Ўзбекистон | 23:12 / 16.02.2019
45161
2 дақиқада ўқилади

2019 йилда Тошкент метрополитенининг нечта янги бекати ишга тушиши маълум бўлди

Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича  ўринбосари Даврон Ҳидоятов жорий йилда Тошкент метрополитенининг 14та янги бекати фойдаланишга топширилишини айтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

«Юнусобод туманида қурилаётган ерости метросининг иккита бекати ишга тушади. Шунингдек, ерусти Яшнобод метро йўналиши ҳам фойдаланишга топширилади. Бу йўналишда 12та бекат ишга тушади», — дейди ҳоким ўринбосари. 

Тошкент шаҳрида метрополитенга боғлиқ учта лойиҳа амалга оширилмоқда — Сергели, Юнусобод йўналишидаги қурилиш ҳамда метро халқа йўлини барпо этиш ишлари. 2017 йили ҳукумат метрополитеннинг Юнусобод йўналишида якунланмай қолган ишларни тугатишга қарор қилди. Ушбу йўналишда қурилиши назарда тутилган линиянинг узунлиги 2,9 кмни ташкил этади. 

Бундан ташқари, умумий узунлиги 52,1 кмни ташкил этувчи ерусти метро халқа йўли (МХЙ) ҳам қурилмоқда. МХЙда ҳаракатланишнинг ўртача тезлиги 60 км/с, умумий линияни босиб ўтиш учун 1 соат-у 10 дақиқа талаб этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид