Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қачонки эркинлик бўлса, ўшанда олимлар давлатга ёрдам беролади” — Америкадаги ўзбек профессори
Ўзбекистонда академик эркинликни таъминлаш учун эркин фикрловчи олимлар ва уларга қулоқ солувчи ҳукумат керак. Бундан ташқари, ҳуқуқий асос ҳам лозим. Чунки ҳуқуқий кафолатларсиз олимлар қўрқади ва гапиролмайди, дейди АҚШдаги Калифорния университети профессори Шароф Тўғизов.
Фото: KUN.UZ
Kun.uz мухбири АҚШга сафари давомида Калифорния университети тиббиёт факультети профессори, асли ўзбекистонлик Шароф Тўғизов билан суҳбатлашди. 90-йиллардаги турғунлик ва илм-фанга эътиборсизлик ортидан АҚШга кетган ёш олим, у ерда ўз фаолиятини қайтадан бошлайди ҳамда бугунга келиб вирусология ва юқумли касалликлар соҳаси бўйича биология фанлари доктори, профессор даражасига етган. Шароф Тўғизов, шунингдек, шифокор-вирусолог, генно-инженер олим бўлиб, университетнинг Сан-Францискодаги бўлимида ишлайди.
— Айнан Ўзбекистонда академик эркинлик йўқлигига нима сабаб деб ўйлайсиз?
— Асосий сабаб демократияга ўтиш бўлмаётгани. 90-йиллар бошида барча собиқ иттифоқ давлатлари демократияни танлади, аммо 30 йилдан ошдики, демократияга ўтолмаяпти. Демократик давлатга яқинлик деган гап ҳам бор, лекин бу унчалик тўғри эмас. Масалан, Жанубий Корея ҳеч қандай демократик давлатга яқин эмас, лекин демократия ишлаб турибди. Демократия бу — сиёсий эркинлик.
Демократия учун биринчи галда эркин фикрловчи сиёсатшунос олимлар ва уларга қулоқ солувчи ҳукумат керак. Ва демократик институтлар ишлаши лозим, шундагина ўзгариш бўлади. Агар шу нарсалар бўлмаса, тўхтаб тураверади. Дунёда 60-70 фоиз давлатда демократия ишламайди, номигагина демократия улар. Маҳаллий ҳокимликлардан тортиб суд тизимигача эркин сайлов бўлиши керак. Ҳокимликлар, парламент ва суд тизими бир-бирини тийиб турувчи бўлиши керак ва айтганимиздек, бунинг учун эркин сайлов тизими лозим.
Ўзбекистонга борганимда кўп гаплашаман хукумат доирасидаги одамлар билан. Уларнинг ҳаммаси билади нима қилиш кераклигини айтишади ҳам, лекин амалда ҳеч нарса йўқ. Бу характер фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа кўпчилик давлатларда ҳам шундай.
— Ўзбекистондаги олимларнинг ўзи ҳам академик эркинликка ҳаракат қиляптими?
— Бу бўйича аниқ фактларни билмайман. Лекин шуниси маълумки, академик эркинлик учун аввало қонун қабул қилиниши керак, яъни хуқуқий асос лозим. Олимларга хуқуқий кафолат бўлмагач, улар қўрқади ва гапиролмайди. Масалан, Ўзбекистонда Зарифбой Ибодуллаев деган тиббиёт олими бор. Пандемия вақтида вебинар қилиш таклифи билан чиққан менга, бир нечта вебинарлар қилганмиз у билан. Ўша киши кўп қаттиқ танқидлар қилади соҳаси бўйича, таълим бўйича. Ўзим билган бир вазиятда унинг танқидидан кейин ишлаб турган жойидаги раҳбарият, ҳамкасблари унга ҳар хил гаплари, «танбеҳ»лари билан босим ўтказгандек бўлди. Кўряпсизми, ҳали давлат органлари эмас, ўз атрофидагилар шу ишни қиляпти. Бу деганики, олимлар академик эркинликни тушунмайди. Америкада бундай танқидлар одатий ҳол, ҳеч ким тақиқ қўймайди. Бу ерда қайтага гапираётган олимнинг иш жойи қўллаб-қувватлайди бизнинг олим деб.
Тарихан Ўзбекистон илм-фан юрти, маркази бўлган. Ўша тизимлаштирилган совет иттифоқи даврида ҳам Марказий Осиё учун Ўзбекистон кадрлар тайёрлар эди. Лекин фақат шу академик эркинлик йўлга қўйилмаяпти. Қачонки эркинлик бўлса, ўшанда олимлар давлатга ёрдам беролади.

— АҚШда давлатнинг тутумларини танқид қилувчи олимлар кўп. Уларнинг фаолиятини эса давлат молиялаштиради, шундай бир вазиятда ўшандай олимларни моддий томондан қисиб қўйишга ҳаракатлар бўлмайдими ҳукумат томонидан?
— Бу ерда тизим ишлайди, механизм айланиб турибди, шунинг учун бундай ҳолатлар кузатилмайди. Бу тизим бирдан ўрнатилиб қолмаган, вақт керак бўлган. Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйишга бироз вақт керак. Лекин ҳозир замон тезлашган, маълумотлар тез алмашади, тез кўриб чиқилади. Бирор нарсани жорий қилиш ҳам тез амалга ошади бугунда.
Масалан, Ироқдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида Калифорния университети талабалари, ходимлари президентнинг йўлини тўсиб ўтказгани қўйишмаганди. Ўша вазиятда президент фалончини ишдан ол, деёлмайди, ҳаққи йўқ. Чунки тизим бор бу бўйича. Танқид бўлдими, ўзгаради ҳам. Бу ҳам эркин фикрлаш масаласи. Ўзбекистонда эса бу нарса маромига етгани йўқ. Механизм ҳам йўқ.
Бутунлай эркин фикрлаш бўлса, ҳар ким гапираверадими билганини, деган масала қўйишади. Йўқ, «қизил чизиқ» бор бунда ҳам, яъни қандай? Шундайки, ҳар ким ўз соҳаси бўйича илмий исботлар билан гапиради, аниқ мисоллар келтиради. Агар нотўғри ёки ёлғон гапларни гапирса, ўзига ёмон бўлади, карьераси ва унга бўлган ишонч ўлади. Олимлар академик эркинликнинг ва ўз фикрларининг масъулиятини ҳис қилишади.
— Ўзбекистондек давлатлар коронавирус пандемияси каби ҳолатларда қандай йўл тутиши керак, нималар қилиши лозим?
— Умуман, 10 йиллардан бери бу бўйича катта ишлар олиб бориляпти. Натижалар шуни кўрсатяптики, ҳали табиатда вируслар захираси жуда катта. Вирусология фани шу пайтгача 600 турдаги вирусларни ўрганган. Лекин тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, табиатда 600 мингдан 1 млнгача вирус тури бор ҳали. Шу вируслардан 10 мингтаси патоген бўлиши мумкин. Вирусларнинг захираси сақланиши иқлимга боғлиқ бўлади.
Аҳолининг бошқа касалликларга чалингани, вируслар билан киришувчанлиги ва бошқа статистикалар керак. Масалан, Америкада 20 фоиз аҳоли турли даражадаги қандли диабет билан оғрийди. Ва бошқа касалликлар ҳам бор. Тахминан 30 фоиз аҳолида вирусларга қарши иммунитет яхши эмас. Мана шундай статистикалар керак давлатга.
Вируслар кўпайиб бораверади. Охирги йилларда 30 та патоген вирус ҳайвонлардан одамларга ўтди. Амазонка ўрмонлари қисқаряпти, у ердаги ҳайвонлар, кўршапалаклар миграция қиляпти, натижада вирус ташиляпти. Ҳайвондан ҳайвонга ўтган вируслар эса ўзгаради, хавфлилашади. Ёввойи ҳайвонлардан уй ҳайвонларига, кейин эса одамларга ўтади. Умуман, иқлим ўзгариши давом этаверса, жараён кетаверади. Масалан, музликлар остида миллионлаб йил ётган вируслар бор. Эриш натижасида фаоллашади улар ҳам. Оддий қушлар ҳам вирус ташувчи бўлади.
Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ишларни бир давлат бўйича қилиш қийин. Минтақа бўйлаб йўлга қўйиш ва вирус ўчоқларини топиш керак. Ўзбекистонда ҳар йили исиш даражаси 7 градусгача кўтарилар экан. Бу дегани тоғлардаги қорлар эриши мумкин, адирлик, чўл ҳудудлари янада қуриб, у ердаги ҳайвонлар иммиграция қилиниши мумкин. Шу жараёнда янги вируслар пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Шу нарсаларни ўйлаб, режалар, лойиҳалар қилиш керак. Иқлим ўзгариши бўйича шунча гапирилади, лекин амалда иш қилинмайди ёки қилинаётган ишлар етарли бўлмаяпти.
– Келажакда ўз фаолиятингизни Ўзбекистонда кўра оласизми?
— Мен доим ўзимни Ўзбекистондан айро кўрмаганман. Қийин вақтларда, тақиқ бўлган пайтларда ҳам маърузалар ўтганман. Ўзбекистон билан боғлиқ лойиҳалар қилганман.
Президент томонидан таклиф ҳам бўлганди, лекин Ўзбекистонда вирусология бўйича инфратузилма йўқ. Ҳужайра биологияси базаси шаклланмаган, технологиялар етарли эмас. Ўзбекистонда яхши вирусология маркази ташкил этиш учун энг камида 100 миллион доллар керак. Бундай маблағни давлат беролмайди ҳали. Бундан ташқари, вируслар коллекцияси, захиралари керак. Агар барча шароитлар бўлса мен бориб ишлайман, албатта. Ўзбекистон — менинг ота юртим, она юртим. Ўзим ҳар йили бориб тураман.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
19-март, 2023 йил
Сан-Франциско шаҳри, Калифорния. АҚШ
- Суҳбатнинг 1-қисми: “Академик эркинликнинг йўқлиги жамият ривожига салбий таъсир қилади” – Калифорния университетидаги ўзбек профессори билан суҳбат
Мавзуга оид
12:31 / 27.09.2025
Мексика орқали ноқонуний равишда Америкага юбориш ҳолати аниқланди
17:44 / 28.08.2025
Мустақиллик руҳияти нима? Истиқлол учун энг керакли унсурлар
07:35 / 18.07.2025
Европанинг уч давлати Украина учун АҚШ қуролларига пул тўламайди
20:15 / 12.06.2025