Ўзбекистон | 08:41 / 14.03.2023
9672
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида уч туман ҳокими тушунтириш хати ёзади

Ўрта Чирчиқ, Янгийўл, Паркент туманлари ҳокимлари деҳқон хўжаликлари учун қўшимча 100 гектардан ер майдони ажратиб бермагани учун тушунтириш хати ёзади. Қибрай, Янгийўл ва Чиноз туманлари ҳокимлари ўринбосарларига эса ҳайфсан берилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

13 март куни Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида ўтказилган «Ҳокимлик соати»да 3 нафар ҳоким ўринбосарига ҳайфсан берилади, 3 нафар ҳоким эса тушунтириш хати ёзадиган бўлди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда 2023 йилнинг биринчи чораги якуни билан бюджет тушунмлари прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, вилоятда деҳқон хўжаликларини ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси, шунингдек, вилоят ҳокимининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда қатор масъулларнинг фаолияти кескин танқид қилинди, айримларига нисбатан чора кўрилди, огоҳлантирилди. Хусусан, Қибрай туманида деҳқон хўжаликлари учун ажратилиши белгиланган 30 гектар майдон ҳалигача аукционга чиқарилмагани учун туман ҳокими огоҳлантирилди, унинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Тўйчиевга ҳайфсан интизомий жазоси берилди.

Янгийўл тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Л.Бадаловга нисбатан деҳқон хўжаликлари учун ажратилиши белгиланган 35 гектар ер майдонларини захирага олмагани учун ойлик маошининг 30 фоизи миқдорида жарима қўллаш бўйича таклиф киритилди.

Чиноз тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш. Мирсобировга нисбатан деҳқон хўжаликлари учун ажратилиши белгиланган ер майдонлари аукционга чиқарилишини етарли даражада назоратга олмагани сабабли ҳайфсан берилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

«Халққа ер ажратиб бериш ишларини пайсалга солган раҳбарлар билан муроса қилиб бўлмайди. Бу аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва фаровонлиги билан чамбарчас муҳим тарихий воқеа. Очиғи, бу борадаги ҳужжат ижроси Тошкент вилоятида сўзсиз бажарилди, дейиш ҳам аслида камлик қилади. Биз эҳтиёжлардан келиб чиқиб, яна қўшимча ер ажратишни ўйлашимиз керак. Токи ер оламан, деҳқончилик қиламан, деган аҳоли, биринчи навбатда, ёшларнинг шаштини қайтармайлик», деган Зойир Мирзаев.

Тошкент вилоятидаги қабристонлар учун қўшимча ер ажратиш бўйича берилган таклифларга асосан ҳукумат қарори лойиҳасини якунига етказиш топшириғи бажарилмагани учун вилоят ҳокимлигиининг тегишли котибияти мудири А.Акрамовга ҳам ҳайфсан берилди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ўрта Чирчиқ, Янгийўл ва Паркент туманлари ҳокимлари деҳқон хўжаликлари ташкил этиш бўйича қўшимча 100 гектардан ер майдонларини бугунги кунгача ажратиб бермагани юзасидан тушунтириш хати ёзадиган бўлган.

Бундан ташқари, мажлисда иш соатини мақсадсиз сарфлагани аниқланган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, таъсирчан чора кўриш тавсия этилган.

Мавзуга оид