Ўзбекистон | 17:19 / 09.08.2024
10608
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда миллий ID-карталарни ўзаро тан олишни таклиф қилди

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида туристик алмашувни кенгайтириш мақсадида “Битта тур – бутун минтақа” тамойили бўйича миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш масалаларини ўрганиб чиқишни таклиф қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, туризм сектори минтақавий ҳамкорликнинг янги драйверига айланиб бормоқда. Мамлакатлардаги ички минтақавий туристик оқим улуши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди.

Келгуси ойда кўҳна Хива шаҳрида минтақа мамлакатларининг навбатдаги Парламентлараро форумини ўтказиш режалаштирилган.

Президент минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказишни таклиф қилди.

“Марказий Осиё ёшлар кун тартиби – 2030”ни илгари суриш ва ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб қилиш учун доимий равишда Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказиш таклиф этилди.

Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатлардаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисида ҳам битим ишлаб чиқилиши мумкин.

Шунингдек, минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш таклиф қилинди.

Ушбу лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрида октябр ойида Марказий Осиё биринчи таълим форуми ўтказилади.

Мавзуга оид