Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Credit House” иши бўйича суд бошланмоқда
Жорий йил 25 декабр куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди якунланаётган йилнинг энг йирик фирибгарлик ишини кўриб чиқа бошлайди. Суд мажлислари жадвалидан кўринишича, жабрланувчилар сони 1 766 нафарни ташкил этади.
Фото: Kun.uz
Тошкентда осон шартлар билан уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” ва “In Fin Strоy Invest” билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилгани маълум қилинганди.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судяси Баходир Қаюмов томонидан кўриб чиқилади. Дастлабки суд мажлиси жорий йил 25 декабр куни соат 14:00 га белгиланган. Бу ҳақдаги маълумот Олий суднинг суд мажлислари онлайн жадвалига жойлаштирилди. Ундан кўринишича, жабрланувчиларнинг умумий сони 1766 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида осон шартларда уй олиб беришни ваъда қилиб, минглаб одамларни чув туширган “Credit House” иши доирасида 9 киши айбланган.
Жумладан, Бахтиёр Амзаев, Дмитрий Баженов, Робия Галямова, Клара Талипова, Ғайрат Миркамалов ва Баҳром Ҳикматуллаев Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (уюшган гуруҳ томонидан жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 170-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (мулкий зарар етказиш), 177-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари (жуда кўп миқдорда валюта қимматликларининг қонунга хилоф муомаласи), 178-моддаси 3-қисми (чет эл валютасини яшириш), 184-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан айбланмоқда.
Шунингдек, Алишер Шамсиддиновга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в” ва 243-модда билан, Шоира Раҳимова ва Шухрат Маҳамадовга Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а,в”, 170-модда 2-қисми “а,в”, 177-моддаси 4-қисми “а,б”, 178-модда 3-қисми, 192¹¹-моддаси 2-қисми “а,в”, 243-модда бандлари бўйича айблов эълон қилинган.
Жиноят натижасида жабрланувчиларга етказилган зарарнинг аниқ миқдори ҳозирча маълум эмас. Дастлабки тергов органи бу маълумотни очиқламаган. Kun.uz манбалари умумий зарар 1 триллион сўмдан ошиқ эканини айтган. Агар бу тасдиқланса миқдор жиҳатдан Ўзбекистонда шу пайтгача содир этилган фирибгарлик жиноятлари ичида рекорди бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
18:18 / 18.12.2025
Танқиддан сўнг: тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров қамоққа қайтарилди
19:46 / 17.12.2025
Қаловини топса, қор ҳам ёнади: безорилиги учун 8 йилга қамалган Акмал Шукуровни апелляция суди озодликка чиқариб юборди
10:22 / 13.12.2025
Ноҳақ судланган сурхондарёлик ёлғиз онанинг иши қайта кўриб чиқилади
11:05 / 12.12.2025