Жамият | 12:43 / 19.11.2024
10477
2 дақиқада ўқилади

ДХХ: Элликқалъа ва Ғиждувонда ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган текширувлар давомида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. 

Иллюстратив фото

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси 33 нафар фуқарога имтиёзли кредит маблағлари ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсияномалар расмийлаштириб, улар номига банкдан жами 1 млрд 88 млн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишига муваффақ бўлган.

Сўнгра ўзининг таниши бўлган фуқаро номига масъулияти чекланган жамият ташкил қилиб, амалда уни норасмий тарзда бошқариб, 1 млрд 88 млн сўмни гўёки турли хил маҳсулотлар харид қилиш учун мазкур МЧЖ ҳисобрақамига ўтказган ва нақдлаштириш орқали талон-торож қилган.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси ўзининг турмуш ўртоғи ва синглиси номига олинган жами 65,9 млн сўм кредит маблағларини ҳам мақсадсиз сарфлаб юборган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси 26 нафар фуқарога йирик ва майда шохли чорва моллари сотиб олишлари учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тавсияномалар расмийлаштириб, улар номига банкдан жами 821 млн 858 минг сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишига эришган.

Сўнгра мазкур фуқароларни алдаб, кредит маблағлари эвазига таъминотчи корхоналардан 26 киши учун ажратилган чорва молларини сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиб, уларни бошқа шахсларга сотиб юбориш орқали 821 млн 858 минг сўм миқдоридаги маблағни талон-торож қилган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид