Ўзбекистон | 10:42 / 19.06.2023
22064
4 дақиқада ўқилади

Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома тафсилотлари маълум қилинди

Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланган. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади. Шартнома муддати 2 йил. 

Фото: РИА Новости

Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 16 июн куни Петербург Халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республикамиз газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”га изоҳ берди.

Вазирлик хабарига кўра, газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGasTrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси А.Миллер имзолаган.

Вазирлик шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилганини таъкидламоқда.

“Республикамиз истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир. Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади”, - дейилади расмий хабарда.

Қўшимча қилинишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилганлиги ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республикамиз ҳудудида янги газ ўлчаш стансияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябр ойига қадар якунлаш режалаштирилган”, - дейилади хабарда.

“Йўл харитаси” доирасида республика газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистрал газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Россия билан газ бўйича йўл харитаси

2023 йил январ ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланган эди. Келишувда жорий йил март ойидан бошлаб “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали реверсив тартибда Россиядан Ўзбекистонга бозор нархида газ етказиб беришни бошлаш учун зарур техник чоралар кўзда тутилган эди, лекин муҳокамалар айни пайтга қадар давом этмоқда.

Россия компанияси шунга ўхшаш шартномани деярли бир вақтда Қозоғистон билан ҳам имзолаган.

Ундан аввалроқ, 2022 йил ноябр ойида РФ президенти Владимир Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан биргаликда уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилганди. Лекин Ўзбекистон, Россиядан газ харид қилинадиган бўлса, бу иттифоқ тарзидаги келишув асосида эмас, олди-сотди шартномаси шаклида бўлишини билдирган.

ОАВга сиздирилган хабарларга кўра, Россия томони газ иттифоқи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг газ узатиш тармоқлари эгалигини қўлга олмоқчи бўлган, лекин ҳар икки мамлакат буни рад этган.

Май ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин уч мамлакат газ иттифоқи лойиҳасининг параметрларини ишлаб чиқаётганини айтганди.

30 май куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” раиси Алексей Миллер учрашувида РФдан Ўзбекистонга газ етказиш масаласи кўриб чиқилганди.

16 июн куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.

Мавзуга оид