маняклар буни ўзига берилган сигнал, рухсат деб тушунади.
Сўзимизни ўзбекнинг такрорланмас шоири Абдулла Ориповнинг «Тунислик бола» деган шеъри билан якунламоқчимиз. Шоир Римда устидан бензин қуйиб ёқиб юборилган тунислик бола ҳақида олис 80-йилларда ажойиб шеър ёзганди.
Афсус, разолатга ботди бу очун,
Айбни яратганга тўнкамоқ нечун?
Сенга ўт қўйдилар бир эрмак учун,
Римга нега келдинг, тунислик бола?
Биламан, сен учун парча нон қаҳат,
Замин мозор бўлса, Африка лаҳад.
Ўт қўйса, ўт қўйсин ўз элинг фақат,
Римга нега келдинг, тунислик бола?
Бу шундоқ манзилки, дўстни ёвлайди,
Ота ўз фарзандин авраб товлайди.
Бу юртнинг сайёди одам овлайди,
Римга нега келдинг, тунислик бола?
Шундоқ ҳолга келмиш қадимий Лотин,
Булғалар шарафин, булғалар зотин,
Чумолича кўрмас одам ҳаётин,
Римга нега келдинг, тунислик бола?
Ҳа, олов остида буткул ер юзи,
Тутунга тўлмоқда одамзод кўзи,
Ёниб кетмасайди заминнинг ўзи,
Римга нега келдинг, тунислик бола?
Азиз миллатдош, сизга шу юртнинг оддий фарзанди сифатида бир илтимосим бор, хушланмайдиган ерларга борманг. Биламан, иш топиш қийин, маош кам, орзу-ҳаваслар. Лекин эрталаб уйғониб кўчага чиққанда сизни хушламайдиган одамлар дўқ-пўписасини эмас, худди ўзингиз каби оддий қўшнингиз саломлашишини эшитишга нима етсин. Майли, орзу-ҳавасни камроқ қиларсиз, рўзғор дегани шу ерда ҳам амаллаб ўтар... Ҳаракат қилганга Худо ўзимизда ҳам беради. Омон бўлинг, азизлар. Ҳафталик дайжест лойиҳаси билан кейинги якшанбагача.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
14:39 / 14.12.2025
Зеленский фронт чизиғида, Трамп ҳаммадан хафа — ҳафта дайжести
14:21 / 07.12.2025
АҚШ ва Россия келиша олмади, Ғазода оммавий тўй — ҳафта дайжести
15:55 / 30.11.2025
Путинга «ақл ўргатган» Уиткофф, тозалаш бошлаган Зеленский – ҳафта дайжести
21:23 / 23.11.2025