Жамият | 13:34 / 03.12.2023
28185
5 дақиқада ўқилади

Ўзини армиядагидек ҳис қилган талабалар ва 21 минг сўмлик тангага қилинган бозорлик – “Талаба кундалиги”

Пул топаман деб 100 минг сўм пулидан айрилган, бутун ётоқхонани айланиб, 21 минг сўмлик танга пул тўплаган ва тунги 2-3гача мажлисда тутиб турилган талабаларнинг ҳикоялари билан "Талаба кундалиги"нинг бугунги сонида танишамиз.

1-ҳикоя: Талабани туяни устида ҳам ит қопади

Ўқишга кирган йилларимиз кўпинча мардикор бозорига чиқардик. Ҳатто бир марта озиқ-овқат йўқлигидан бир кунимизни сув ичиб ўтказганмиз. Эртасига дўстим билан Самарқанд шаҳридаги мардикор бозорига борганмиз. Чамаси 500 киши иш учун тўпланиб турибди. Ҳа, бу ҳақиқий мардлар майдони эди. Ҳақиқий демократияни шу ерда кўрганман. Чунки қўлингдан иш келадими ўзинг ҳаракат қил. Ҳеч қандай таниш-билишга эҳтиёж йўқ.

Олтмишлардан ўтган онахон бизни танлади. У билан тайёр лойни ғишт қолипларига қуйишга ва донасини 800 сўмдан келишдик. Ишга киришишни бошламоқчи ҳам эдик, бояги аёл лойни ўзимиз тайёрлашимиз кераклигини айтиб қолди. Узоқ тортишувлардан кейин лойни ҳам ўзимиз қорадиган бўлдик. Бир амаллаб лой қилдик. Кейин ғишт қуя бошладик. Шу пайт аёлнинг ўғли келиб, ишимизни текшириб, айб топишни бошлади. Бунга онахон ҳам қўшилди. Биз чидолмай, ишни ташлаб кетишга қарор қилдик. Лекин кутилмаганда уй эгаси бизни овқатлантиришга 100 минг сарфлаганини, шуни тўламасак, бизга яхши бўлмаслигини айтиб, босим қилди. Бўшлик қилдик, кўп тортишолмадик, мажбур бошқа бир дўстимиздан илтимос қилиб, аёлнинг пластик картасига 100 минг ўтқазиб бердик.

Мақол бор эди: Камбағални туяни устида ҳам ит қопади. Менимча, камбағал сўзини талаба сўзига ҳам алмаштириб ишлатса хато бўлмайди.

2-ҳикоя: 21минг сўмлик тангага қилинган бозорлик

Курсдошлар билан йиғилганда, қайта-қайта эслайдиган воқеамиз бор.

Ўшанда 2014 йил, 1-курс талабаси эдик. Ётоқхонага ота-оналар, қариндошлар бизни йўқлаб келишарди. Табиийки, талабанинг олдига ўзлари билан яхшигина озиқ-овқатлар олиб келишарди. Шундай вақтларда ўзимиз кам бозорлик қилардик. Лекин бир куни егуликларни таги кўриниб қолди. Биз 2 хонада турадиган 8 ўртоқ бозорлик қилишга келишдик. Лекин пулимиз йўқ. Шунда менинг хаёлимдан “доҳиёна” фикр ўтди: ётоқхоналардаги хоналарни айланиб, автобусда қайтимга бериладиган танга пулларни талабалардан илтимос қилиб йиғиб чиқиш.

Шундай қилдик ҳам. Ҳамма йиғган пулини ўртага ташлади. 21 минг сўм бўлди. Тангаларни олдикда,  дўконга бордик. Савдо қилиб бўлиб, дўкончининг ёнига 21 минг сўмлик тангаларни қўйдик. Сотувчи бизга қараб туриб, талабамисизлар деб сўради. Ҳа, дедик. Ва у савдо қилган нарсаларимиз учун биздан пул олмади, 21 минг тангага, бошқа дўкондан яна нарса сотиб олдик.

3-ҳикоя: Ётоқхонада тунги 1да ўтган йиғилишлар

Талабалар турар жойида яшайдиганлар ётоқхонинг армияча тартибидан хабардор бўлса керак. Худди шундай ҳолат бизнинг ётоқхонани ҳам четлаб ўтмаган. Тасаввур қилинг, соат тунги 01:00 ва одамлар мазза қилиб ширин тушлар ичида кезиб, тинч уйда, ҳеч қандай "йиғилиш"ларсиз ухлайди. Бу – кўпчилик "Талабалар шаҳарчаси"да турувчи 1-курс талабаларининг орзуси бўлса керак, менимча.

Нега, дейсизми? Чунки Ўзбекистондаги кўп ётоқхоналарда талабалар билан тунги йиғилишлар ўтказилади. Бизда ҳам кўп шундай бўлди. Олийгоҳга киришдан олдин, бутунлай бошқача тасаввурда эдим. Лекин киргач, фикрим анча ўзгарди. Бунга ётоқхоналарда ўтадиган йиғилишларнинг ҳиссаси катта. Бизда кечқурун 2-3гача "маънавий тарбиявий йиғилишлар давом этади. Натижада эрталаб 8:30даги дарсга кечикмай боришнинг иложи бўлмай қолади. Ўзим айнан шу сабаб бир неча бор дарсга кечикдим ва йўқламадан ўтолмай, дарс қолдирганга чиқдим. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари тунги рейдга чиқиб, ётоқхоналарда ўтадиган йиғинларга барҳам беришларини сўрардим.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

P.S: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uz’нинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид