Ўзбекистон | 23:49 / 11.04.2020
125175
7 дақиқада ўқилади

Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган шахсларга уй сотиб олиш учун субсидиялар тўлаш тартиби белгиланди

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокированинг Kun.uz'га маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларга уй-жой сотиб олишда субсидиялар тўлаш тартиби белгиланди.

Фото: KUN.UZ

“2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгиланган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарори билан айрим шахсларга уй-жой сотиб олишда (ипотека кредитлари тўлови учун) субсидиялар тўлаш тартиби белгиланди.

Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардир.

Ҳукумат қарорига кўра, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари (фуқаро меҳнат мигранти бўлганда унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин) уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал ёки кредит фоизини бир қисмини қоплаш бўйича субсидиялар олиш юзасидан йилнинг 1 мартидан 1 октябрига қадар Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза беришлари мумкин”, деди Севара Зокирова.

Унинг айтишича, ариза бериш жараёнида қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

– жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

– оила аъзоларининг шахсий идентификация рақами маълумотлари

ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;

– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);

– турар-жойининг кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;

– турар-жойининг уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхалари;

– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома.

Давлат хизматлари агентлиги катта маслаҳатчиси Аброр Махсудовнинг айтишича, субсидиялар тўлаш бўйича масъул органлар (ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари) 10 иш кунида ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.

“Субсидиялар тўлаш бўйича комиссия олинган баҳолаш натижаларини 7 иш куни ичида кўриб чиқиб, ариза берувчига субсидия ажратиш ёки уни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилади ҳамда уни Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига юборади.

Ариза берувчи субсидия олиш ҳақида хабарнома олган тақдирда 1 ойлик муддатда уй-жой сотиб олиш бўйича хусусий (пудрат) ташкилоти билан шартнома тузади ҳамда тегишли тижорат банкига мурожаат қилади.

Тижорат банки 3 иш куни давомида ариза берувчига ипотека ажратиш масаласини кўриб чиқади.

Кредит шартномаси тузилганда тижорат банки субсидияни тўлаб бериш бўйича туман (шаҳар) ғазначилик бўлимига буюртманома юборади ва ғазначилик бўлими 3 иш куни давомида белгиланган субсидияни тўлаб беради. Ойлик фоиз тўлови учун субсидия ажратилганда ғазначилик бўлими ҳар ойнинг 25 санасига қадар ойлик фоизлар бўйича субсидия тўловини ўтказиб боради.

Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилганда ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари мутаносиб равишда пасаяди, кўтарилганда эса ўзгаришсиз қолади”, дейди Аброр Махсудов.

Мутахассиснинг қайд этишича, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлар билан бирга ҳудудларда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида оммавий ахборот воситаларида маълумот беради;

Шунингдек, мазкур қарор билан субсидия ажратишда номзодларни танлаб олишда уларга баҳо беришнинг мезонлари ҳам тасдиқланди. Унга кўра, ариза берувчи ёки унинг оиласининг даромади (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида), турган жойи мақоми (ижара, ўз мулкида ва бошқа асосларда), ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги (“labour-migration” дастуридан рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантлари, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар, ёлғиз боқувчига эга бўлган оила — эркак ва бошқалар), оилада қуйидагиларнинг мавжудлиги (биринчи гуруҳ ногирони бўлган шахс, сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи шахс, оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани парваришлаётган шахс) каби мезонлар белгиланган.

“Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.

Шу билан бирга, уй-жой сотиб олишда субсидия ажратиш билан арзон уй-жой олишни чалкаштирмаслик керак. Амалда мавжуд арзон уй-жой учун НАВБАТларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди, Марказнинг бу масалага алоқаси йўқ. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.

Фақат сиз субсидия олиш учун Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиласиз ва натижасини олишингиз мумкин, қолган масалаларни, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этиладиган комиссия томонидан ҳал қилинади. Буни ҳал қилишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди”, дейди Аброр Махсудов.

*) Ўртача ойлик даромади:

қишлоқ жойларда – МҲТЭКМнинг 3,8 бараваридан кам ва 5,8 бараваридан кўп;

шаҳарларда – МҲТЭКМнинг 4,0 бараваридан кам ва 6,5 бараваридан кўп;

Тошкент шаҳрида – МҲТЭКМнинг 4,5 бараваридан кам ва 9,0 бараваридан кўп бўлган оилаларга субсидия ажратилмайди.

**) Тўлиқ ўз мулкида уй-жойга эга бўлган оилалар (эр ёки хотин)га субсидия ажратилмайди.

***) III бўлимдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар” мезони бўйича

10 балл олган номзодларга IV бўлим мезонлари бўйича балл берилмайди.

Шунингдек, IV бўлим мезонлари бўйича 10 балл олган номзодларга III бўлимдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар” мезони бўйича балл берилмайди.

****) IV бўлим бўйича балл битта мезонга берилади.

Мавзуга оид