Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пулларингиз қачон яроқсиз бўлади? – пуллар ҳақида маълумотлар
Қоғоз пуллар шикастланган, йиртилган, елимланган ёки чизилган бўлса, қандай ҳолатларда муомалага яроқли бўлишини биласизми? Банкларда шундай банкнотларни алмаштириб олса бўладими? Kun.uz пуллар қачон яроқли ёки яроқсиз бўлиши ҳақида видеошарҳ тайёрлади.
Марказий банк департаменти директори Фазлиддин Бозоровнинг айтишича, банкларда нақд пулларни саралаш жараёнида улар “муомалага яроқли”, “эскирган”, “тўловга яроқсиз” пуллар тоифаларига ажратилади.
Сийқаланмаган, яъни банкнот қоғозининг мустаҳкамлиги, уни яна муомалада айланиши учун имконият берадиган даражада мустаҳкам пуллар “муомалага яроқли” банкнотлар тоифасига киради. Бундай банкнотларнинг шикастланганлик даражаси қуйидагича бўлиши керак:
- банкнотнинг айрим қисмига ёзувлар ёзилган ёки бўялган бўлиши мумкин;
- агар бўялган ёки бўёқ тўкилган бўлса, бу жой банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмаслиги керак;
- банкнотнинг йиртилган, тешилган жойининг диаметри ёки йиртилиб тушган қисми бир сантиметрдан ошмаслиги керак;
- бу шикастланишлар банкнотнинг номиналини ёки унинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермаслиги лозим;
- • банкнотнинг ранги кескин тарзда ўзгармаган бўлиши ҳам талаб этилади.
Бу талабларга жавоб берадиган пуллар “муомалага яроқли”, жавоб бермайдиганлари эса “эскирган пуллар” ҳисобланади. Эътиборлиси шундаки, эскирган пуллар ҳам савдо нуқталарида қабул қилиниши шарт.
Энди “тўловга яроқсиз” пуллар тоифасига келсак. Банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Шунингдек, пул олди-бердисида банкнотларнинг тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш зарур.
Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз тўлов воситаси ҳисобланади:
- бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;
- дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;
- ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;
- қонуний тўлов воситаси эканлигини кўрсатувчи асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;
- банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;
- муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;
- банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса;
- банкнота геометрик ўлчами 3 ммга тенг ёки ундан ортиққа ўзгарган бўлса;
- банкнота тасвирини (суратини, портретини, шаклини) аниқлаш имконини бермайдиган даражада сезиларли сийқаланган ва ифлосланган бўлса;
- ўзининг қаттиқлик даражасини сезиларли даражада йўқотиб, юмшоқ ҳолга келган банкнотлар.
Агар банкнот тўловга яроқсиз бўлмаса, уларни банкларда алмаштириб олиш мумкин. Бунда банклар кассалари орқали шикастланган, эскирган банкнотлар қабул қилиниб, уларнинг умумий суммасига тенг бўлган миқдорда яроқли банкнотлар билан алмаштириб берилади.
Елимланган банкнот қисмлари битта банкнотга тегишли бўлса, яъни серия, рақамлари бир хил бўлганда “яроқли пул” сифатида тўловга қабул қилиниши лозим. Агар иккита алоҳида банкнотнинг қисмлари бир-бирига елимланган бўлса, ундаги серия, рақамлар турлича бўлиб қолади. Бу банкнотларнинг ҳар икки қисми алоҳида олинганда, банкнот умумий юзасининг 55 фоизидан кам бўлса, “тўловга яроқсиз” деб топилади.
Тўловга яроқсиз пуллар тижорат банкларида алмаштириб берилмайди. Эскирган пулларни эса алмаштириш мумкин, улар банкларда қабул қилингач, қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди.
Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи – Жавоҳир Ғайратов
Мавзуга оид
08:58 / 02.01.2026
Сурияда Асадлар портретисиз янги банкнотлар муомалага киритилди
18:25 / 01.12.2025
Туркманистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб пластик пулни муомалага киритди
15:15 / 13.10.2025
РФ Марказий банки 500 рубллик банкнота дизайни бўйича овоз беришни бекор қилди
22:07 / 14.02.2025