12:25 / 03.12.2023
6299

Тошкент шаҳри ва вилоятида 3 та «заправка» 34 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 3 та газ «заправка» 34 млрд 640 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Улар ҳисобга олиш приборини улаш тартиби ҳамда схемаларини ўзгартирган.

Фото: Энергетика вазирлиги

1 декабр куни «Ўзэнергоинспекция» томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 3 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) 34 млрд 640 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, Тошкент шаҳриниг Бектемир туманида жойлашган «Т.В.Г.» МЧЖ, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «О.Э.Г.» МЧЖ ва «П.О.» МЧЖга қарашли «заправка»лар газнинг ҳақиқий сарфини камайтириб кўрсатган. Бунинг учун ҳисобга олиш приборини улаш тартиби ҳамда схемалари ўзгартирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур 3 та шохобча томонидан давлат манфаатларига жами 34 млрд 640 млн сўмлик зарар етказилган.

Истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.

Top