Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 11 январ, якшанба. 2026 йилнинг эндигина ўн куни ортда қолди, лекин бу ўн кунда шунчалик кўп ишлар бўлиб кетдики, бутун йилга татигулик. Америка Мадурони асир олиб, Россия кемасига десант туширди, Эронда охирги йиллардаги энг жиддий намойишлар авж олди, Путин яна севимли ракетаси «Орешник»ни ишлатди, лекин осмон узилиб ерга тушмади, жонажон сайёрамиз ўз ўқи атрофида ҳеч нарса бўлмагандек айланишда давом этмоқда. Шунча иш бир ҳафтада бўлиб кетди. Қуйида ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Мадурони олиб қочишди
3 январ куни замонавий дунё тарихида кузатилмаган фантастик воқеа содир бўлди. Америка махсус хизматлари Венесуэла ҳаво мудофаасини қисқа вақтда яксон қилиб, Каракас марказидаги қаттиқ қўриқланадиган қароргоҳдан мамлакат президенти Николас Мадурони олиб қочди. Операция жуда тез ўтказилди, чегарадан кириб ҳаво мудофаасини яксон қилиш ва Мадурони олиб чиқиб кетиш учун уч соат етарли бўлгани, Венесуэла президентини ўғирлаш учун ўтказилган асосий операция учун атиги ярим соат сарфлангани айтилди.
Венесуэла президенти ўғирлангани ҳақида хабарлар чиқа бошлаган вақтда синиор Мадуро Америка ҳарбий кемасида Ню Йорк томон йўлга чиқиб бўлганди. Уни аллақачон наркотерроризмда айблаб, суд қилишга ҳам улгуришди.
Трамп Мадуро қўлга олинишини фавқулодда кўтаринкилик билан эълон қилди. Амалиёт «Американинг кучини кўрсатиб қўйганини» айтди, уни бошқарган генералларни мақтаб, «уларга ўхшаган қўмондонлар бўлса, Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳам жуда тез тугарди», деди.
Американинг бу ҳаракати бутун дунёни шокка туширди. Тўғри, Вашингтон Венесуэла атрофида анчадан бери қўшин тўплаётган, Мадурони ағдариш даъвосини яширмаётганди, лекин воқеалар бунчалик тез ривожланиши, Венесуэладаги режим Мадурони бунчалик осон олиб қочиш орқали қулашини ҳеч ким тасаввур қилмаганди.
Ғарбий яримшар даъвоси
Трамп Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин навбатдаги марта АҚШ «минтақани тўлиқ ўз таъсир доирасидаги ҳудудга айлантиришга ҳақли экани» ҳақида гапирди. Давлат департаменти саҳифасида «Бу бизнинг яримшар», деган пост пайдо бўлди. Бу Ғарбий яримшар Американики, дегани эди.
Венесуэла Россиянинг узоқ йиллик иттифоқчиси. Дунёдаги энг катта нефт захирасига эга давлат Американинг қўшниси бўлатуриб Россия билан иттифоқчи экани Трампга ёқмади. Мадуро қўлга олинганидан кўп ўтмай Трамп энди Данияга тегишли дунёдаги энг катта орол Гренландияга даъво қилишни бошлади.









