Ўзбекистон | 23:00 / 11.04.2020
16254
9 дақиқада ўқилади

Ўзига хос давр: нега бу инқироз бошқа ҳеч бир нарсага ўхшамайди?

Иқтисодиётдаги жорий инқироз ҳаётимиздаги биринчиси бўлмаса-да, у мутлақо аввалгиларига ўхшамайди. Нега? Чунки амалда илк бор бизнес тўлиқ тўхтаб қолди: компанияларда, мамлакатда, деярли бутун дунёда.

Фото: Россия чакана савдо ҳафталиги

Inventive Retail Group президенти Тихон Смиков Harvard Business Review’даги мақоласида, ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, шу ҳақда сўз юритади.

– Бизнинг компаниямиз чакана савдо билан шуғулланади. Биз сотадиган маҳсулотлар йирик халқаро корпорациялар томонидан ишлаб чиқарилади. Дўконларимиз Россиянинг аксарият йирик шаҳарларидаги энг яхши савдо марказларида жойлашган.

Воқеалар биз учун шиддатли ривожланди. Фаолиятимизнинг тўхтатилиши аввалдан тушунарли эди, лекин Хитойдан янгиликларни кузата туриб, биз сўнгги сонияларгача хитойча сценарий Россияни четлаб ўтади, деган иррационал умидда эдик.

Янгиликлардан ташқари, маҳсулотларини Хитой ҳудудида ишлаб чиқармайдиган компанияларнинг етказиб беришида узилишлар вужудга келиши инқирознинг даракчиси бўлди. Чунки ҳар қандай технологик маҳсулотнинг етказиб бериш занжири аллақачон глобал даражага кўтарилган.

Ўз-ўзидан «ишланмайдиган ҳафта»дан икки ҳафта аввал биз ўзимиз учун ўша пайтда ўзимизга стрессли туюлган бир неча сценарийларни тайёрлаб қўйган эдик. Энг ёмони – чакана савдони икки ойга ёпиб, бизнеснинг бир қисмини электрон тижоратга ўтказиш, кейинчалик нормал ҳаётга тезгина қайтиш эди.

Ҳозир, апрелнинг бошида тушунарли бўлдики, биз айнан шу йўналишда ҳаракатланмоқдамиз, лекин ҳаммаси ўйлаганимиздан-да ёмонроқ бўлиши мумкин: Хитой ва Жанубий Кореяда вазият қандай ривожланаётганини кўриб, тезда ўзимизни тиклаб олишимизга ишонч йўқлигини тушуниб турибмиз.

Қийин танлов

Бугунги вазиятнинг компаниямиз учун энг мураккаб жиҳати – асосий ҳамкорлар олдидаги мажбуриятларни бажаришнинг техник имконияти йўқлиги бўлди.

Тушум кескин камайган шароитда олдинги даражада харажат қилиш имконсиз: товар қолдиқлари керагидан ортиқча, ижарага олинган майдонларда савдо бўлмаяпти, персоналнинг катта қисми ишламаяпти, маркетинг ва коммуникациялар учун шартномалар маъносини йўқотган.

Бундан ташқари, банклар ва давлат олдида қарзлар бор. Уларни реструктуризация қилиш оғир ёки имконсиз. Ушбу вазиятда тўловларнинг устуворлиги ҳақида савол пайдо бўлиши муқаррар, у ҳуқуқий рисклар ва қабул қилинаётган қарорларнинг этик жиҳати ўртасида мувозанат топиш билан ечилади.

Бизнинг танловимиз қуйидагича.

Биз давлатга солиқ, банкларга фоиз тўлашга мажбурмиз, иш ўринлари ва бу вазиятда ходимларимизга мумкин бўлган максимал даромадни сақлаб қолишни муҳим деб биламиз, бизнеси маълум бир даражада компаниямизга боғлиқ бўлган ҳамкорларимиз олдида масъулиятни ҳис қиламиз. Шу билан бирга, йирик товар етказиб берувчилар ва ижарага берувчилар олдидаги мажбуриятларимизни реструктуризация қилишга мажбурмиз, уларнинг қўлловидан умид қилмоқдамиз. Чунки ҳаммамиз бир хил вазиятда қолдик. Бошқа компанияларда ўзгача танлов бўлиши мумкин, лекин ниманидир танлашга барибир тўғри келади.

Бугунги вазиятнинг иккинчи ўта муҳим жиҳати – компания ходимлари билан муносабатлар. Одамлар саросимада, қўрқувга тушиб қолишган. Мен компаниянинг барча қарорларини максимал шаффоф қилиб, инқирозга қарши кўрилаётган чораларнинг барчаси, шунингдек компаниянинг молиявий барқарорлиги ҳақида ходимларга ахборот бериб бориш керак, деб ўйлайман.

Таассуфки, компания даромадларининг ҳам, унинг ходимлари сони ҳам қисқариши муқаррар. Шунинг сабабли ходимлар бу борада қабул қилинаётган қарорлар асосли ва адолатли эканини кўришлари биз учун муҳим.

Масофадан туриб ишлашга ўтилганини алоҳида таъкидлашим керак. Бу борада компаниямиз илғорлар сафида эмас эди: уйдан туриб ишлаш рағбатлантирилмас эди; масофадан туриб мажлислар ўтказилмаган, қарорлар асосан юзма-юз ўтириб қабул қилинар эди.

Бир ҳафта ичида масофадан ишлашни ўрганишга мажбур бўлдик. Яхшиямки бу дам олиш кунлари эълон қилинишидан аввал юз берди, шунинг учун офисда ходимларнинг йўқлигига техник жиҳатдан тайёр эдик.

Масофадан туриб ишлаш жамоадаги алоқани узмагани қувонарли эди. Жамоа ишга анчадан буён бу қадар диққат билан ёндашмаган, жамоа аъзолари ишга меҳр билан ўзини жалб қилмаган эди. Лекин мен аввалгидек, масофадан туриб ишлаш меҳнатни ташкил қилишнинг энг самарали усули деб ҳисобламайман, чунки у одатдагидан кўра кўпроқ ташкилотчилик ва маъмурчилик, турли масалаларни қўйиш ва назорат қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Бу борада нормал ҳаётга қанчалик эртароқ қайтсак, шунчалик яхши.

Тезлашиш фурсати

Жаҳоннинг кўплаб компаниялари сингари, бизнинг компаниямизда ҳам ҳозирги давр трендларнинг тезлашиш фурсатига айланганини ҳис қилиб турибмиз. Шуниси диққатга сазоворки, бу трендларда ҳеч қандай янги нарса йўқ.

Электрон тижорат узоқ йиллардан буён ўсиб келмоқда эди – саноқли кунлар ичида у тўрт баробарга ўсди.

Масофадан туриб ишлаш янада кенг тарқала бошлади – бир кун ичидаёқ бутун офис узоқдан туриб ишлай бошлади.

Мижозлар билан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали алоқа қилишнинг янги каналлари ривож топди – бу каналларнинг муҳимлиги саноқли соатлар ичида кўп мартага ўсди.

Рўйхатни яна давом эттириш мумкин, лекин шуниси муҳимки, сўнгги икки ҳафта ичида ҳаммамиз ёпирилиб, бир неча йил аввал қилишимиз лозим бўлган нарсаларни қилдик.

Энди нима бўлади?

Гарчи психологик жиҳатдан бу қийин бўлса ҳам, бугун мамлакатдаги карантин шароитида сарфланаётган ресурсларни чеклаб, карантиндан сўнг чеклов чоралари бекор қилингач, бизнесни қайта ишга тушириш бўйича тадбирларни режалаштириш билан шуғулланиш муҳим.

Талаб динамикасининг тикланишини олдиндан айтиш жуда қийин, бироқ операцион фаолиятни қайтадан ишга тушириш бўйича қадамларни режалаштириш жуда муҳим, деб ўйлайман. Бизнинг биринчи мақсадимиз – инқироздан кейинги талаб ҳажмларини англаш ва барча мажбуриятларни тартибга солиш бўлади.

Чакана бизнесдаги вазиятни белгилаб берадиган инқироз оқибатларига тўхталадиган бўлсам, асосий кутилмалар сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатган бўлар эдим.

Коронавирус эпидепияси туфайли келиб чиққан иқтисодий ларзалар миқёси анча шафқатсиз бўлади, десам оригинал гап айтмаган бўламан, албатта. Мисли кўрилмаган ишсизлик ва даромадларнинг пасайиши содир бўлиши аниқ, уларни давлатнинг қўллаб-қувватлашисиз енгиш қийин.

Истеъмолчилик одатлари ҳам ўзгаришга юз тутади

Биринчидан, инсонлар узоқ вақт бир-бирлари билан алоқа қилишдан чўчиб туришади ва бунинг оқибатида оффлайн дўконлардаги ташриф пасаяди. Иккинчидан, инсонларнинг катта қисми илк марта интернет-харидлардан фойдаланиб кўришди, онлайн савдо инқироздан олдинги даражага қайтиб тушмайди. Бу вазият қаърида айрим имкониятлар яширин эканига ҳам ишонаман, чунки катта миқдордаги пул массаси истеъмолчилик фаоллигининг пасайиши, сафарларнинг тўхтагани, ресторанларнинг ёпилганлиги ва ҳ.к. туфайли иқтисод қилинади.

Ишлаб чиқариш ва логистика занжирларига зарар етади. Давлатлар ўртасида товарларнинг ҳаракатланиши борасида жорий этилган чекловлар дарҳол олиб ташланмайди. Материаллар ва таркибий қисмларнинг кўплаб кичик ишлаб чиқарувчилари касод бўлади, демак, маҳсулот тақчиллиги ҳар қандай, ҳаттоки мутлақо кутилмаган соҳада ҳам пайдо бўлиши мумкин. Тезкор муаммолар юз бермаганида ҳам, бизнеслар ўз харидларининг манбасини кўпроқ диверсификациялаш томон қайта кўриб чиқади.

Лекин мени бугунги ҳолатдан келиб чиқаётган ишонч муаммоси кўпроқ ташвишлантираяпти. Аминманки, айнан у жаҳон иқтисодиётига энг катта зиён етказади. Бизнеслар бир-бирига ва давлатга ишонмай қўяди. Фуқароларнинг ҳам давлатга ва бизнесларга ишончи ўлади. Рисклар қайта баҳолаб чиқилади. Кредитлаш қисқаради. Кечагина оддийгина ҳисобланган битимлар кўпроқ амалий кафолатлар талаб қила бошлайди.

Бу ўзаро ишончсизлик спиралини чеклашнинг энг яхши йўли – ҳозирданоқ ўз контрагентларига нисбатан очиқлик ва масъулият билан муносабатда бўлишдир.

Нима бўлганда ҳам, ҳаёт ўз ўзани бўйича кетмоқда, ҳар қандай инқироз эртами-кечми барибир якун топади. Мен мутақо аминманки, биз барчамиз мажбурий изоляцияни шараф билан ўтаб чиқамиз, ўз оиламиз билан кўпроқ вақт ўтказиш имкониятидан қувватланиб, содир бўлаётган воқеалардан сабоқ оламиз.

 

Мавзуга оид