Ўзбекистон | 10:36 / 06.09.2024
19536
9 дақиқада ўқилади

«Ҳар бир ходимга кунига 20 тагача протокол» – Тошкент вилоятида ЙҲХХ ходимларига мажбурий «план» қўйилмоқда

Kun.uzʼга мурожаат қилган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими қўпол қоидабузарликларни аниқлаб, жарима ёзиш бўйича ходимларга мажбурий «план» қўйилаётганини билдирди. ЙҲХХ ходими жарималар ҳисобидан устамалар бериш тизими ҳам ўзгарганини таъкидлаган. Ҳолатга изоҳ берган вазирлик расмийлари эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият белгилаш амалиёти бекор бўлганини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Kun.uz нашрига Тошкент вилоятида хизмат ўтаётган Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими томонидан шикоят келиб тушди. Унинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда ходимларга жарима ёзиш бўйича мажбурий “план” қўйилмоқда, жарималар ҳисобидан бериладиган устамалар миқдори 10 баробаргача камайган, чораклик мукофот пуллари эса берилмаяпти. Исми сир қолишини сўраган ходим, даъволарининг исботи сифатида Тошкент вилоятида хизмат ўтаётган ЖХХ ЙҲХБ ходимларига Телеграм мессенжери орқали берилган топшириқларни тақдим қилди.

Маълум бўлишича, ходимларга август ойида – қўпол қоидабузарлик, яъни маст ҳолда ёки тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқариш, рухсатсиз олд ойналар тусини ўзгартириш, сиренадан фойдаланиш, рулда телефондан фойдаланиш каби қоидабузарликлар учун кунига 10 тадан баённома ёзиш топширилган.

Телеграм гуруҳда берилган топшириқда хар бир ходимга кунига 20 тадан, уларнинг 10 таси қўпол қоидабузарликларни қайд этиш, шунингдек 2 та автомобилни жарима майдончасига олиб кириш бўйича ҳам топшириқлар берилмоқда.

Бундан ташқари «Тошкент вил ИИББ ЙҲХБ АДХ» профилидан «Отряд командирлари ва ЙХХБ бошликларига!» дея юборилган топшириқда умумий ва қўпол қоидабузарликлар 2023 йилга нисбатан 25 мингтагача камайиб кетганига «раҳбарият эътироз билдиргани» айтилади.

«Шу сабабли ҳар бир ходим иш натижаларини назоратга олиб, асосан қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ишлари кучайтирилсин. Ходимлар иш натижаларини ҳар 4 соатда сўровни қилиб туриш талаб этилади.

Иш натижаларини кўтариш бўйича 601 чи ҳам шахсан хар бирингиз билан гаплашди. Олдинда тадбирлар кўплигини инобатга олиб, 5-6 кун давомида иш натижалари кучайтирилсин», дейилади «раҳбарият» топшириғида.

ЙПХ ходимининг таъкидлашича, кун давомида “план”лар бериб, уларни бажаришни қаттиқ назорат қилаётган расмий шахс – Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов бўлади. Телеграм орқали юборилаётган шундай топшириқлар ҳам айнан «С.Н.Назирханов» профилидан узатилаётганини кўриш мумкин.

Фото: Тошкент вилояти ЙҲХБ бошлиғи 1-ўринбосари Сирожиддин Назирханов

Сирожиддин Назирханов профилидан юборилган яна бир топшириқда «АВТО ПАТРУЛ» рейд тадбири бўлишига қарамай маст ҳайдовчилар аниқланмаётгани, скутерлар ва велосипедлар, йўлни кесиб ўтаётган ёки бордюрдан сакраётган пиёда бўйича жараёнлар юборилиши кераклиги ҳақида сўз боради.

Шунингдек, ИИВ ЖХД ЙҲХХдан раҳбарларга келган «топшириқ»да эса ходимлар қўпол қоидабузарликларни аниқлаш билан бир қаторда – муддати ўтган қарздорликларни ундириш ва уларни вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш кераклиги айтилган.

ЙҲХХ ходимлари учун келган навбатдаги топшириқда эса 5 ва ундан ортиқ қоидабузарлик содир қилган ҳайдовчилар билан йиғилишлар ташкил қилиш буюрилган.

«Бугундан ҳар бир ЙПХ инспектори 5 нафар қоидабузар ҳайдовчини «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда муҳокама йиғилишларини ташкил этиб, маҳалла муҳри туширилган баённома расмийлаштириб, улардан келгусида ЙТҲнинг олдини олиш мақсадида тилхат олиш чоралари кўрилсин. Амалга оширилган ишлар ва тегишли ҳужжатлар кеч соат 20:00 га қадар 9*-***-02-02 телефон рақамига (pdf вариантда) Телеграм орқали ташлаб берилиши лозим», дейилади топшириқда.

Хабарда мазкур топшириқ ижросини бажармаган раҳбар ва кураторларга қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланиши таъкидланган.

ЙҲХБ ўринбосари талаб қилаётган яна бир “план” бу – йўлнинг чап қаторида ҳаракатланган юк машиналари ва эски транспорт воситалари бўйича қоидабузарликларни расмийлаштириш. Топшириқда, агар ЙҲХХ ходими хизмат олиб бораётган ҳудудда шу каби қоидабузарликлар қайд этилмаётган бўлса, ўзлари қидириб юришини, «1 тадан резултат берилганида ҳам, 20-40 атрофида» протокол бўлиши айтилган.

Kun.uz’га мурожаат қилган ЙҲХХ ходимининг яна бир шикояти инспекторларга иш ҳақига қўшимча тўловлар тўланмаётгани ва иш вақти белгиланган меъёридан ошиб кетаётгани билан боғлиқ.

«Доим кўчада туриб хизмат қиламиз, «сержант» унвонига эга шундай инспекторларнинг ойлиги 7,3 миллион сўм. Олдинлари ҳар бир ёзилган протоколимиздан 10 фоиз қисми бизга бериларди, шу билан ойликка 4-5 миллион сўм қўшилган. Бу ходимлар яхши ойлик олиб, пора олмаслиги учун қилинган эди. Лекин, 1 йилдан ошди, қўшимча пулни ёзган протоколимизга эмас, балки умумий сумма қилиб қўйди. Энди ойликка қўшимча 300 мингдан 500 минг сўмгача оляпмиз. Бундан ташқари, 2022 йил 3-чоракдан буён «кварталний» пулимиз ҳам берилмаяпти. У [чораклик мукофот пули – таҳр.] тахминан 1,8 миллион сўм атрофида эди.

Биз кун бўйи – иссиқда ҳам, совуқда ҳам кўчаларда хизмат қиламиз, лекин ёзган протокол пулларининг бир қисми энди «кабинетний отдел»га кетяпти. Мажбурий шунча қоидабузар топасан, деган топшириқлар ҳам жуда кўп. Масалан, мастларни аниқлайсан, қаердан бўлса ҳам топ, дейди. Кўчада маст ҳайдовчи бўлмаса, биз нима қиламиз?» – дейди исми сир қолишини сўраган ходим.

Бундан ташқари, ходим етарли дам олиш учун шароитлар йўқлиги сабабли оиласи ва болаларига вақт ажрата олмаётганини айтди.

«Дам олиш графиклари мавжуд эмас. Оила ва болаларимизга вақт ажратиш учун ҳеч қандай шароит берилмайди. Тошкент вилояти 1-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири подполковник Ж.Мирзабеков ҳар куни мажбурий 15-20 тадан иш натижа сўрайди. Ёзмаган ходимдан иш жойини бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда, дўқ-пўписа билан».

Қонунчилик нима дейди?

2018 йил 9 июлдан Вазирлар Маҳкамасининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини моддий рағбатлантиришга доир қарори кучга кирган. Дастлаб ушбу қарор билан Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси ташкил қилинган. Жамғарманинг маблағлари асосан жарималар суммасининг 10 фоизи ҳисобидан шакллантирилади. Бунга махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация техника воситаларида (радарлар орқали) қайд этилиб, ёзилган жарималар кирмайди.

Ҳукумат қарори қабул қилинган пайтдаги таҳрирда «Жамғарма маблағларидан фақат ДЙҲХХ ходимларини ҳар ой пул билан мукофотлаш учун фойдаланилади», – деган банд бўлган.

Шундан сўнг, 2019 йил август ойида қарорга киритилган ўзгаришга мувофиқ, жамғарманинг номи «Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси»га ўзгартирилади.

Шунингдек, жамғармани шакллантириш манбалари қаторига жарима суммаларининг 10 фоизидан ташқари, «автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома беришдан тушадиган маблағлар» ҳам қўшилади. Аниқ неча фоизи ёзилмаганидан хулоса қилиш мумкинки, «тонировка рухсатномаси» учун тўловларнинг 100 фоизи шу жамғармага кетмоқда.

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасига кўра, ички ишлар органлари ходимлари иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига қирқ соатдан ошиши мумкин эмас. Бу дегани 6 иш кунлик ҳафтада, кунига ўртача 7 соатдан, тўғри келади.

Шунингдек, қонунда, зарур бўлган ҳолларда ички ишлар органлари ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши, ушбу режимда ходимлар кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган ишларга жалб қилиниши мумкинлиги белгиланган.

Биз ҳолатга изоҳ олиш учун ИИВ ЖХД ЙҲХХга ходим шикоят қилган масалалар бўйича саволлар билан мурожаат қилдик.

Масъулларнинг қисқа жавобида “бугунги кунда эски тизимдан воз кечилиб, маъмурий баённома тузиш бўйича ходимларга мажбурият (план) белгилаш амалиёти бекор қилингани” айтилади.

Маълум қилинишича, ИИВнинг тегишли буйруғига асосан ЙҲХХ ходимларига маҳаллалар кесимидаги масъуллик ҳудуди бириктирилган. Мазкур буйруққа асосан ходимлар маҳалла раиси ва бошқа фаоллари билан ҳамкорликда такрорий қоидабузарлик содир этган ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказиши белгиланган.

ЙҲХХ ходимларнинг белгиланган иш вақти ва молиявий масалалар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилишини билдирди.

Агар ходим ҳуқуқи поймол қилинган деб ҳисобласа ўрнатилган тартибда юқори турувчи раҳбарларга мурожаат қилишлари мумкин”, - дейилади ИИВ ЖХД ЙҲХХ томонидан берилган изоҳда.

Мавзуга оид