Ўзбекистон | 22:10 / 05.09.2023
10346
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлик субъектларининг тўғридан тўғри судга шикоят қилишидаги чекловлар олиб ташланмоқда

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартиришга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

Фото: Getty Images

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Солиқ кодекси ҳамда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ва “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Таъкидланишича, мазкур ўзгаришлар тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини чекловчи нормаларни бекор қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартиришга қаратилган. 

Хусусан, Солиқ кодексида солиқ тўловчилар сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан тўғридан тўғри судга шикоят қилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Амалдаги тартибга кўра, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарор устидан юқори турувчи солиқ органига шикоят қилингандан (шикоят кўриб чиқилганидан) кейин судга мурожаат қилиш мумкин.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқларини тўғридан тўғри суд орқали ҳимоя қилиши ёки маъқул деб ҳисобласа, юқори турувчи солиқ органига шикоят қилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор этиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш мажбуриятларини бекор қилиш назарда тутиляпти.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид