Ўзбекистон | 20:35 / 24.08.2022
10471
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд марказида халқлар дўстлигига бағишланган музейлар очилади

Самарқанд шаҳрининг Алишер Навоий ва Шоҳрух кўчаларида жойлашган, XIX аср охири – XX аср бошларига оид бир неча обидалар музейга айлантирилади. Уларда миллатлараро дўстлик ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик мавзулари устувор бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев яқин ойларда бир нечта халқаро даражадаги тадбирларга мезбонлик қиладиган Самарқанд шаҳрида бўлиб, бу анжуманларга тайёргарлик жараёни билан танишди.

Расмий релизга айтилишича, Самарқанд шаҳрида XIX аср охири – XX аср бошларига оид обидалар кўп. Алишер Навоий ҳамда Шоҳрух кўчаларидаги шундай тарихий биноларда миллатлараро дўстлик ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликка бағишланган музейлар ташкил этиш режалаштирилган.

Президент бу режаларни маъқуллаб, музейларни мазмунан бойитиш, ҳамкор мамлакатлар билан яқин муносабатларни намоён этиш бўйича кўрсатмалар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

 

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Самарқанд туманидаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ҳудудида жойлашган Конгресс ҳолл ва меҳмонхоналарда яратилган шароитлар билан танишган.

“Меҳмонхоналарнинг иккитаси 5 юлдузли ва олтитаси 4 юлдузлидир. Конгресс холлнинг умумий майдони қарийб 6 минг квадрат метр. У 3 500 кишини қабул қилиш қувватига эга. Анжуманлар вақтида ишларни самарали мувофиқлаштириш учун ситуацион марказ ҳам ташкил этилган.

Президентимиз бу ерда хорижий делегациялар, икки томонлама учрашувлар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди”, – дейилади хабарда.

Шу билан давлат раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди, президент Тошкентга қайтиб келди.

Мавзуга оид