Жаҳон | 18:25 / 01.12.2025
43505
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб пластик пулни муомалага киритди

Полимер (пластик) банкнота юпқа, мустаҳкам плёнкадан тайёрланади, бу уни ейилишга ва намликка чидамлироқ қилади. Полимер мураккаб ҳимоя элементларини жорий этиш имконини беради ва қоғоз банкнотага нисбатан 2-3 марта узоқ хизмат қилади.

Фото: Türkmenistan Habarlar Portaly

1 декабрдан бошлаб Туркманистон Марказий банки 200 манатлик банкнотани муомалага киритди. Бу ҳақда ТДХ хабар берди.

Янги купюранинг муомалага киритилиши Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақомини олгани 30 йиллигига тўғри келади. Банкнота полимер (пластик) материалдан ясалган. Унинг олд томонида Арқадағ ёдгорлиги, орқа томонида эса Арқадағ шаҳри ҳокимлигининг маъмурий биноси тасвирланган.

Шу билан бирга, номинал қиймати 1, 5, 10 манат бўлган модификацияланган полимер банкноталар муомалага чиқарилди. Ушбу купюраларнинг ранги ва дизайни умуман сақланиб қолган, бироқ Туркманистон ҳукумати 2025 йилни Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб белгилаган эмблема қўшилган.

Туркманистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб пластик пулни муомалага киритмоқда. Марказий банкнинг тушунтиришича, янги банкнотларнинг асосий хусусиятлари қалбакилаштиришдан юқори даражада ҳимояланганлиги ва ташқи таъсирларга - ифлосланиш, эскириш, шикастланиш ва бошқа омилларга чидамлилигидир. Шу билан бирга, аввалги қоғоз пуллар Туркманистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади Марказий банк.

Туркманистон манатининг расмий курси кўп йиллардан буён 1 доллар учун 3,5 манатни ташкил этади. «Қора бозор»да 1 доллар учун 19-20 манат таклиф қилинади.

Полимер банкнота юпқа, мустаҳкам плёнкадан тайёрланади. Бу уларни ейилишга ва намликка чидамлироқ қилади. Полимер мураккаб ҳимоя элементларини жорий этиш имконини беради ва қоғоз банкнотага нисбатан 2-3 марта узоқ хизмат қилади. Сувдан «қўрқмайди», осонликча йиртилмайди, эгилишга яхши чидайди. Полимер ифлослик ва терни ёмонроқ сингдиради, бактерияларни камроқ тўплайди. Полимер банкнотларни қайта ишлаш мумкин, бу уларни эскиргандан кейин одатда ёқиб юбориладиган қоғоз банкнотларга қараганда экологик тоза қилади.

Австралия 1988 йилда дунёда биринчи бўлиб пластик пулларни жорий қилган ва кейинчалик қоғоз пуллардан бутунлай воз кечган давлат ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид