Ўзбекистон | 10:07 / 11.02.2022
11599
2 дақиқада ўқилади

Бухорода кабутар бўйича можаро оқибатида Lacetti ёқиб юборилди

Бухорода икки маст эркак қўшнисининг Lacetti’сини ёқиб юборди.

Фото: Тергов департаменти

2022 йил 6 февралдан 7 февралга ўтар кечаси соат 02:58 да номаълум шахс Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани А.Дониш кўчасидаги 78-уй олдида турган, 37 ёшли Б.Ф.га тегишли Lacetti русумли автомашинага тез ёнувчан ёнилғи сепиб, автомашинани ёқиб юборган ва ҳодиса бўлган жойдан яширинган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 173-моддаси 2-қисми “б” банди (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни Ғиждувон туманида яшовчи 33 ёшли Р.А. ва 45 ёшли Я.А. содир этгани аниқланган.

«Тергов давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганда, Р.А. бир кўчада яшовчи жабрланувчи Б.Ф. билан бир неча кун олдин кабутар устида ўзаро жанжаллашгани, шундан сўнг шу куни таниши Я.А. билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, тунги соат 2:50 ларда 42 000 сўм эвазига 5 литр ҳажмдаги елим идишга бензин сотиб олиб, Б.Ф.нинг уйи олдида турган автомашина устига ёнилғи сепиб ёқиб юборгани маълум бўлган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади маълумотда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид