Жамият | 20:10 / 27.11.2025
24609
6 дақиқада ўқилади

“Зовурни ёпмоқчи бўлиб дарахтларга қирон келтиришди” – Бувайда туманидаги дарахткушлик тафсилоти

Фарғона вилояти Бувайда тумани Найман маҳалласидан ўтган Найман зовури атрофидаги дарахтлар кесилишига қарши бўлган экология инспектори Аҳрор Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров томонидан куч ишлатилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Зовур атрофида қанча манзарали дарахтлар йўқ қилинди? Ҳолат қандай юз берди? Kun.uz мухбири Бувайдада бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Найман қишлоғи аҳолисига кўра, қишлоқдан ўтган зовур 1950 йилларда қазилган бўлиб, зах тортиш вазифасини бажаради. Зовур атрофида кўп йиллик манзарали дарахтлар бўлган. “Dom stroy” МЧЖ раҳбари Нозимжон Собиров аҳоли қаршилигига қарамай, зовур ўрнида савдо иншооти қурмоқчи бўлиб, 100 тупга яқин дарахтни кесиб ташлаган.

Зовур кўмилса, деҳқончилик ўлади...

“Зовур зах сувларни тортиш учун 1950-1955 йилларда қазилган. Манзарали дарахтлар экологик ҳолатни яхшилаш учун шу зовур қирғоқларига экилган эди. 10-30 йиллик дарахтлар экология ҳисобида турарди. Тадбиркор бу ерда савдо иншооти қиламан деб дарахтларга қирон келтирди.

Қишлоғимизда 6 мингга яқин аҳоли деҳқончилик билан шуғулланади. Мана шу зовурнинг ҳисобига ер юзасига шўр чиқмай, қишлоғимизнинг зах сувлари шу зовурга чиқиб турарди. Ҳар бир хўжалик камида 50 миллион сўмлик кўчат етиштиради. Агар зовур кўмиладиган бўлса, деҳқончилик қилиб бўлмайди.

6 ноябр куни келган тадбиркорлар. Қурилишга қаршилик кўрсатиб, экология, ҳокимиятдан рухсат олиб, кейин қурилишни бошланглар, дедик. Улар қўлимизда лойиҳа турибди, рухсатимиз бор, ҳеч кимдан рухсат сўрамаймиз, деб ишни бошлашди”, дейди Абдуқаҳҳор Сатторов.

Абдуқаҳҳор Сатторов

Дарахтни бутайман деб белидан кесиб кетишди...

“Қабристонимиз зовурга яқин жойда. Ерни ковласангиз 2,5-3 метрдан сув чиқиб кетади. Агар зовур  кўмиладиган бўлса, 5-6 йилдан кейин шу сув 1,5 метрдан чиқади. Майитни 1,5 метр пастга қўйса, унинг тепасида айвони бор, тепасида 50 сантиметр қолади. Натижада қабристондан ҳам зах сув чиқиб кетади. Бу ҳолатни тепадагилар, қурилишни бошлаб қўйган тадбиркор ўйламаяпти. Дарахтларни бутаяпмиз деяпти-да, белидан кесиб кетяпти. Экология инспектори дарахт кесаётганнинг қўлидан аррани олиб қўйса, ҳоким ёрдамчиси унга қарши куч ишлатяпти”, дейди Исломжон Ашуров.

Исломжон Ашуров

Қаршилик қилсанг, қамаласан...

“Дарахтларга қирон келтириш бошланган пайтда тадбиркорга қаршилик қилдик. Тадбиркор эса маҳалламизнинг йигитларига босим қилди. Қаршилик давомли бўлганидан кейин ИИБга устимизда ариза топширди. Ҳокимиятга борсак, ҳоким қурилишга менинг ҳеч қанақа алоқам йўқ, бошқа ташкилот қарайди, деди. Эртаси куни ҳоким келиб қурилишга ким қаршилик қилса, қаматаман, деди. Ҳолатни видеога олмоқчи бўлсак, қаршилик қилишди.

Умумий ҳисобда 100 дан ошиқ дарахтни кесиб ташлашди. Экология бўлим бошлиғи Аҳроржон Ниёзов ва Қўқон шаҳар Миллий гвардия хизматчиси Ферузбек 6 ноябрдан бери шу ерда бўлиб, дарахт кесилишига фаол қаршилик қилишди. Тадбиркор эса дарахт кесаман, миллиард бўлса ҳам пулини тўлаб қўяман, деб туриб олди”, дейди маҳалла фаолларидан бири Жамшидбек Умматов.

Жамшидбек Умматов

Дарахт кесилишига фаол қаршилик кўрсатган Бувайда тумани экология инспектори Аҳроржон Ниёзов телефон орқали ҳолатга изоҳ берди.

Жавобгарликка тортсак ҳам тўхташмади...

“Дастлаб кесилган дарахт 26 туп эди. Унга чора кўргандик. Кейин яна 80 туп дарахт кесилди. 25 ноябр куни зовурга борсам дарахтларни яна арралаётган экан. Қўлидан аррасини олиб қўйдим. Кейин ҳамма кўрган ижтимоий тармоқларда тарқаган ҳолат юз берди. Ҳоким ўринбосари Сайиджон Хизиров тортқилаганида бўйнимдан енгил жароҳат олдим, экспертизада чиқди.

Бундан аввал аррачини 3 марта огоҳлантирган эдим. Лекин у қулоқ солмади. Дарахт кесиш учун экологиядан рухсат олинмаган. Тадбиркорни жавобгарликка тортсак ҳам тўхтамади”, дейди экология инспектори Аҳроржон Ниёзов.

Зовур кўмилмайдиган бўлди...

“Найман маҳалласидаги зовурнинг устига енгил типдаги дўконлар қуриш режалаштирилган эди. Зовур тўлиқ ишчи ҳолатда турарди. Хулосалар, техник шартлар олинган. 800 диаметрли қувур кўмилиб, зовур тўлиқ ишчи ҳолатда туриши ва устига енгил конструкцияли дўкон қурилиши режалаштирилган эди. Туман ҳокимининг топшириғига асосан қурилиш ишлари тўлиқ тўхтатилди. Экологияга етказилган зарарлар ҳисобланиб қопланади. Тадбиркор, қурувчи томонидан шошмашошарлик билан қурилиш ишлари бошлаб юборилган, ҳудудни очиб, дарахт кесилган.

Зовур Сирдарё сув ирригация тармоқлари экспедицияси балансида турадиган ҳавза ҳисобланади. Туман ҳокими ўринбосарига нисбатан учта модда билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб бориляпти. Туман ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров билан шартнома бир томонлама бекор қилинган”, дейди Бувайда тумани ҳокимлиги матбуот котиби Асадбек Шокиров

Асадбек Шокиров, Бувайда тумани ҳокимлиги матбуот котиби

Эслатиб ўтамиз, Бувайда туманида экология инспектори Аҳроржон Ниёзов аҳоли мурожаатига асосан манзилга бориб, ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаган. Сўнгра дарахтларни кесаётган шахсни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган. Воқеа жойида бўлган Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Сайиджон Хизиров эса экология инспекторига куч ишлатиб, уни четроққа олиб чиқишга уринган

Шундан сўнг Сайиджон Хизиров экология инспекторига зўравонлик қилиши ортидан лавозимидан озод этилди. Ҳоким ўринбосари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 3 та моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши тергови шахсан бош прокурор томонидан назоратга олинган.

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид