23:04 / 10.04.2019
47641

Чанг босган китоблар хитоби: Ўзбекистонда эски китоблар тақдири не кечади?

Март ойи охирида Ўзбекистоннинг барча чеккаларида #kitobulash ҳештеги остида ўзига хос челленж бошланди. Китоб берувчилар қандай манфаатни кўзламасин, муҳими таълим даргоҳлари кутубхоналари фонди янги китоблар билан бойимоқда. Табиий саволлар туғилади – кутубхонанинг унутилган бурчакларида чанг босган китобларнинг тақдири не кечади? Талабалар ёки ўқувчилар кутубхонадан фойдаланадими? Кутубхонада йўқ китобларни қаердан топса бўлади?

Университет кутубхонасининг саргузаштлари

Сайтимизга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетнинг 1-сонли илмий кутубхонаси кўчирилаётгани ва кўчириш давомида кутубхона фондидаги кўплаб нодир адабиётлар, кўп йиллик тарихга эга китобларнинг йўқолиши ёки ўзлаштириб олиниши мумкинлиги ҳақида мурожаат ҳам келиб тушган. Мурожаат нечоғлиқ ҳақиқатга яқинлиги, университет кутубхонаси кўчирилиши сабабини билиш мақсадида ушбу таълим даргоҳига йўл олдик.

«Ёшлик» талабалар шаҳарчаси янгича қиёфа касб этган. Эндиликда «Вузгородок»ни пойтахтдаги кам сонли «eco-оролчалар»дан бири деб ҳам аташ мумкин.

Ўзбекистон Миллий университетининг 1-сонли илмий кутубхонаси биноси шу нуқтада жойлашган.

Кутубхонани кўчириш ишлари авжида. Ўзини 4-босқич талабалари дея таништирган ёшларнинг сўзларига кўра, университет раҳбарияти уларни дарс вақтида ҳашарга чиқарган. Илмий кутубхона ходималари ҳам оғир китоб тахламларини ташиб, талабаларга ёрдам беришмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, айни бинода миллионга яқин китоблар сақланган.

Эски китобларнинг 95 фоиз қисми рус тилида. Собиқ Иттифоқ даврида чоп этилган китоблар орасида бадиий асар дурдоналаридан тортиб маълум ихтисосликлар бўйича энциклопедик адабиётлар ҳам талайгина.

Илмий кутубхонадан ташилаётган китобларнинг сўнгги араваси университетнинг Кимё факультети ахборот-ресурс марказига олиб кетилмоқда.

Ўзбекистон Миллий университетининг кимё факультетига келтирилган китоблар «уммони».

Кутубхонани кўчириш ишлари ҳақида Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Давлатбой Жумабоев батафсил маълумот берди ва университетнинг таъмирдан чиққан, ҳали ишга туширилмаган асосий кутубхонаси ўқув залини кўрсатди.

Таъмирланган ўқув зали ўқиш, ўрганиш ва мутолаа учун барча шароитлар билан таъминлангани кўриниб турибди, бироқ университетнинг асосий рамзига айланиб улгурган ректорат биноси билан тарихан тенгдош панно устидан бўёқ тортилиб, рангтасвир асари бутунлай йўқотиб юборилган.

Проректор Давлатбой Жумабоев университет кутубхонаси кўчирилиши ва панно устидан бўёқ тортиб юборилишини шундай изоҳлайди:

1-сонли илмий кутубхона биноси талабалар турар жойи сифатида қайта таъмирланади. Шу сабабли китоблардан бўшатяпмиз. Фонддаги китоблар ташилиши учун махсус ташув машинаси ажратилган. Китоблар университетнинг кимё факультетига вақтинча кўчириляпти. Китоб тахламлари алоҳида-алоҳида дасталанган ва рақамлаб, рўйхатга олинган. Уларнинг йўқолиши ёки кимларгадир бериб юборилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Қўшимча маълумот сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистон Миллий университети кутубхонаси фондида жами 3,5 миллиондан зиёд китоб бор. Уларнинг орасида ўрта асрлар тарихий адабиётларидан тортиб, университет ташкил этилган вақтдаги кутубхонага келтирилган китобларгача алоҳида назорат билан сақланади.

Ҳашарда қатнашаётган талабалар эса дарс вақтида эмас, дарс соатлари йўқ вақтда ёрдамга чақирилган.

Паннода «катта оға» дея таърифлаб келинган комиссар ва аскарларнинг ҳам тасвири бўлган, бундан ташқари, унинг бўёқлари кўчиб бўлган эди. Бу масала юзасидан алоҳида изоҳ берилади.

Ретро-винтаж кўча кутубхонаси

Тошкентнинг турли нуқталари – «Космонавтлар» метро бекати яқинидаги расталар ва «flea-market»ларида (flea-market - ишлатилган, эгасига керак бўлмаган буюмлар, турли-туман антикварлар сотиладиган жой), «Шуҳрат» чорраҳаси ва «Фарҳод» деҳқон бозори четидаги дўконларда эски китоблар сотилади.

Дўконлардан бири ёпиқ бўлса-да, макулатура нархини билиб олса бўлади. Ўзига хос «фонд биржа» прайс-рўйхатига кўра, бир килограмм китоб нархи – 1700 сўм.

Расталар ва дўконлардаги сотувчилар (уларни букинистлар ҳам дейишади) эски ва ноёб китобларни ўзлари ахтаришлари, кўпинча одамларнинг ўзи ташлаб кетишларини айтади.

Бир дўкондор эса шундай дейди: «Бир-биридан яхши адабиёт намуналари одамларнинг уйларида увол бўлиб кетаётгани алам қилади».

Эски китобларни қандай сақласа бўлади?

Бугун замонавий ахборот технологиялари ривожланган замонда кўпчилик китобхонлар букридерлар ёки смартфонларда китоб мутолаа қиляпти. Бироқ анъанавий китоб шайдолари, қоғоз шитирлаши, ҳар бир ҳарфда матн ва сўзлар сеҳрига шинаванда китобсеварлар ҳам кўп топилади.

Қоғоз китобларни узоқ муддат жавонда сақлашнинг ҳам ўзига хос қоидалари бор.

Китобларни моғор босиши, ўзидан бадбўй, заҳарли ҳидлар тарқатиши мумкин. Улардаги чанг одатда аллергия ҳам чақиради.

Бир неча йиллардан буён китоб савдоси билан шуғулланувчи букинистлар шундай тавсияларни берди:

-     Ҳарорат ва ёруғликка эътибор бериш зарур. Уйда китоб сақламоқчи бўлсангиз, ҳарорат 18-20 даража атрофида бўлиши керак. Китобларга қуёш нури тўғридан-тўғри тушиши керак эмас. Акс ҳолда қоғознинг ранги ўзгариб, сифати бузилиб кетади;

-     Намлик китобларни пўпанак босишига олиб келади. Кичик-кичик қора доғлар тушган китобларни бошқаларидан ажратиб, қуритинг ва дезинфекция қилинг. Пўпанакларни нам латта билан артиш тавсия этилмайди. Аксинча, икки ёки уч фоизли формалин эритмаси томизиб, уни водород перикисли пахта билан артиш керак. Шундан сўнг китобни очиқ ҳавода қуритиш зарур;

-     Китобларни бир-бирига тақаб жойлаштирманг. Ҳаво айланиши учун жой қолдиринг. Зич жойда микроорганизмлар кўпайиши мумкин;

-     10тадан кўп китобни устма-уст жойлаштирманг. Бу қуйи қисмдаги китоблар шакли бузилишига олиб келади;

-     Китобларни картон қутиларда сақламанг. Узоқ сақлаш учун полиэтилен, полипропелен ва полиэфирдан фойдаланинг;

-     Энг асосий қоидалардан бири – китобларни ўқишдан олдин қўлингизни ювинг. Кафт ва бармоқдаги ёғлар китоб варақларига доғ туширади ва бу китоблар тез эскиришига олиб келади;

Китобсеварлик ҳақида кўп гапириш, турли акция ёки челленжлар ташкиллаштириш мумкин. Китоблар тўла маҳобатли кутубхоналар барпо этса ҳам бўлади. Аслида китобга бўлган муҳаббат, у хоҳ қоғоз, электрон ёки овозли талқинда бўлсин, инсон онгининг билимга бўлган эҳтиёжи, тафаккурини чархлаш, тасаввурларини бойитишга бўлган кучли хоҳишидан шаклланиб боради.

Тарих инсон фикр ва ўйлари, билимларига қўйилган ҳайкаллар парчаланишининг бир неча бор гувоҳи бўлган. 1933 йилнинг март ойидан октябрь ойига қадар Германиянинг 70 шаҳрида нацистлар китоб ёққан. 1933 йилнинг 10 май куни Берлиндаги Опернплац майдонида «ногерман руҳга қарши акция»нинг («Aktion wider den undeutschen Geist») энг катта гулхани аланга олдирилган.

Китоблар, кутубхоналар ва китобларга меҳр, бора-бора китобхонларнинг камайиб бориши ҳам шундай фожиадан деярли фарқ қилмайди.

Китобларингизни асранг, энг муҳими, мутолаага бўлган иштиёқни сўндирманг.

Мирзаёр Эркинов

Top