Аср бошлари. Инфляция жуда паст, глобал иқтисодиёт муттасил равишда ўсиб борарди. Молиячилардан тортиб ҳукумат вакилларигача олтин давр келганига ишонар, Ғарб жамиятида "Инқирозлар даври тугади, биз иқтисодиётни бошқаришни тўлиқ ўрганиб олдик", деган ишонч ҳукм сурарди. Бироқ, 2008 йилда бу чиройли иллюзия шиддатли равишда чилпарчин бўлди.

Кутилмаганда ҳалокатли турғунлик бошланиб, тик турган молиявий империя пойдевори пуфакдан ясалгани аён бўлди. Уолл-стритдаги "хатарли спекуляциялар" ҳамда бир гуруҳ очкўз брокерларнинг қалтис ўйини бутун сайёрани ҳалокат ботқоғига тортди.

Хўш, триллионлаб долларларни ҳавога учирган, миллионлаб одамларни уйсиз, ишсиз қолдирган 2008 йилги инқироз қандай келиб чиққанди? Сабаблар нима?

Ҳаммаси қандай бошланди?

2008 йилги глобал молиявий инқироз АҚШда бошланди. Унинг асосий шарт-шароитлари ҳам айнан шу ерда йиллар давомида шаклланиб келган эди. Иқтисодчилар инқирозга олиб келган сабаблар ҳақида ҳали ҳам баҳслашишади, бироқ энг кўп эътироф этиладиган бир нечта асосий омилларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Кредит ставкаларининг пасайтирилиши. 2000-йилларнинг бошида АҚШда “дотком пуфаги” оқибатларини юмшатиш учун фоиз ставкалари кескин равишда пасайтирила бошланди. Федерал захиранинг асосий ставкаси 2000 йил май ойида 6,5 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2001 йилнинг декабрига бориб 1,75 фоизгача туширилди. Паст ставкалар сабаб банклар арзон кредитларга эга бўлди. Натижада улар истеъмол кредитлари ва ипотекаларни кўпроқ бера бошлади, ҳатто ишончсиз қарз олувчиларга ҳам қарз ажратилди. Бу эса ипотека кредитлари ҳажмининг кескин ошишига ва кўчмас мулк бозорида пуфак пайдо бўлишига олиб келди.

Бу қуйидагича рўй берди: пул арзонлиги шароитида банклар кредитлар учун талабларни анча юмшатди: қарз олувчиларнинг кредит тарихига, даромадига ва иш турига қўйиладиган шартлар камайтирилди, бошланғич бадал ҳам кичрайтирилди. Натижада кўчмас мулкка талаб кескин ошди ва уй нархлари жуда тез қимматлашди. Қисқа муддатда хавф остидаги ипотека кредитларининг улуши 2,5 фоиздан 15 фоизгача ошди.

Шунингдек, ўзгарувчан фоиз ставкали ипотека кредитлари пайдо бўлди. Бу моделда дастлабки 2-3 йил давомида фоиз ставкаси жуда паст бўлган. Одамлар "ҳозир тўловим кам-ку, кейинчалик даромадим ошса ёпиб юбораман ёки уйнинг нархи ошса, уни сотиб фойда кўраман", деган ўй билан катта миқдорда қарз ола бошлади. Бироқ, имтиёзли давр тугагач, фоиз ставкалари бозорга қараб кескин кўтарилган ва ойлик тўловлар одамларнинг даромадидан ҳам ошиб кетган. Дастлаб фақат фоизлар ёки жуда кичик миқдор тўланган, асосий қарз эса муддат охирига қолдирилган. Бу психологик тузоқ эди: одамлар бугунги арзон тўловга учиб, келажакдаги улкан мажбуриятни ҳисобга олмай қўяди.