Ўзбекистон | 11:53 / 22.10.2025
6740
4 дақиқада ўқилади

Ўзбек ёшлари учун катта совға: “Минг китоб” лойиҳаси дастлабки 27 та китобни тақдим этди

Жаҳондаги энг машҳур илмий-оммабоп китоблардан 27 таси “Ёшлар учун минг китоб” (1000KITOB) лойиҳаси доирасида ўзбек тилига ўгирилиб, кутубхоналарга тарқатилди. Ўзбек тили байрами арафасида тақдим этилган бу китоблар тўплами – президент қарори билан амалга оширилаётган улкан маърифий лойиҳанинг дастлабки самараси бўлди.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Китоблар тақдимоти 20 октябр куни Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди.

Тўпламдаги китобларнинг 19 таси Оксфорд университетининг “Ўта қисқа таништирув” туркумига киради ва уларнинг шакли бир хил: одатдаги китобдан бироз кичикроқ. Китобларнинг аксариятида аслиятдаги муқова дизайни деярли ўзгармаган.

Чоп этилган китоблар рўйхати:

1. “Экология: Ўта қисқа таништирув” (Жабури Газул)
2. “Глобаллашув: Ўта қисқа таништирув” (Манфред Стегер)
3. “Интеллект: Ўта қисқа таништирув” (Айан Дири)
4. “Мафкура: Ўта қисқа таништирув” (Майкл Фриден)
5. “Мия: Ўта қисқа таништирув” (Майкл О'ши)
6. “Тарих: Ўта қисқа таништирув” (Жон Арнолд)
7. “Уруш ва технология: Ўта қисқа таништирув” (Алекс Роланд)
8. “Либерализм: Ўта қисқа таништирув” (Майкл Фриден)
9. “Демократия: Ўта қисқа таништирув” (Бернард Крик)
10. “Инсон ҳуқуқлари: Ўта қисқа таништирув” (Эндрю Клэпэм)
11. “Банк: Ўта қисқа таништирув” (Жон Уилсон, Жон Годдард)
12. “Фандаги инқилоб: Ўта қисқа таништирув” (Лоуренс М. Принсип)
13. “Фалсафа: Ўта қисқа таништирув” (Эдвард Крэйг)
14. “Таълим: Ўта қисқа таништирув” (Гэри Томас)
15. “Сиёсат: Ўта қисқа таништирув” (Кеннет Миноуг)
16. “Капитализм: Ўта қисқа таништирув” (Жеймс Фулчер)
17. “Социализм: Ўта қисқа таништирув” (Майкл Нюман)
18. “Популизм: Ўта қисқа таништирув” (Кас Мудде, Кристобал Ровира Калтвассер)
19. “Психология: Ўта қисқа таништирув” (Фреда Макманус, Жиллиан Батлер)
20. “Этика: асослар” (Жулия Драйвер)
21. “Коррупция: Ҳар ким учун зарурий билим” (Рей Фисман, Мириам А. Голден)
22. “Муҳофазакорлик бўйича қисқача қўлланма” (Расселл Керк)
23. “Иқлим ўзгариши: Ҳар ким учун зарурий билим” (Жозеф Ромм)
24. “Фалсафа: асослар” (Найжел Уорбертон)
25. “Ер тарихи: Илк 4,5 миллиард йил, фазовий заррадан она сайёрагача” (Роберт Ҳейзен)
26. “Мусулмон маданий ислоҳоти сиёсати: Марказий Осиёда жадидчилик” (Адиб Холид)
27. “Институтлар, институционал ўзгариш ва иқтисодий самарадорлик” (Дуглас Норт)

Ёшлар ишлари агентлиги қошида 2023 йил охиридан бошланган лойиҳада 50 нафар таржимон, 45 нафар эксперт, 42 нафар муҳаррир, шунингдек, дизайнерлар ва мусаҳҳиҳлар жамоаси иш олиб борди.

Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Китобларнинг ҳар бири 3 минг нусхадан, давлат буюртмасига асосан чоп этилган бўлиб, улар президент қарорида белгиланганидек, республика бўйлаб ахборот-кутубхона марказлари ва давлат олийгоҳларининг кутубхоналарига беғараз тарқатилди. 303 та кутубхона рўйхати билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

Сотиб олишни хоҳловчилар китобларнинг қайта нашрдан чиқишини кутишига тўғри келади. Китобларни тайёрлаган нашриётлар қайта чоп этишга буюртма бериб, кейинги нашрларни бозорга чиқаради.

Бундан ташқари, китобларнинг айримлари – ҳуқуқ эгасидан рухсат олинганлари – Ёшлар ишлари агентлигининг Mutolaa платформасига электрон шаклда жойлаштирилади.

Лойиҳа офиси раҳбари Элдор Асановнинг сўзларига кўра, кейинги навбатдаги 16 та китоб ҳам чоп этишга тайёр: босмахоналар ўртасида тендер якунланган ва улар тез орада босмага топширилади. Яна 7 та китобни чоп этиш учун ўтказилган тендер якуний босқичда турибди.

Шу тариқа, жами 50 та китоб билан, “1000KITOB” лойиҳасининг биринчи босқичи якунланиш арафасида.

Кейинги босқич учун экспертлар кенгаши 64 та китобни танлаб олган бўлиб, ҳозиргача улардан 42 тасининг муаллифлик ҳуқуқи бўйича келишувга эришилган. 20 дан ортиқ китоб бўйича шартнома ҳам имзоланиб, таржима ишлари бошланган.

Мавзуга оид