Иқтисодиёт | 13:37 / 29.12.2020
46075
2 дақиқада ўқилади

10 сотихдан ер, ишсизлик нафақаси ошиши ва бизнесни бошлаш учун 7 млн сўм. Президент камбағалликни тугатиш режалари ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши кераклиги ҳақида гапирди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президенти камбағалликдан чиқиб кетиш мақсадлари учун келгуси йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилишини маълум қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда парламентга мурожаатида айтиб ўтган.

«Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади.

Шунингдек, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ҳамда Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади», деди президент.

Пандемия шароитида ўз ишини йўқотган аҳоли камбағалликка тушиб қолишига йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб янгича тизим жорий этилади. Унга кўра, вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баробар (223 минг сўмдан 680 минг сўмга) оширилади ва бунда 6та ҳужжат талаб этиладиган эски бюрократик тартиб бекор қилинади.

«Камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, амалга оширилаётган ишлар ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларнинг диққат марказида бўлиши лозим.

Умуман, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқиб, унинг ижроси бўйича ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали халққа ҳисобот бериб бориши зарур. Бу масала барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси ва иш самарасини баҳолайдиган асосий мезонга айланиши керак», дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид