Ўзбекистон | 17:05 / 26.02.2021
54774
2 дақиқада ўқилади

Фото: Наманган вилояти ҳокими яшайдиган контейнер

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов вақтинча яшаши учун Наманган шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалласида контейнер-уй тайёр бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласига кутилмаган ташрифни амалга оширган ва маҳалладаги аҳвол юзасидан мутасаддиларни кескин танқид қилган эди.

«Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Аҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз», деганди давлат раҳбари.

Кўп ўтмай вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ушбу маҳалла аҳолиси билан учрашиб, «Бунёдкор» маҳалласига кўчиб ўтишини маълум қилганди.

«Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнатилади ва унга «вилоят ҳокимининг уйи» деб ёзиб қўйилади», деганди у аҳоли вакиллари билан учрашувда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳоким ушбу маҳалла ҳудудида ерлар текисланиши, электр тармоқлари тортилиши, ободонлаштириш ишлари ўтказилиши, узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпилиши, маҳалла идораси эса қайтадан қурилишини, шунингдек, маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилишини маълум қилганди.

«Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши яшайдиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади», деган вилоят ҳокими.

«Халқ сўзи» ҳоким вақтинча яшаш учун кўчиб ўтадиган «вилоят ҳокимининг уйи» суратларини эълон қилди.

«Расмлардан кўриниб турибдики, барча қулайликларга эга контейнер ўрнатилиб, унинг атрофи девор билан ўралган, дарвоза қилиниб уй ҳовлисига фуқароларни қабул қилиш, суҳбатлашиш, мурожаатларини тинглаш учун махсус айвон ҳам қурилмоқда», дейилади хабарда.

Мавзуга оид