Ўзбекистон | 08:35
1347
1 дақиқада ўқилади

26 минг доллар эвазига Ҳажга юбормоқчи бўлган шахс қўлга олинди

Наманган вилоятида фуқароларни ноқонуний йўллар билан “Ҳаж-2026” зиёратига юборишни ваъда қилиб, катта миқдорда пул талаб қилган шахс тезкор тадбир давомида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, 1984 йилда туғилган шахс Чуст туманида яшовчи 4 нафар фуқарони муқаддас Ҳаж амалини адо этиш учун Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилган. У мазкур хизмат эвазига 26 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи сўралган пул маблағининг 6 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутахассислар фуқароларни “Ҳаж” зиёратини фақат расмий ташкилотлар орқали амалга оширишга, шубҳали таклифларга ишонмасликка чақиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид