Иқтисодиёт | 15:21
638
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Хитойдан биринчи марта унга етказиб берганидан кўра кўпроқ автомобил импорт қилди

Хитой автомобилларининг Европага етказиб берилиши биринчи марта Европа автосаноати маҳсулотларининг Хитойга экспортидан ошиб кетди. Бундан Германия автосаноати мустасно, аммо мутахассислар огоҳлантиришича, 2026 йилнинг ўзидаёқ бу вазият ўзгариши мумкин.

Фото: Global Look Press/Cfoto/Keystone Press Agency

Хитойдан Европа Иттифоқига импорт қилинган автомобиллар ҳажми биринчи марта Европа автосаноати маҳсулотларининг Хитойга экспорти миқёсидан ошиб кетди. Бу ҳақда 20 март, жума куни дунёдаги энг йирик аудит ва консалтинг компанияларидан бири бўлган EY хабар қилди. Унинг маълумотларига кўра, 2025 йилда Европа автомобиллари ва эҳтиёт қисмларининг Хитойга етказиб берилиши 34 фоизга камайиб, 16 миллиард еврога тушган.

Шу тариқа, 2022 йилдан буён Европа автомобилларининг Хитойга экспорти икки баравардан ҳам кўпроқ қисқарган. Шу билан бир вақтда, ушбу сектор бўйича Хитойдан импорт 8 фоизга ўсиб, 22 миллиард еврога етган, дейилади ҳисобот муаллифлари хулосасида.

EY ҳисоботидан келиб чиқишича, немис ишлаб чиқарувчиларининг автомобиллари экспорти ҳали ҳам Хитой автомобилларининг Германияга импортидан юқори бўлиб турибди, бироқ бу фарқ тез қисқармоқда. Етказиб бериш ҳажми бўйича рекорд қайд этилган 2022 йил билан таққослаганда, Хитойга экспорт икки баравардан ҳам кўпроқ қисқариб, тахминан 30 миллиард евродан 13,6 миллиард еврога тушган. Худди шу даврда Хитойдан Германияга автомобил импорти учдан икки ҳиссага ошиб, 7,4 миллиард еврога етган.

“Агар бу тенденциялар сақланиб қолса, импорт ва экспорт 2026 йилда тенглашиши мумкин”, — дейилади EY таҳлилида.

EY эксперти Константин Галлнинг сўзларига кўра, шу пайтгача Volkswagen, Mercedes-Benz ва BMW каби немис автоконцернлари бозордаги улушини муваффақиятли ҳимоя қилиб келган, бироқ Хитой томонидан кучайиб бораётган рақобат ва Германия автомобил саноатидаги инқироз шароитида буни амалга ошириш тобора қийинлашмоқда.

“2026 йилда рақобатнинг янада кучайишини кўрамиз — демак, автомобил ишлаб чиқариш маркази сифатида Германияга босим ҳам ортиб боришда давом этади”, — деб ҳисоблайди эксперт.

Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, Германия автомобил саноатидаги инқироз ва рақобат кучайиши ўтган йили бизнесга таъсир кўрсатганини қайд этди. Жумладан, 2025 йилда Германия автосаноатининг тушуми 1,6 фоизга камайиб, қарийб 528 миллиард еврога тушган, иш ўринлари сони эса қарийб 50 мингтага қисқарган. Ҳозирги пайтда тармоқда тахминан 725 минг киши меҳнат қилмоқда, бу сўнгги 14 йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир. Ҳисоботда айтилишича, инқироз энг кучли зарбани эҳтиёт қисмлар етказиб берувчиларга берган — бу секторда 2025 йилда тушум 4 фоизга, бандлик эса 10 фоиздан ортиққа қисқарган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид