Жамият | 18:20 / 29.07.2019
41138
11 дақиқада ўқилади

Ғиждувон деҳқон бозоридаги бузилиш: ҳокимлик «олтин ўрталик»ни топиб, норози тадбиркорларга пешвоз чиқадими?

Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ўзининг бозори, тадбиркорлари, хизмат кўрсатиш соҳаси билан машҳур. Бу ердаги кийим-кечак ва деҳқон бозорига нафақат Бухоро вилояти, қўшни Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятидан ҳам одамлар харид қилгани келишади.

Туманда кийим-кечак бозори (халқ тилида — «Ипподром бозори») яқинда бошқатдан қуриб фойдаланишга топширилган эди. Энди «Ғиждувон деҳқон бозори» АЖ бузилиб, қайтадан реконструкция қилинмоқда, бозор ҳудудида улкан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Эски дўконлар ва расталар бузилмоқда, ўринлари текисланмоқда.

Албатта, бузилиш бор жойда норозиликлар вужудга келиши табиий. Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган тадбиркорлар ўзлари 16 йил аввал барпо этган дўконлари бузилиб, туман ҳокимлиги томонидан қониқтирувчи компенсация берилмаётганидан шикоят қилишди.

Kun.uz мухбирлари мазкур масалани ўрганиш учун Ғиждувон туманига боришди.

Маълум бўлишича, 2003 йилгача деҳқон бозори Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуаси олдида жойлашган бўлган. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, Абдухолиқ Ғиждувонийнинг 900 йиллиги муносабати билан бозор ўрнида боғ барпо этилиши сабабли, ободончилик ишлари амалга оширилиб, эски деҳқон бозори бузилиб, сал нарироққа — собиқ пахта тозалаш заводи ҳудудига кўчирилган.

Собиқ пахта тозалаш заводи ўрнида тадбиркорларга ерлар бўлиб берилган, улар Юсуф Ҳамадоний кўчаси бўйлаб ўз ҳисобларидан дўконлар қуришган.

Орадан 16 йил ўтиб, бозор бузилмоқда ва тадбиркорлар яна шу ташвишга мубтало бўлиб туришибди. Уларга алам қилмоқда. Тадбиркорлар орасида дўконини гаровга қўйиб, кредит олганлари ҳам бор. Шундай дўконлардан бирига банкдан огоҳлантириш ҳам ёпиштириб кетилган.

Таҳририятга мурожаат қилган тадбиркорларнинг аксарияти келгусида турли босимлар ва кўнгилсизликларга дучор бўлиши мумкинлиги важидан ўз исмларини ошкор этмасликни сўрашди. Бироқ, уларнинг айтишича, дўконлар учун берилиши ваъда қилинаётган компенсация пули уларни мутлақо қониқтирмайди. Уларнинг дўконлари бозор нархида эмас, туман ҳокимлиги ташаббуси билан ўта арзон нархда баҳоланмоқда.

Бу ерда гап қандайдир арзимас 20-25 миллион сўм ҳақида бормоқда. Ҳолбуки, дўконларнинг бозор нархи бузилгунга қадар 250-300 миллион сўм атрофида бўлган.

Тадбиркорлар бозорда янгидан барпо этилаётган дўконлардан уларга ҳам компенсация эвазига берилишини исташмоқда. Бироқ бузилаётган дўконларни паст нархга баҳолаётган ҳокимлик янги қурилган дўконларга жуда катта (бизга айтишларича, 400-450 миллион сўм атрофида) баҳо белгилаётгани, пулнинг 50 фоизи дарҳол тўлов қилиниши кераклигини айтиб, кўпчиликнинг бунга қурби етмаслигини, очиқчасига куйиб қолишаётганини изҳор этишди.

Тадбиркорларнинг яна бир эътирози: Ғиждувонда улгуржи савдо бозорига путур етиши мумкинлигида. Бизга мурожаат қилган тадбиркорларнинг барчаси «оптовик»лар бўлиб, улар доимо ёнма-ён савдо қилишган. Уларнинг улгуржи растаси бузилгудек бўлса, харидорларга бу ноқулайлик келтириб чиқаради ва савдога ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашларича, ҳокимлик уларга бозор ҳудудидан қурилаётган янги дўконлар учун тўлиқ тўлов қилишни талаб қилмоқда. Тадбиркорлар эса бузилаётган дўконларини баҳоловчи фирмаларга нархлатишган ва ҳокимликдан айнан ўша компенсацияни талаб қилишмоқда.

Бу машмашаларда тадбиркорлар турли инстанцияларга ҳам мурожаат қилишмоқда. Масалан, Ғиждувон туман прокурори Шерали Шодиев тадбиркорлар билан учрашиш учун келган вилоят бизнес омбудсмани Комил Кулиевни танимасдан, туман Ички ишлар бўлими бошлиғига «олиб бор буни», деб айтяпти. Кўриниб турибдики, омбудсман асло меҳмондорчиликка таклиф этилмаганди.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Ўктам Сойибов эса эътиборни ўзига қаратмоқчи бўлган қария онахонга қарата қайта-қайта «кийимимга тегма», деб ўшқиряпти. Ўша кийим (форма) ҳам, унинг маоши ҳам шундай тадбиркорлар тўлаган солиқ ҳисобидан эканлигини билармикан ҳурматли бошлиқ?

Халқ билан мулоқот қилиш бўйича давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан шунча кўрсатма ва топшириқлар берилган бўлса-да, туман ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг бундай муомаласи кишида ҳадик ва саволлар уйғотади.

Ғиждувон деҳқон бозори ҳудудида қурилаётган улкан савдо павильонида ҳокимликнинг қурилиш штаби ташкил қилинган экан. У ерда биз мазкур масала бўйича Ғиждувон туман ҳокими Мурод Умаров билан ҳам учрашдик.

Ҳокимнинг айтишича, собиқ пахта заводи ўрнида бозор барпо этилиб, дўконлар пала-партиш, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайдиган тарзда қуриб ташланган бўлган. Одамлар маҳаллий қурилиш маҳсулотлари, пахса ва хом ғиштдан дўконлар қуришган ва томларни қамиш билан ёпишган. Ҳаттоки собиқ пахта пресслайдиган цехда ҳам савдо олиб борилган.

Туман ҳокими бозорни реконструкция қилишга қарийб 150 миллиард сўм сарфланаётгани, бозор давлат бюджети маблағлари эвазига эмас, тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан реконструкция қилинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳоким тадбиркорларнинг барчаси билан музокаралар олиб борилгани, уларнинг бузилаётган дўконлари эвазига компенсация албатта тўланиши, улгуржи савдо қилиб келган тадбиркорларнинг барчасига дўкон ажратиб берилиши, бироқ ҳозирча янги павильон битмагани, эндигина котловани қазилгани учун дўконларнинг нархи қанча бўлишига ойдинлик киритишнинг имкони йўқлигини айтиб ўтди.

М.Умаровнинг таъкидлашича, Ғиждувон деҳқон бозорида реконструкцияга қадар 344та дўкон бўлган. Айни пайтда бозорда замонавий лойиҳа асосида тартиб билан қуриладиган дўконлар сони 384та бўлади. Бундан ташқари, аввал бозор ҳудудига машиналар кириб чиқиши қийин бўлган. Бозор атрофидаги йўлларда тирбандлик вужудга келган. Энди бутун бозор периметри бўйлаб автотураргоҳлар ҳам қурилади.

Бозорда қурилиш ишлари кетаётгани сабабли савдогарларга Ғиждувон шаҳрининг турли жойларида вақтинчалик савдо нуқталари барпо этишга рухсат берилганини айтиб ўтди.

Айни пайтда учта катта савдо павильонини битказиш ишлари амалга оширилмоқда. Павильонлар икки қаватли, шунингдек, ертўлали бўлади. Улар бир бирига боғланган, юқори қаватга эскалатор воситасида чиқилади.

Бозор ҳудудида 12та катта очиқ бостирма қурилади ва унинг остида қарийб 2000та савдо растаси бўлади.

Ғиждувон туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ахтам Аҳмедов тадбиркорларга фақатгина туман ҳокимлиги тайинлаган консалтинг фирмада бузилаётган дўконларни баҳолатиш зарурлигини айтиб, тадбиркорлар ҳокимлик томонидан тақдим этилаётган баҳолаш бўйича компенсация пулидан норози бўлишса, бемалол бу борада судга мурожаат қилишлари мумкинлигини ҳам таъкидлаб келмоқда.

А.Аҳмедовнинг Kun.uz мухбирига айтишича, дўконларини кадастр идорасида расмийлаштиришда тадбиркорлар солиқни кам тўлаш учун унинг кадастр қийматини турли йўллар билан атайлаб пастроқ расмийлаштиришган. Ҳозир кадастр қийматини тўғри ҳисоб-китоб қилиш натижасида сўнгги 5 йилдаги солиқ тўловлари қайта кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Туман ҳокими фақат 10 фоиз тадбиркорлар турли талабларни қўйиб қайсарлик қилишаётганини айтиб ўтди. Балким шу сабабли ҳокимлик маъмурий ричаглардан фойдаланишни мўлжаллаётгандир.

Лекин туман ҳокимлиги таклифига норозилик билдираётган ўша 10 фоиз тадбиркорлар ўз дўконларини Юсуф Ҳамадоний кўчаси бўйлаб, барча нормаларга риоя қилган ҳолда, йўлдан анча ичкарида, сифатли қурилиш материаллари (пишган ғишт, плита) билан, ертўлали қилиб қуришганини таъкидлашмоқда.

Тадбиркорлар яна бир қизиқ фактни айтиб ўтишди: дунёнинг исталган давлатига боринг — ҳеч қачон озиқ-овқат бозорлари кўп қаватли қилиб қурилмас экан. Ғиждувонда икки қаватли павильонлар қурилаётганининг ўзи лойиҳавий хато. Чунки ҳеч бир харидор бозор-ўчар қилган озиқ-овқат маҳсулотларини кўтариб, иккинчи қаватга чиқмайди. Шунинг учун Тошкентдаги улгуржи озиқ-овқат бозорларининг ҳам ҳаммаси бир қаватли.

Бунга исбот сифатида Янги бозорнинг бир қисми сифатида барпо этилган уч қаватли «Ғиждувон савдо мажмуаси»ни кўрсатиб ўтишди. Гарчи катта йўл устида — қулай жойда қурилиб, тадбиркорларга ижарага берилган бўлса-да, бу мажмуанинг юқори қаватларига деярли харидор чиқмас экан.

Тадбиркорларнинг ҳикоя қилиб беришларича, 2009 йилда улар қурган дўконлар жойлашган ер «Ғиждувон деҳқон (озиқ-овқат) бозори» АЖ ҳисобига ўтказилган ва шу даврдан бошлаб улар деҳқон бозорига ижара ҳақи тўлаб келишади. Лекин ҳеч кимга дўконлари бозор ҳисобига ўтказилгани учун акция тақдим этилмаган, шу пайтгача дивиденд берилмаган.

Ҳозир янгидан қурилаётган дўконларнинг якуний нархи ҳам аниқ эмас. Шу сабабли туман ҳокими бузилаётган дўконларга тўланадиган компенсация пули ва янги дўкон баҳоси ўртасидаги фарққа аниқлик киритишнинг имкони бўлмаётганини таъкидлаб ўтди.

Бироқ, янги дўконлар харид қилинадиган бўлса, у ҳам моҳиятан ижара асосида бўладими ёки тадбиркорларга бир умрлик қилиб хатлаб бериладими? Бу ҳам очиқ масала. Чунки бозор ҳудудида шахсий дўкон бўлиши қонунчилигимизга тўғри келмайди. Бозор акциядорлик жамияти экан, нега шу пайтгача тадбиркорларга киритган улушига кўра акция берилмаган. Умуман, бозорда акциядорлик жамияти иш юритуви талабларига риоя қилинганми? Бу ҳам алоҳида ўрганиладиган масала.

Kun.uz’га мурожаат қилган тадбиркорлар ўзларини ҳақ деб билишади. Чунки, уларга кўра туман раҳбарлари зўр шароит яратишни ваъда қиляпти, аммо бу тадбиркорларга қанчалик қимматга тушиши, неча киши хонавайрон бўлишининг ҳисобини ҳеч ким юритмаяпти.

Ўзингиз ўйланг: тадбиркорларнинг бузилаётган дўконлари ҳокимлик айтган консалтинг фирма орқали арзон-гаровга баҳоланиб, янги қурилаётганига осмон қадар нарх ўрнатилиши инсофданми?

Ғиждувонлик савдогарлар муаммолари айнан улар истагандек ҳал бўлишига, додларига кимдир қулоқ солишига ишонишларини, охиригача боришларини маълум қилишди.

Бу масалада, албатта, ҳар икки томонни қониқтирадиган «олтин ўрталик»ни топиб, келишиш мумкин. Ўйлаймизки, туман ҳокимлиги ва бозор маъмурияти тадбиркорларни норози қилишмайди ва уларга пешвоз чиқади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz махсус мухбири.

Мавзуга оид