Жаҳон | 08:34
913
2 дақиқада ўқилади

Кобулда Марказий Осиё ва Афғонистон илк мулоқоти ўтказилди

Жорий йилнинг 5 апрел куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида биринчи маслаҳатлашув мулоқоти бўлиб ўтди.

Фото: Ariananews

Ariananews маълумотига кўра, ушбу юқори даражадаги учрашув минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Унда Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон вакиллари иштирок этди.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мулоқот дипломатик мувофиқлаштиришни кучайтириш, иқтисодий интеграцияни кенгайтириш ҳамда янги кўп томонлама сиёсий механизмни шакллантиришга қаратилди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий мазкур мулоқотни минтақавий дипломатия учун янги платформа сифатида баҳолаб, у ўзаро ишонч ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Музокаралар давомида иқтисодий ва энергетик лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ТАПИ газ қувури, CASA-1000 энергетика лойиҳаси ҳамда “Лапис Лазули” транспорт йўлагини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, савдо айланмасини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш режалари қайд этилди.

Учрашувда хавфсизлик ва чегараларни бошқариш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний миграция ва экстремизм каби таҳдидларга қарши қўшма чоралар муҳокама қилинди.

Якунда мунтазам маслаҳатлашув механизмларини йўлга қўйиш, қўшма хавфсизлик тизимини шакллантириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид